Мутахассислар ўпка саломатлигини асрашга мадад берувчи маҳсулотлар рўйхатини тузишди. Шулардан бири олма экан. У нафас олиш тизими хасталикларини юзага келиши хавфини камайтиради. Нафас олишни енгиллаштиради, ўпка фаолиятини яхшилайди, уни саломатлигини асрайди. Айниқса, пандемия даврида коронавирусдан ҳимоя қилар экан.

Олманинг кимёвий таркибида дармон-дорилар – С, Д, В2, В6, В15, РР, каротин, Е, биотин, фолат кислота кабилар, кичик ва катта маъданлар – темир, калий, мис, кобальт, фосфор, йод, магний, натрий, олтингугурт, альюминий, ванадий, молибден, фтор, хром, рух сингарилар мавжуд. Бундан ташқари, қанд, крахмал, пектин моддалари, органик кислоталар (олма, лимон, хлороген кислоталар) бор.

Энг аввало, олма заиф меъда, ичакни қувватлантиради, хамир ичида пиширилгани иштаҳани яхшилайди. Киши танасидаги зарарли иллатларни йўқотади. Камқонликда, дармон-дори етишмовчилигига ажойиб малҳамдир. Бунда ҳар куни 3-5 дона олмадан 3 маҳал истеъмол қилиш тавсия этилади. Таркибида фойдали маъданлар бисёрлигидан у юрак-томир, жигар, ошқозон хасталикларига чалинган беморларга олма малҳами яхши наф беради.

Олмани юнонлар “ёшлик қуввати” дейишади. Тиббиётда олма паришонхотирликка қарши дори экан. Шунингдек, олма иштаҳани очади ва қабзият (ич қотиш)нинг олдини олади. Бунда олма пўсти арчилмасдан таомдан олдин қабул қилинади.

 Олма кишига хушнудлик бахш этади, хурсанд қилиш хусусияти бор. Умуман олганда, ҳамма турдаги олма меваси истеъмоли, танага роҳат бағишлайди, юрак, жигар ва мияни бақувват қилади. Ҳаттоки, олмани ҳидлаш ҳам кишига роҳат бағишлайди. Жисмоний қувватни оширади.

Агар пишириб ейилса, қуруқ йўталга дармон бўлади. Нордон олмани хамир орасига ўраб, оловда пишириб истеъмол қилинса, қон аралаш ичкетарни тўхтатади. Сил ва тананинг озиб кетишига дармон бўлади. Олма қоқини туйиб анор суви билан ейилса, ошқозонга қувват бағишлайди, сафроли ичкетарни боғлайди ва қайт қилишни бартараф этади. Бундан ташқари, олма гипертония (қон босими меъёридан ошиши) хасталигида ижобий самара беради. Ширин олма сурункали қулунжга (колит, йўғон ичак яллиғланиши) мубтало бўлган кишиларга фойдалидир. Олма пешоб ҳайдовчи таъсирга ҳам эга. Шу хосияти билан у танадан щавель кислотасини чиқаришда фойда қилади. Шу боис, узоқ вақт мобайнида олмани истеъмол қилиш (пўстини ажратмай) подагра ва пешоб-тош хасталикларда шифо ато этади.