Сенат Раиси ялпи мажлис йиғилиши олдидан барчани Наврўз байрами билан табриклади. Ўзбек пахтасига қўйилган байкотнинг бекор қилиниши, унинг аҳамияти, бу борада олиб борилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
17-19 март кунлари бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги, “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги каби бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунлари кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича ахбороти кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш масаласи ҳам ялпи мажлис кун тартибидан ўрин олган.