Дарҳақиқат, ота-онанинг муҳим вазифаларидан бири — фарзанд тарбияси. Таълим-тарбияга эрта эътибор қаратган ота-оналар бугун фарзандлари роҳатини кўриб яшамоқдалар. Биз ушбу мақоламизда  оддийгина ҳарбийлар оиласининг эгизак фарзандлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Нега айнан ҳарбийларнинг фарзандлари демоқчимисиз? Чунки давлатимиз томонидан уларнинг ўғил-қизларига ҳам кўплаб шарт-шароит яратиб бериляпти. Хўш, улар бу имкониятлардан унумли фойдаланяптими? Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёшларнинг ўй-хаёллари нималар билан банд?  

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида контракт асосида ҳарбий хизматни ўтаётган кичик сержант Валижон Тўраев фарзандлари таълимига алоҳида эътибор қаратган оталардан. Ўтган йили унинг эгизак ўғиллари Тоҳиржон ва Зойиржон ҳарбий хизматчилар фарзандларига берилган имтиёздан фойдаланиб, юртимизнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

Жорий йилда Тоҳиржон Муродиллаев Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ахборот хавфсизлиги, Зойиржон Муродиллаев эса Тошкент давлат юридик университетининг давлат бошқаруви йўналиши бўйича 1-босқични тамомлади.

Айни пайтда илмга чанқоқ ёшлар ёзги таътилда. Ўқиш таассуротлари ҳақида сўраган бўлиб, ака-ука билан суҳбатлашдик. Қизиқарли суҳбатимиз давомида эгизакларнинг болалик орзулари, келажакдаги режа ва мақсадлари, севимли китоблари ҳақида билиб олдик.

— Ота-онам болалигимиздан бизни яхши ўқишга қизиқтириб улғайтирди, — дея сўзни бошлади Тоҳиржон. — Отам хизматда бўларди, онам бизни етаклаб мактабнинг тайёрлов курсига олиб борарди. Асли бухороликмиз. Когон туманида энг зўр деб тан олинган ихтисослаштирилган мактаб бор. Онам доим бизга катта бўлсангиз, шу мактабда ўқийсиз, деб таъкидлаган. 2-синфдан ихтисослаштирилган мактабда ўқишимизни давом эттирдик. Яхши ўқидик. Шу мактабнинг юқори синфида биздан уч-тўрт ёш катта бўлган эгизак ака-ука бор эди. Бир куни директоримиз барча ўқувчиларни йиғиб, ака-укаларни мақтаб гапирди, ҳаммамиз улардан ибрат олишимиз кераклигини айтди. Улар республика фан олимпиадасида иштирок этиб, фахрли ўринни қўлга киритишган экан. Ўшанда Зойиржон иккимиз ҳам билимли, ота-онамизнинг фахрли фарзанди бўлишни кўнглимизга тукканмиз.

— Акам математикага қизиқади. Мен эса тарихга меҳр қўйдим. 6-синфга ўтган вақтимиз отамнинг хизмат жойи Қорақалпоғистонга кўчди, - дея суҳбатга қўшилади Зойиржон. - Жонажон мактабимиз билан хайрлашиб, Нукус шаҳридаги 44-умумтаълим мактабида ўқишни давом эттирдик. Синфда билимли йигитлар кўп эди, соғлом рақобат муҳити бизни янада кучли бўлишга ундарди. Фан тўгаракларига қатнай бошладик. Отам етишмовчилик ва оғир шароит туфайли олий таълим муассасасида ўқий олмаган. Лекин институтда ўқишни бир умр орзу қилган. Шунинг учун доим бизга “Мен ўқий олмадим, лекин сиз таълим оламан десангиз, куну тун ишлашга ҳам розиман. Ўқиш ёки бирор касбнинг устаси бўлиб, ҳалол меҳнат қилиш керак. Ўқисангиз, бировдан кам бўлмайсиз”, деб насиҳат қиларди. Онам эса бизга орзу қилишни ўргатган. Ҳар кеч бошимизни силаб “Болажонларим, китобдан бош кўтарманг, вақтингизни беҳуда сарфламанг, илм олинг. Отангиз иккимиз фақат мактабда ўқиганмиз, лекин меҳнат қилиб кам бўлмадик,  умидимиз  сизларсиз”, дерди. Жуда кўп китоб ўқирдик, ҳар якшанба кунлари отам ёки онам, албатта, бизга  янги китоб олиб келарди. Китоб энг яқин дўст, дейишарди.

