Шу каби ҳолат 2022 йил 21 сентябрь куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани Зиё — Шифонур кўчалари кесишмасида кузатилиб, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Унда йўлнинг транспорт ҳаракатланадиган қисмида амалга оширилаётган тузатиш ишлари давомида йўлнинг бир қисми ёпиб қўйилгани ва тегишли махсус белги билан айланиб ўтиш лозимлиги кўрсатилган. Бироқ айланиб ўтиш оқибатида ҳайдовчилар йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш томонига ўтишларига тўғри келган. Бу эса махсус камераларга муҳрланган ва ҳайдовчилар жаримага тортилган.

Жаримадан озод этиш ички ишлар органларининг ЙҲХ бўлимлари томонидан эмас, судлар томонидан кўриб чиқилиши ижтимоий тармоқда кўпчилик фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш ва уларга адолатли муносабатда бўлишга асосланган. Юқоридаги ҳолат эса ҳайдовчиларнинг ортиқча харажат қилишига ва оворагарчилигига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Унда ушбу ҳолатларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида таъмирлаш ишлари ҳақида фуқароларни олдиндан хабардор қилиш ва уларнинг мазкур сабабларга кўра жаримага тортилишининг олдини олиш чораларини кўриш сўралди.