Бухоро вилояти Олот туманидаги «Двойник» «Икки даҳа» («Двойник») сув тозалаш иншоотида Бухоро вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган брифинг, шунингдек, пресс-тур ўтказилди. Маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Бу ҳақда Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
2010-2016 йилларда вилоят аҳолисининг тоза сув билан таъминланганлик даражаси 48,8 фоиздан иборат бўлган. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро вилояти аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилган йирик лойиҳалар туфайли айни кунга келиб қарийб 2 миллионлик воҳа аҳолисининг 70 фоизи марказлашган тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқда. Яъни сўнгги беш йил давомида бу соҳада 20 фоиз ўсишга эришилди. Бу албатта ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ.
Жумладан, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш борасида 5 та йирик лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 3 таси ниҳоясига етказилди. Натижада Бухоро шаҳри ҳамда Бухоро, Ромитан, Вобкент, Ғиждувон, Пешку туманлари марказларида 412 минг аҳоли ичимлик сув таъминоти ва сифати яхшиланди.
Шунингдек, Жаҳон банкининг қиймати 139,0 млн доллар бўлган кредити асосида Қоракўл ва Олот туманларининг 230 минг аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси жорий йилнинг 3-чорагида тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Қоракўл ва Олот туманларини асосий сув манбаси ҳисобланадиган «Икки даҳа» («Двойник») сув тозалаш иншооти эса 1975 йилда қурилган бўлиб, суткасига 12 минг метр куб сувни тозалаш қувватига эга бўлган. Бироқ қурилганидан буён модернизация қилинмаганлиги сабабли маънан эскирган.
Иншоотдан аҳолига борадиган сув сифати истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Ҳозирги кунда у Ўрта Осиё давлатларида аналоги йўқ иншоот ҳисобланади. Унинг кунлик ичимлик суви етказиб бериш қуввати 50 минг куб метрга оширилди.
Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 96,04 млрд сўм маблағ эвазига 295 км ичимлик суви ва оқава тармоқларини ҳамда 11 та сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 39,9 млрд.сўм маблағ эвазига 142,7 км сув тармоқлари ва 7 та сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, аввалги йилларда ичимлик суви тармоқлари фақатгина аҳоли яшаш пунктларигача келтирилган. Жорий йилдан эса ичимлик суви тармоқлари аҳоли хонадонларигача тортилиб, сув ўлчагичлар ўрнатиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.