Тил – инсон қалбининг кўзгусидир. Унда нафақат инсон қалби, балки ўша халқнинг ўтмиши, бугуни, келажаги, маданияти ва бошқа бир қанча жиҳатлари ҳам акс этиб туради. Бежизга биз тил сўзига она сўзини эгизак қилиб айтмаймиз. Шунинг учун ҳам биз уни онамиздек қадрлашимиз, эъзозлашимиз, сақлашимиз ва келажак авлодга соф ҳолда етказишимиз лозим. Тил инсоннинг либосидир. Бу либосни қандай кийиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Баъзи инсонлар оддий либосни ҳам гўзал қилиб, яраштириб кияди. Баъзи инсонларда эса ҳар қандай гўзал либос ўз кўркини йўқотади. Тил – қалб таржимони. Чунки ҳар бир сўз, энг аввало, қалб торларида чертилади. Сўнгра сўзларда жилоланиб тингловчига етказилади.

Мана ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига ўттиз икки йил тўлди. Бу қисқа вақт ичида тилимизда жуда катта ўзгаришлар, юксалишлар рўй берди. Ўзбек тилининг икки томли изоҳли луғатидан сиқиб чиқариб ташланган маънавият, маърифат, қадрият, ибо, ҳаё ва бошқа бир қанча ўзлигимизни англатиб турадиган сўзларимиз, истиқлолимиз шарофати ила нашр этилган  беш томли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилган. Бу барчамиз учун қувончли ҳолат. Тилимизнинг бошқа тилларга қараганда қанчалик бой тил эканлигини ХV асрдаёқ Ҳазрат Навоий ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари орқали исботлаб кетган. У кишининг “Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз” деган фикрлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, балки биз учун дастуруламал вазифасини ўтаб келмоқда. Аммо бу фикрга барчанинг бирдек амал қилмаслиги танамиздаги оғир ва юқумли касалликка ўхшаб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият” эканлигини ҳар бир инсон қалбдан ҳис қилмоғи даркор.

Ҳаммамизга маълумки, дунёда етти мингга яқин тил бор, аммо шуларнинг икки юзтасигина давлат тили мақомига эга. Уларнинг орасида ўзбек тилининг борлиги эса тилимизнинг нақадар буюклиги, жозибадорлиги, жаҳон ҳамжамиятида ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга эканлигини англатади. Аммо ана шу буюкликнинг қадрига ҳамма бирдек етяптими?

Нима учун кўча ҳаракатини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди? Адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг берган бу саволи қачон ўз жавобини топади?

Россиялик тилшунос олима   А. М. Козлянина: “Ўзбек тили нафис ва мусиқа оҳангидек жозибадор” эканлигини тан олиб турган бир пайтда “ўзбекман”, деб юрганлар нима қилишяпти? Бу каби оғриқли нуқталарни санасак, тилимизнинг эртаси ҳаммамизни чуқур ўйга толдиради.

“Тилимиз қаерда бузиляпти?” дея ўзингизга савол бериб кўринг ва кўчага чиқинг. Ишга ёки ўқишга борар экансиз, йўл-йўлакай атрофда қурилган бир-биридан гўзал бинолар, кўп қаватли уйларни кўриб кўзингиз қувнаса, уларга қўйилган тилимиз учун ёт бўлган номларни кўриб, таъбингиз хира тортади. Бозорга борсангиз, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қўйилган номларда ҳам ўзбекча сўзларни деярли учратмайсиз. Бундай номлар орқали тадбиркорлар харидорларнинг диққатини тортишмоқчими ёки тилимиз шунчалик қашшоқми? 

Бугунги кунда нега кўпчилик, айниқса, ёшларимиз ўз нутқига чет тиллардаги турли сўзларни қўшиб гапиришади ёки ўша тилни ҳам яхши билишадими? Яхши билишса-ку майли, аммо… Тилимиз шунчалик қашшоқми ёки бу ҳам маданиятнинг бир белгисими? Афсуски, мана шундай саволлар бизни чуқур ўйга толдиради. Ўз она тилини ҳурмат қилган инсон ҳеч қачон тилни бузиб гапирмайди. Бугунги қўштирноқ ичидаги маданиятли ва замонавий ёшлар тилимизни қай даражада билишар экан? Кўпгина чет элларда ўзбек тилини ўрганишаётган бир пайтда тилнинг ҳақиқий эгалари уни бузиб гапиришса, қанчалик тўғри?  

Она тилини севмаган, унинг қадрини англамаган инсон юрагида эл-у юртга, Ватанига муҳаббат ҳам бўлмайди. Биз тилимизни қанчалик асрасак, юксалтирсак, ривожланишига ҳисса қўшсак, ўзга миллатлар ҳам бизнинг тилимизни ҳурмат қилишади ҳамда унинг дунё ҳамжамияти майдонидаги ўрнини ва пойдеворини шунчалик мустаҳкам қўйган бўламиз. Зеро, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир”, “Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

                                                    Ёқутой ЖАМОЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президент таълим муассасалари

                  агентлиги тизимидаги Абдулла Орипов номли ижод

мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари,

Дилдора ШОДМОНОВА, 

ижод мактаби ўқитувчиси