Бу Санкт-Петербург давлат университети, Россия Фанлар академияси Геология-минералогия институти Сибир бўлими ва Олтой давлат университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида аниқланди.

Қайд этилишича, 2010 йилгача дала тадқиқотлари олиб борилган Катта Маашей музлиги йилига 6-7 метрга қисқарган. Энди у ҳар йили ўртача 14 метрга чекинмоқда.

Географлар бир қатор тадқиқот усулларини олиб бориш орқали шундай хулосага келишди. Улар ўтган асрнинг биринчи ярмидан бошлаб музликларни ўрганиб, ҳудуднинг турли йиллардаги сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилишди. Шунингдек, тизма ҳудудидаги ҳарорат ва ёғингарчилик динамикаси ҳам ҳисобга олинди.

Музликларнинг эриши тоғ экотизимига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлашди олимлар. Музликларнинг эриб кетиши тоғлардаги бўш жинсларнинг эрозиясини келтириб чиқариши, бу эса ўз навбатида, кўчкиларни юзага келтириши мумкин.

Бу йил Антарктидада сўнгги 44 йилдаги энг кам денгиз музлиги қайд этилди. Шу билан бирга, жаҳон океани сатҳи ҳам кўтарилди. NASA сўнгги 30 йилдаги сунъий йўлдош маълумотларини таҳлил қилиб, 1993 йилдан бери денгиз сатҳи тўққиз сантиметрдан кўпроққа кўтарилган деган хулосага келди, деб хабар беради aif.ru.