Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда илмий фаолиятни ривожлантириш борасида сезиларли қадамлар қўйилди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларга юксак эътибор қаратмоқда. Бу ғамхўрлик самараси ўлароқ, илмий тадқиқотларни молиялаштириш ҳажми мунтазам ошяпти. Шунингдек, Web of Science ва Scopus маълумотлар базалари томонидан индексланган чет эл журналларида ўзбек муаллифларининг чоп этилган илмий мақолалари сони кўпаймоқда.

Жумладан, 2017-2018 йилларда маҳаллий олимлар томонидан Scopus базасидаги журналларда 1 минг 121 та илмий мақола чоп этилган бўлса, 2019-2020 йиллар мобайнида 2 минг 601 та мақола нашрлар юзини кўрди.

Мана шу ижобий ўзгаришларга монанд дунёда маҳаллий илм-фан натижаларининг ахборот тарғиботи тобора кучаймоқда. Ушбу тенденцияларнинг барчаси, шубҳасиз, ижобий характерга эга бўлиб, улар мамлакатимизнинг жадал ривожланишига хизмат қилади.

Босиб ўтиладиган узоқ йўлнинг бошида ҳозир жаҳон рейтингидаги мавқейига сезиларли даражада путур етган мамлакатларнинг аччиқ тажрибасини ҳам ҳисобга олиш зарур. Чунки фаннинг энг долзарб муаммоларидан бири — бу олимларнинг илмий ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслиги, жумладан, кўчирмакашлик, маълумотларни тўқиш, хаёлий илмий натижаларни шакллантириш мақсадида маълумотларни манипуляция қилишидир.

Дунё экспертлари томонидан Хирш индекси (h-index)ни исталганча ошириб кўрсатиш, олимнинг илм соҳаларига мос келмайдиган нашрлар, унча таниқли бўлмаган муаллифларнинг мақолалари ёки сохта журналлар, масофавий ўтказилган конференциялардаги тўпламларда чоп этилган мақолаларга ҳавола бериши кабиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу каби ҳолатларнинг барчаси табиий равишда фаннинг обрўсизланишига олиб келади.

Маълумот учун айтиш керакки, Хирш индекси нашрнинг сони ва ушбу нашрдан олинган иқтибослар сонига асосланадиган кўрсаткич бўлиб, олимлар гуруҳи, илмий ташкилот ёки бутун мамлакат маҳсулдорлигининг миқдорий тавсифи ҳисобланади.

Турли манбаларда Хирш индексини сунъий оширишнинг кулранг схемалари тавсифлари келтирилади. Мисол учун, марказлаштирилган ҳаволалар алмашинуви ва пулли ҳаммуаллифлик: муаллифлар ўзи тайёрлаётган мақола учун нархини кўрсатган ҳолда ҳаммуаллифликни ёки сиртқи конференцияларда қатнашишни таклиф қилади. Қатнашчининг тўлови маълумотлар базаларидан иқтибос олиш, мақоласи мунтазам политематик тўпламларда нашр этилишини кафолатлайди.

Аксарият ҳолларда мақола муаллифлари ўз рейтингини кўтариш учун муаллифлик мақолаларидан иқтибос келтиради ёки «иқтибослар фермаси»га мурожаат қилади. Бу «ферма»да олимлар гуруҳи бир-биридан оммавий равишда иқтибос келтиради. Бундан ташқари, кўпинча олимларни веб-сайтдаги нотўғри маълумотлар чалғитади ёки улар чет эл журналлари таҳририятининг нохолислигини илғай олиш учун етарли билим ва тажрибага эга бўлмайди.

Шу билан бирга, олимларимизнинг нашр эттириш фаоллиги пастлигини ҳам ҳисобга олишимиз даркор. Ўзбекистонлик олимлар илмий мақолаларни чоп эттириш фаоллиги бўйича ҳали-ҳамон Евросиё минтақаси давлатларидан ҳам, МДҲ ҳудудидан ташқаридаги давлатлардан ҳам ортда қолмоқда. Мисол учун, 2019 йилда Ўзбекистон номидан Scopus тизимида 1 минг 40 та илмий мақола этилган бўлса, Қозоғистон учун бу кўрсаткич 4 минг 906 та.

Олимлар энг кўп дуч келадиган муаммолардан бири таниқли илмий нашрларни ўз илмий ишларига қизиқтиришдир. Ижтимоий фанлар соҳасида фаолият юритадиган маҳаллий олимлар орасида ўтказилган қисқа сўровнома шуни кўрсатдики, уларнинг аксарияти етакчи илмий журналларда юқори талабга эга эмас. Бунинг сабаби, илмий мақолаларни тайёрлашда ўзларининг олдинги мақолалари ёки эскирган адабиётлардан фойдаланишларидир. Олимлар сўнгги йилларда чоп этилган етакчи журналлар ва тадқиқотлардан жуда кам иқтибос келтиради. Шу омилларнинг барчаси биргаликда уларнинг мавзулари ҳар доим ҳам Scopus ва Web of Science журналларида нашр этиладиган мақолаларнинг даражасига мос келмаслигига олиб келади.

