2022 йилнинг 8 ойи давомида Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 166 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг 8 ойида жами 8 742 тани ташкил этган. Жами мурожаатларнинг 5,4%, яъни 495 таси Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларига юборилган.
Мурожаатларнинг 14,2% фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига оид, 33% ижтимоий ҳуқуқларига оид, 25,8% иқтисодий ҳуқуқларига оид, 15% сиёсий ҳуқуқларига оид ва 1% экологик ҳуқуқларга тегишлидир. Мурожаатларнинг 53 таси, яъни 0.6% хориждан келиб тушган бўлиб, шулардан 16 таси хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманларидан келиб тушган. Жами келиб тушган мурожаатларнинг 1 753 таси, яъни 26%, назоратга олинган мурожаатларнинг эса 88,4 % ижобий ҳал этилган.
Омбудсман томонидан 2022 йил 8 ой давомида фуқароларнинг манфаатларида ташкилотларга 52 та таъсир чоралари қўлланилди. Бу кўрсаткич 2021 йил 8-ойлигида 38 тани ташкил этган. Бу йилги 52 та таъсир чоралари сифатида давлат органлари ва ташкилотларига 9 та тақдимнома ва 27 та Вакил хулосаси ҳамда судларга 26 та ариза киритилди. Омбудсман Котибияти ходимлари томонидан суд мажлисларида 32 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этилди.
Фуқароларнинг манфаатлари ва мажбуриятлардан, жумладан, қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ва бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 143 млн сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундирилган. Бундан ташқари, 31 млн сўмдан ортиқ алимент тўлови ундирилиши таъминланган.
Фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича ундирилган жами сумма – 163 млн 450 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, 4 нафар фуқаро ишга тикланган, 2 нафар фуқаро иш билан таъминланган.