Қарорда мамлакатимизда опера ва балет санъатини янада ривожлантириш, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри фаолиятини такомиллаштириш, унинг жаҳон санъат оламида тутган ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланди. Шунингдек, опера ва балет санъатини янада ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Жумладан, республикада опера ва балет санъатини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида миллий опера ва балет санъатида устоз-шогирд анъаналари ва маҳорат мактабларини ривожлантириш, опера ва балет санъатидаги истеъдодли ва юқори малакали ижодкорларнинг маҳорат мактабларини ташкил этиш, маҳорат мактабини яратган ижодкорларни Давлат бюджети ҳисобидан асосий иш жойи орқали ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида қўшимча рағбатлантириб бориш ва бошқа чора-тадбирлар белгиланди.
Опера ва балет санъати учун амалий кўникма ва зарур маҳоратга эга бўлган кадрлар тайёрлаш, театр ва таълим ташкилотлари узвийлигини таъминлаш ҳамда бунга соҳадаги фахрийлар ва устоз ижодкорларни кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳузурида Хореография ўқув театри, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳузурида Вокал академияси ҳамда Опера ва балет асарларини яратиш ижодий устахонаси, 70 та штат бирлигидан иборат бўлган Фахрийлар оркестри ташкил этилади.
Шунингдек, театр билан маданият ва санъат соҳасидаги таълим ташкилотларининг узвий ҳамкорлиги сифатида театр буюртмасига асосан вокал хонандалар, оркестр ва хор артистлари, балет соҳаси мутахассисларини тайёрлаш учун маданият ва санъат соҳасидаги тегишли таълим ташкилотларига ҳар йили махсус квота ажратилади. В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаблари концерт-педагогик дастурини шакллантиришда театрнинг репертуарлари инобатга олинади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат хореография академиясида «Балет режиссёрлиги» бакалавриат таълим йўналиши очилади.
Қарорга мувофиқ, маданият ва санъат, шу жумладан опера ва балет санъати учун техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни, хусусан грим устаси, реквизитор, саҳна монтажчиси ва ёритувчини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳузурида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб техникум ташкил қиланади.
Ҳужжатда маданият ва санъат соҳаси, шу жумладан опера ва балет санъати бўйича йирик ижодий ишларни амалга оширган соҳа вакиллари учун Маданият соҳаси академиги махсус унвони таъсис этилиши белгиланди.
Махсус унвон соҳибларига Бадиий академиянинг академиклари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади, шу жумладан уларга даромад солиғидан озод қилинадиган ойлик гонорар тўланади.
Маданият соҳаси академиги маданият ва санъат соҳаларида йирик ижодий ишларни амалга оширган ижодкорларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган сайлов натижаларига кўра берилади.
Бундан ташқари театрга ҳар йили камида тўртта миллий ҳамда жаҳон классик опера ва балет асарларини саҳналаштириш учун давлат буюртмасини бериш йўлга қўйилмоқда.
Давлат бюджети ҳисобидан тарихий ва замонавий мавзуларда тегишлилиги бўйича миллий ҳамда жаҳон классик опера ва балет асарларини яратиш жараёнига театр томонидан танлов эълон қилинади. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан миллий ҳамда замонавий жаҳон классик опера ва балет асарларини яратиш ва саҳналаштириш учун халқаро даражадаги мутахассислар жалб қилиш назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда, шунингдек, опера ва балет санъати бўйича иқтидорли ёшларни юзага чиқариш мақсадида ҳар йили февраль ойида ёш вокал ижрочилари, апрель ойида ёш балет ижрочилари, июнь ойида дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар республика кўрик-танловлари ўтказилиши белгиланди.
Ушбу республика кўрик-танловларининг бош соврини ва 1-ўринни қўлга киритганлар мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бундан ташқари, қарорда 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети ҳисобидан ҳар икки йилда Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танлови ва «Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивали ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Театрга хорижий мамлакатлардан етук ва малакали бош дирижёрларни жалб этиш, театр жамоасининг хорижий давлатларга гастроль сафарларини ташкил қилиш, ижодкорлар ва мутахассисларни хорижда ўқитиш, малака ошириш ва стажировкага юбориш чора-тадбирлари ҳам тасдиқланди.