Бу ҳақда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ва Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган ёшлар билан онлайн мулоқотда айтиб ўтилди. Тадбирда маҳаллий давлат органлари, давлат тест маркази, олий таълим муассасалари вакиллари, ўқитувчилар ва абитуриент ёшлар иштирок этишди. Мулоқот аввалида ёшларга онлайн ҳужжат топшириш тартиби тушунтирилиб, тест жараёнида бўладиган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.
— Онлайн ҳужжат топшириш жараёнини барча ҳам бирдек тушунавермайди. Шунинг учун биз вилоятдаги ҳар битта мактабга АКТ бўйича мутахассисларни бириктирдик. Битирувчилар уларнинг кўмагида ҳужжатларини онлайн тарзда керакли жойга тақдим этишлари мумкин, — дейди вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси Аброр Латипов
Бу йилги тест жараёнлари ҳам аввалгиларидан фарқ қилади, ДТМ Навоий вилоят бўлим бошлиғи Нурхон Бекниёзовнинг айтишича, вазиятдан келиб чиқиб жорий йилда ота-оналар учун махсус кутиш жойи ҳозирланмайди. Абитуриентларга эса тест ўтказиладиган бино атрофига белгиланган вақтдан 2 соат олдин келиб туриш талаб қўйилмоқда. Чунки бинога кириш учун кўрик жараёни одатдагидан чўзилиши мумкин.
Биз ёшларга қулайлик туғдириш учун тест саволлари тўпламига махсус рақамланган қўшимча қоғоз тикиб қўйяпмиз, парталарга қўшимча ручкалар ҳам қўйилади. Бу гал тест ўтказиладиган хонага 2-3 та камера ўрнатилиши ва уларнинг ҳудудий телеканалларга уланиши кутилаяпти. Бу жараённи онлайн трансляция қилиш ва тест топширувчиларни уйдан туриб кузатиш имконини яратади, - дейди Н.Бекниёзов.
Тадбир давомида хотин-қизлар учун қўшимча грант асосида ОТМга кириш тартиби тўғрисида ҳам тушунчалар бериб ўтилди.
Илҳом Турсунов,
ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши “Ёшлар қаноти” раҳбари.