Лойиҳанинг умумий қиймати 6 млн долларга тенг бўлиб, 100 дан ортиқ иш ўринлари яратилади. Биринчи босқичда 2 млн доллар миқдорида инвестиция киритилди ва ЎСВ аппаратларини йиғиш цехи ишга туширилиб, 25 нафар иш ўрни яратилди.

Ўтган йилнинг май ойида ушбу корхона томонидан ИВЛнинг биринчи нусхаси ишлаб чиқарилди, тегишли сертификат ва рухсатномалар олинди. Корхонада тайёрланган биринчи ИВЛ қурилмаси Тошкент шаҳар 1-клиник шифохонасига беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган.

Амалиётчи реаниматологлар томонидан корхонада ишлаб чиқарилаётган асбоб-ускуналарга юқори баҳо берилди.

Ускуналарни таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлар ва хизмат кўрсатиш маркази яратилиб, ЎСВ ва наркоз-нафас олиш қурилмалари учун мобил ва замонавий сервис хизмати ташкил этилди.

Анестезиология соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар таклиф қилинган ҳолда соҳага миллий кадрлар тайёрлаш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказиб борилмоқда. Тиббиёт муассасалари мутахассислари учун махсус симуляторлар билан жиҳозланган замонавий ўқув хоналари барпо этилган.

ИВЛ аппаратлари дунё бўйича 12 мамлакатда ишлаб чиқарилади. “Чирана” компаниясининг аппаратлари дунёнинг машҳур брендлари «Драгер» (Германия), Гамильтон (Швейцария) қаторидан ўрин эгаллаб, бошқа компания моделларидан фарқли равишда бир ва икки босқичли эмас, уч босқичли вентиляцияни амалга оширади.

Бундай ишлаб чиқариш Марказий Осиёда биринчи марта амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни қўшни давлатларга (жумладан Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Афғонистонга) сотиш имконияти яратилади. Бугун тўла қувват билан ишга туширилаётган “Чирана Азия” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасига тегишли ушбу завод келажакда халқимиз оғирини енгил қилиб, турли хил касалликлар билан курашиш учун тиббиёт ходимларига кўмакчи бўлади ва “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида янги, инновацион маҳсулотлар экспорти ҳажмининг ошишига хизмат қилади.