Олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари Давлат тест марказининг abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн қабул қилинади. Онлайн ҳужжат топшириш учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами – ЖШШИР) киритиш талаб этилади. Шу боис 16 ёшга тўлган битирувчилар ўз вақтида паспорт (ID карта) олишлари зарур.

Жорий ўқув йилида Тошкент вилоятидаги 886 та умумтаълим  мактабларини 30 минг 600 дан ортиқ ўқувчи битиради. Олий таълим муассасаларига қабул бошланишига оз вақт қолаётганига қарамай, 11-синф битирувчилари орасидан юзлаб ёшлар аллақачон 16 ёшга тўлган бўлса-да, ҳали ID-карта олмаган. Қабул кунларига яқин қолганда ID-карта олишга  узундан узоқ навбатлар кузатилиши мумкин. Шу боис ота-оналарга сўнгги кунларга қолдирмай, тезроқ фарзандларининг ID-карта олишини таъминлашлари тавсия этилади.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Зангиота туман, Нурафшон, Чирчиқ ва Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари марказларида шахсни тасдиқловчи ID-карта бериш жорий қилинди. Хизматлар экстерриториаллик тамойили асосида (рўйхатда турган жойингиздан қатъий назар) тақдим этилади.

Бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ID-карта олишда ИИБга мурожаат қилиш мумкин

Жасур Қаюмов,

Тошкент вилояти адлия бошқармаси

 бўлим бошлиғи