Банкларга ишонч масаласи улар пайдо бўлгандан буён долзарб. Бугунги дунё ўзининг кескин силкинишлари, ахборот хуружлари, замонавий технологияларнинг тез суръатда ҳаётимизга кириб келаётгани билан ажралиб турибди. Геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришлар жаҳон банк-молия секторига ҳам таъсирини ўтказяпти ва тизим олдига улкан вазифалар қўймоқда.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, хизматлар бозори ҳажмини ошириш ва соҳада рақобатни ривожлантириш вазифаси қўйилган. Айнан ушбу вазифани ҳал этишдаги муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири сифатида 2025 йил 18 февралда қабул қилинган «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонунни келтириш мумкин. Чунки ушбу қонунда қатор ижобий ўзгаришлар назарда тутилган. Жумладан, давлат жисмоний ва юридик шахслар депозитининг 200 миллион сўмгача қисмини кафолатлайди — жисмоний ва юридик шахсларнинг омонати давлат томонидан ҳимояланади. Илгари фақат фуқароларга татбиқ этилган кафолат энди бизнес учун ҳам амал қилади. Омонатни қайтариш муддати 83 кундан 7 кунгача камайтирилади: 2026 йил 1 январдан 15 кун, 2027 йил 1 январдан эса 7 кун бўлади. Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этилди. Банк тизимидаги барқарорликни таъминлаш учун янги институт иш бошлайди. Бу эса банкларга ишончни янада мустаҳкамлайди.

Халқаро миқёсда омонатларни кафолатлаш тизими бошқа мамлакатларда турлича амалга ошириб келинмоқда. Қуйида баъзи давлатларда омонатларни кафолатлаш тизими томонидан кафолатланадиган маб­лағлар миқдорининг таққослама кўрсаткичини келтирамиз:

Мисол учун, бу миқдор АҚШда — 250 минг доллар, Германияда — 100 минг евро, Японияда — 10 миллион иена (тахминан 70 минг АҚШ доллари), Канадада — 100 минг Канада доллари (тахминан 75 минг АҚШ доллари), Россияда — 14 минг 300 доллар (186 миллион сўм), Украинада — 20 минг доллар (260 миллион сўм), Молдовада — 10 минг 700 доллар (139 миллион сўм), Беларусда — 10 минг доллар (130 миллион сўм), Сербияда — 16 минг доллар (208 миллион сўм), Чехияда — 13 минг доллар (169 миллион сўм), Литвада — 15 минг доллар (195 миллион сўм), Эстонияда — 18 минг доллар (234 миллион сўм), Болгарияда — 17 минг доллар (221 миллион сўм) ва Руминияда — 15 минг 500 доллар (202 миллион сўм).

Ушбу маълумотлардан Ўзбекистонда белгиланган кафолат миқдори минтақадаги асосий мамлакатларда жорий этилган меъёрларга мос келиши ва иқтисодиётнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилгани кўриниб турибди.

Мазкур қонунда кўзда тутилган янги тартибларнинг мамлакатимиз банк тизимига нисбатан баъзи ижобий жиҳатларига эътибор қаратиш лозим. Аввало, банк тизимига ишонч мустаҳкамланиши ­омонатларнинг банк секторида узоқ муддат сақланишини таъминлайди. Омонатларни қайтариш муддати қисқартирилиши мижозлар учун пул маблағига талабни тезкор қондириш имкониятини пайдо қилиш баробарида банклар билан узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Шунингдек, олдинги тартибда кўзда тутилмаган юридик шахслар ва тадбиркорлар учун кафолат механизмлари жорий этилиши туфайли мамлакатда бизнес муҳити яхшиланади ва кредит ресурсларидан фойдаланиш натижадорлигига хизмат қилади. Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этилгани ушбу йўналишда тизимли назорат ва хавфларни бошқариш самарадорлигини оширади. Бундан ташқари, банк тизимидаги молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг омонатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро тажрибадан маълумки, депозитларни кафолатлаш тизими мавжудлиги банк сектори барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, АҚШда 1933 йили Федерал депозитларни суғурта қилиш корпорацияси ташкил этилгач, банклардан омонатларни ёппасига олиб чиқиб кетиш муаммоси сезиларли даражада камайган.

Германия тажрибасига кўра, омонатларни кафолатлаш тизимининг муваффақиятли фаолияти банк секторининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади. Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган сўнгги қоидаларга мувофиқ, 100 минг евро миқдорида кафолатлаш тизими жорий этилган бўлиб, бу турли молиявий инқирозлар даврида омонатчиларнинг банк тизимига ишончини сақлаб қолишда жуда муҳим.

Ҳар қандай мамлакатда банк тизимига ишонч, аввало, давлатга ишончни таъминлайди. Банклардаги омонатни ­ҳимоя қилиш кафолатларининг тўғри йўлга қўйилиши аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тизимга ишончини янада ошириш, банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, банклараро рақобатни кучайтириш ва турли молиявий инқирозларнинг олдини олишда муҳим механизмдир.

Ўзбекистон учун омонатларни самарали ҳимоя қилишни кафолатлаш тизими жорий этилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Ҳуқуқий томондан мустаҳкам кафолатланган омонат тизими орқали аҳоли ва бизнес ­субъектлари ўз маблағининг банкларда хавфсиз сақланишига ишонч ҳосил қилади. Бу эса банкларга узоқ ва барқарор муддатли депозитларни жалб қилиш имконини ­беради. Шу билан бирга, депозитларнинг юқори даражада ҳимоялангани банклардан маблағларнинг оммавий олиб чиқиб кетилиши хавфини камайтиради. Шунингдек, банкнинг ликвидлилигини сақлаш ва молиявий инқирозлардан ҳимояланиш механизмларини янада кучайтириш имконини беради. Бунинг натижасида банк секторидаги барқарорлик ва инвестициявий жозибадорлик ортади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон иқтисодиётининг узоқ муддатли барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.

Исроил ЖЎРАЕВ,

иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори