Унда Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари масъул ходимлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар иттифоқи ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва болалар иштирок этди.

Давра суҳбатида Янги Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ва изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар ҳамда эътибор қаратиш зарур бўлган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишида Ҳаракатлар стратегияси асосидаги ҳар йилги Давлат дастурларида болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли таълим олишларини таъминлаш ва қобилиятларини рўёбга чиқариш юзасидан комплекс чора-тадбирлар белгиланиб, қайд этилган вазифалар бажарилиб борилмоқда.

Бундан ташқари, давра суҳбатида мамлакатимизда Болалар Омбудсмани институти фаолият бошлагани ҳамда болалар меҳнатига мутлақо чек қўйилгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилгани таъкидланди.

Болалар таълимининг узулуксизлигини таъминлаш ва сифатини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан мактабгача таълим, халқ таълими ва Олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепциялари тасдиқланди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан «Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури» тасдиқланди. Унда вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги давлат маълумотлар базасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишда қонунчилик талаблари, қонун бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан белгиланган жавобгарликни кучайтириш, 2021-2026 йилларда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бола ҳуқуқлари тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни бажариш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш сингари долзарб вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилган.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида 6 – 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни «A» витамини билан ва 2 – 10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминлаш белгиланган.

Республика бўйича 3-4 ёшдаги барча болаларни полиомиелит касаллигига ва 12-13 ёшдаги барча ўсмир қизларни саратонга қарши эмлаш ишлари учун 1 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилган.

Қолаверса, жорий йилда меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож 900 нафар чин етим битирувчилари уй-жой билан таъминланади.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиб, унинг мақсадлари амалга оширилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади. Фарзандликка олиш амалиёти ўрганилиб, соҳа бўйича ҳуқуқий асослар қайта кўриб чиқилади.

Жаҳон банки, ЮНИСEФ кўмагида боланинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш ҳамда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели жорий қилинади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Давра суҳбати давоми билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида тегишли тавсиялар тайёрланди.