Яна бир муаммо халқаро рейтинг журналларида нашр эттириш учун зарур бўлган мақола структурасини яхши билмасликдир. Аксарият олимлар ўз мақолаларида кўпинча адабиётларни кўриб чиқиш, маълумотларни барқарорликка текшириш ва шу каби бўлимларни келтирмайди. Замонавий эмпирик адабиётларда катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш, ахборотни таҳлил қилишнинг илғор илмий усулларидан фойдаланиш ҳамда адабиётни чуқур кўриб чиқиш даражаси сезиларли даражада ошди. Бундай элементларнинг йўқлиги мақолани нашр эттириш имкониятини сезиларли даражада камайтиради. Масалан, иқтисодиёт ёки социологияга оид мақолаларда аниқ ҳисоб-китобларни ўз ичига олган тўрт–саккизта жадвал бўлиши керак.

Чет эл журналлари ишнинг алоҳида қисмларини асослаган ҳолда аниқ структурани талаб қилади. Ҳатто мақолани хорижий журнал веб-сайтига, шу жумладан, Scopus ва Web of Science да кўриб чиқилган битта мақолани электрон шаклда юклашда ҳам кўпинча ишнинг ҳар бир қисмини алоҳида файллар кўринишида юклаш талаб қилинади. Аксарият олимлар рецензиялаш дастурлари бўйича, мақолалар тайёрлашда дастурлар билан ишлаш бўйича техник кўникмаларга эга эмас ва кўпинча журналларнинг талабларини инобатга олмайди.

Шунингдек, аксарият олимлар эмпирик тадқиқотлар ўтказиш учун зарур кўникмаларга эга бўлмайди. Эмпирик таҳлилда кўпинча дескриптив ёки корреляцион ёндашувлардан фойдаланади. Сўнгги ўн йилда илм-фанда таҳлилнинг янада илғор методларидан, масалан, General method of moments, Cointegration, Fixed effect and random effects ва бошқа методлардан фойдаланилган илмий мақолаларга талаб сезиларли даражада ошди. Бинобарин, оддийроқ таҳлил методларидан фойдаланиш илмий тадқиқотлар сифатини сезиларли даражада пасайтиради. Бу муаммога ечимлардан бири илмий таҳлилнинг чуқур методларини ўрганишдир.

Яна бир муаммо — бу мақолалар ёзишда инглиз тилини ўз йўналишида яхши билмасликдир. Яъни олимлар ўз соҳаси бўйича зарур илмий терминологияни мукаммал даражада билмайди. Мақолалар ёзишда илмий инглиз тилидан фойдаланиш кўникмаларининг етишмаслиги чет элнинг етакчи журналларида илмий ишни нашр этиш йўлини ёпиб қўймоқда.

Илмий ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ва нашр фаоллигини ошириш масалаларида аниқ тушунча ва чуқур хабардорликка эга бўлган Инновацион ривожланиш вазирлиги олимларимиз фаолиятини диққат билан кузатиб боради. Маҳаллий илм-фан учун репутацион хатарларнинг олдини олиш чораларини кўради. Сифатли тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини нашр этиш учун мувофиқ журналларни танлашни қатъий тавсия қилиб боради. Шу билан бирга, мамлакатда бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Амалий нуқтаи назардан, 2020 йил бошидан вазирлик томонидан жамиятимиздаги олимларга дунёдаги энг йирик илмий ноширларга, жумладан, SpringerLink (Springer Nature), Wiley (John Wiley & Sons, Inc.), Clinical Key (Elsevier) ва бошқа электрон платформаларга эркин кириш имконияти тақдим этилди. Мазкур платформаларда дунёнинг энг яхши олимларнинг нашрлари тўлиқ матнли шаклларда мавжуд. Ушбу компания вакиллари томонидан доимий равишда ўқув-семинарлар ва вебинарлар ўтказиб келинмоқда. Илмий мақолаларни рейтинги юқори бўлган журналларда нашр эттириш бўйича алоҳида маҳорат дарслари ташкил этилган.

Шунингдек, 2020 йил октябрь ойидан бошлаб Илмий-техник ахборот маркази Ўзбекистондаги ёш ва юқори ёш тоифалари асосида тадқиқотчилар учун билим ва амалиётни такомиллаштиришга қаратилган инглиз тили бўйича 3 ойлик English for Science ўқув курси лойиҳасини бошлади.

Лойиҳа доирасида UNESCO IsDB project UNESCO Global Observatory of Science, Technology and Innovation Policy Instruments towards strengthening inclusive Science, Technology, Innovation Systems for the Sustainable Development Goals, ўзбек олимлари томонидан илмий мақолалар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Scopus ва Web of Science маълумотлар базалари томонидан индексланган халқаро журналларда нашр этиш учун соҳа мутахассислари иштирокида веб-семинарлар ташкил этилди.

Александр ЦОЙ,

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги

Илмий-техник ахборот маркази директори