Битирувчилар Германияда доимий муносиб иш ўрнига эга бўлади.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “OPASCA GmbH” компанияси бош директори Алексей Свердловни қабул қилди.

Учрашувда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида Германия билан 2+1 қўшма таълим дастури доирасида ташкил этилаётган “Ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналиши фаолиятини самарали йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил 25-30 июль кунлари Германияга ташрифи давомида тиббиёт соҳасида Мангейм университети клиникасида эришилган келишувларнинг натижаси бўлган бу лойиҳа, “OPASCA GmbH” компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириляпти.

Келишувга кўра, “Ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналиши талабалари икки йил Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида таълим олишгач, бир йил Германиядаги Мангейм университети клиникаси академиясида таҳсилни давом эттиради. Таълимни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга Германияда тан олинадиган диплом ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг давлат намунасидаги дипломи тақдим этилади. Талабалар ўқишни тамомлагач Германия тиббиёт муассасаларида доимий муносиб иш ўрнига эга бўлади.

Ҳар ўқув йилида қўшма таълим дастури доирасида ташкил этиладиган “Ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналишига 150 та қабул квотаси ажратилиши режалаштириляпти.

Мулоқот давомида шунингдек, вилоят тиббиёт тизимини ривожлантиришда Германиянинг илғор тажрибасини жорий этиш, фарғоналик шифокорларнинг Германияда малака ошириш ва тажриба алмашинишларини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

.