Тоҳиржон ва Зойиржон бир-бирига томчи сувдек ўхшайди. Бир қарашда ажратиб олиш қийин. Лекин суҳбатлашиб, фарқларни сезиш мумкин. Тоҳиржоннинг акаларга хос салобати бор. Қарор чиқаришда ҳам кўпроқ ақлни ишга солади. Зойиржон эса акси. Сўзга чечан йигит. Бир-бирига меҳрибон, дўстона муносабатда улғайган йигитларга, очиғи, ҳавасингиз келади.

— Зойиржон менинг маслаҳатчим. Дунё хабарлари бўладими, сиёсий вазият ҳақидаги янгиликлар борми, укамдан эшитаман, — дейди Тоҳиржон.

Зойиржон акасининг гапини илиб кетади:

— Акам эгизагим бўлганигами, ички дунёси менга бегона эмас. Мен бирор мавзу ҳақида қаттиқ бош қотираётган вақтим акам гўё эшитгандек менга йўл-йўриқ кўрсатади. Ҳаётимизда китоб муҳим ўрин тутган. Тинмай бадиий адабиётлар ўқирдик. Шеър ёдлардик. Кейин эса ўқиганларимизни ота-онамизга айтиб берардик. Уйимизда фанларга доир китоблар жуда кўп. Энди эса китоб жавоним ҳуқуқий китоблар билан бойимоқда. Тарихдан ҳам воз кечолмайман. Ўзбекистон тарихига доир китоблар ўқишни хуш кўраман. Юридик университетга кирганимдан сўнг ўқитувчимизнинг талаби билан “Жиноят ва жазо” асарини ўқиб чиқдим. Бироз оғирроқ, ёзувчининг ўткир қалами китобхонни ўйлашга, фикрлашга чорлайди. Фахрланиб айта оламан, акам билан эришган ютуқларимиз замирида китобнинг ўрни беқиёс.

— Ҳозир технологиялар асри. Сунъий интеллект ҳаётимизга кириб келди. Сиз мўъжизаларга ишонасизми? Эртага кўринмас телефон орқали гаплашишингизга-чи? Қўл меҳнатига эҳтиёж йўқолиб бормоқда. Йилдан йилга технология ривож топаётган замонда яшаяпмиз. Шу боис, ахборот хавфсизлиги масалалари муҳим аҳамиятга эга. Мен танлаган соҳа айнан шу масалаларни ўрганади. Эндигина 1-босқични тамомладим. Насиб қилса, танлаган йўналишим бўйича малакали мутахассис бўлишни мақсад қилганман. Болалигимизда бўш вақтимиз спорт билан ўтди. Каратэ, бокс, шахмат билан шуғулландик. Ҳозир икковимиз ҳам хорижий тилларни ўрганиш билан машғулмиз.

Эгизаклар биз билан бугунги ёшлар, яъни ўз тенгқурлари ҳақидаги фикрлари,  келажак орзулари билан ўртоқлашди.

— Нукусдан Тошкентга келган вақтларимиз бу ерда ёшлар анча илгарилаб кетганини сездик, — дейди Тоҳиржон. — Интеллектуал салоҳияти юқори, билимли ёшларни кўриб, ҳавас қилдик. Улар ҳар томонлама мукаммал бўлишга интилади. Бир неча тил билади. Буларнинг бари юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самараси, албатта. Бизга чексиз имкониятлар эшиги очилди. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, билдирилаётган ишончни оқлаймиз.

— Ўн йилдан сўнг мен офицерлар сафида бўлсам керак, — дейди қатъий ишонч билан Зойиржон. — Шунда орзуларимдан бири ушалади. Энди буёғига мақсадларга қараб ҳаракат қиламиз. Режаларим ҳақида айтишга одатланмаганман. Сир бўла қолсин.

Ёшларимиз ҳақиқатан ҳам, билимли, изланувчан, ўз фикрига эга. Кичик сержант Валижон Тўраевнинг фарзандлари яқин келажакда ўз касбининг етук мутахассиси бўлишига ишонамиз. Зеро, мамлакатимизда ёшлар ўз келажагини яратиши учун барча шароит ва имкониятлар бор.

Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,

 журналист