2022 йил октябрь ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан саноат миқёсида табиий газ ва газ конденсати оқими олинган “Янги Олот” конини ўзлаштириш мақсадида узунлиги 11,2 километр бўлган газ қувури қуриб ишга туширилганди. Мазкур кондаги қудуқлардан қазиб чиқариладиган табиий газни узатиш мақсадида “Янги Олот” конидан “Ғарбий Тегирмон” конигача 11,2 километр узунликда диаметри 168 миллиметрли газ узатиш қувури ўрнатилган.

Углеводород захираларини ўстириш дастури доирасида айни янги йил арафасида Олот туманида “Мойқудуқ” газ кони ҳам ишга туширилди. Бу масъулияти чекланган жамияти — “Олот нефт ва газ қидирув эксплуатацияси” жамоасининг якунланган йилдаги самарали меҳнати натижаси бўлди.

Бухоролик ерости бойликларини изловчилар мазкур кон жойлашган 2140 метр чуқурликдаги 1-қудуқда бурғилаш ишларини 2022 йил сентябри ўрталарида бошлаб юборган эди. Жараён тезкорлик билан олиб борилди. Шундан сўнг бу манбада геофизик тадқиқотлар ўтказилиши баробарида, истиқболли қатламларнинг табиий газга маҳсулдорлигини баҳолаш мақсадида синов-ўзлаштириш тадбирлари ҳам бажарилди.

Ниҳоят, газконденсат объекти Янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мазкур конда 1 миллиард 700 минг куб метр табиий газ захираси мавжуд. Бундан ташқари, у анча миқдорда газ конденсати хомашёсига эгалиги тахмин қилинмоқда. Янги манбадан кунига 60 минг куб метр газ ва 2,3 тонна газ кондансати қазиб олинмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” ахборот хизмати маълумотига кўра, тизимда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кон ҳудудида навбатдаги қудуқни бурғилаш ишлари давом эттирилади.