Давлат сиёсатининг ушбу йўналишида олий таълим муассасалари институционал салоҳияти, бошқарув самарадорлиги ва ташқи академик ишонч масалалари устувор аҳамият касб этяпти.
Бунга Фарғона давлат университетидаги фаолиятим мобайнида ўзим гувоҳ бўляпман. Жумладан, 2021 йилдан буён университетимизда молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, инфратузилмани босқичма-босқич ривожлантиришга қаратилган тизимли чоралар кўрилиши натижасида ўша йили 241 миллиард сўм бўлган университет бюджети 2025 йил якунига келиб, 537 миллиард сўмга етди. Бу кўрсаткич олийгоҳ имкониятлари кенгайгани, таълим ва илмий муҳитни замон талаблари асосида янгилаш учун пухта замин ҳозирланганини англатади.
Шунингдек, инфратузилма ривожи таълим йўналишлари ва илмий фаолият кўлами билан ҳамоҳанг кечди. Пировардида факультетлар сони 8 тадан 12 тага, кафедралар 40 тадан 51 тага, таълим йўналишлари 60 тадан 82 тага, магистратура мутахассисликлари 34 тадан 41 тага етказилди. 7 та илмий ва 28 та ўқув лабораторияси ташкил этилиб, қўшимча ўқув бинолари ҳамда талабалар турар жойлари барпо этилди.
Илмий муҳитни кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчиларни рағбатлантиришга қаратилган аниқ механизмлар йўлга қўйилди. Натижада диссертация ёқлашлар сони 51 тадан 126 тага етиб, илмий салоҳият 26 фоиздан 62 фоизга кўтарилди.
Ҳозир университетда маҳаллий ва халқаро грантлар доирасида илмий тадқиқот ва инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Таълим сифатини ошириш мақсадида етакчи ОТМларнинг 300 талик рўйхатидаги университетлар тажрибаси асосида 454 та ўқув дастури такомиллаштирилди. Электрон кутубхона базаси 95 фоизгача кенгайтирилди, ўқитиш жараёнида рақамли ечимлар жорий этилди.
“Яшил олийгоҳ” ташаббуси доирасида университет биноларига қуёш панеллари ўрнатилиб, барқарор ривожланиш тамойиллари амалиётга татбиқ этилди. Университетда умумий қиймати 2 миллиард 298 миллион сўмлик 19 та маҳаллий, 3 та халқаро ва 1 та стартап лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу кўрсаткичлар ёшлар ташаббуслари фаол қўллаб- қувватланаётгани, илмий-инновацион экотизим шаклланаётганидан далолат беради. Талабалар ютуқлари ҳам эътиборга молик. 207 талабамиз турли чемпионатларда ғолиб бўлди.
Институционал ислоҳотлар халқаро баҳолаш тизимларида ҳам ўз аксини топмоқда. 2025 йилда Фарғона давлат университети QS институционал баҳолаш тизимида 4 юлдузли сертификатга эга бўлди, QS Asia рейтингида 901-950 оралиқда қайд этилди. Шунингдек, UI GreenMetric халқаро рейтингида дунё миқёсида 327-ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, университетимиз 2025 йилда қатор йирик халқаро илмий форумларга мезбонлик қилиб, минтақада академик мулоқот ва ҳамкорлик географиясини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшди.
Умуман олганда, Фарғона давлат университети тажрибаси олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар изчил, институционал барқарор ва халқаро ишонч асосида амалга оширилганда қисқа муддатда аниқ натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади. Бундай ёндашувлар миллий олий таълим тизимининг рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Aзиза БОЗОРБОЕВА,
Фарғона давлат университетининг
халқаро ҳамкорлик бўйича проректори
Ҳамкорлик материали