Оила аталмиш муқаддас қўрғон бунёд этилгач, унинг асосчилари бир-бирига суяниб, ҳамжиҳатликда рўзғорнинг камини тўлдириб, хотиржам умр кечириш учун замин яратишга интилади. Бунинг учун астойдил ҳаракат қилинса, бирор касб орқали даромад топилса, турмуш яхшиланиб бораверади. Шу жиҳатдан олганда, жойларда фаолият юритаётган турли касб ва ўқув марказлари хотин-қизларни меҳнатга жалб этишда жуда қўл келмоқда. Қамашилик Дилором опа Алиеванинг ҳаётидаги ўзгаришлар бунга яққол мисол бўлади.
Дилором опа уч фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи вақтинча ишсиз. Бундай ҳолатда рўзғорни бутлашнинг ўзи бўлмайди. Мавсумий ишлардан топилган тўрт-беш сўм пул эса етарли эмас. Шу боис, бир неча бор маҳаллага иш сўраб мурожаат қилди. Ҳоким ёрдамчиси билан суҳбатлашди. Натижада “Аёллар дафтари”га рўйхатга қўйилди. Аммо дафтарга кириш билан иш битмайди. Буни ҳоким ёрдамчиси ҳам, Дилором опа ҳам яхши билади.
Шунинг учун Қамаши туманининг учта — “Қоратепа”, “Майда”, “Азлартепа” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари биргаликда ҳаракат бошлашди: ҳудуддаги ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун касаначилик бўлими ташкил этишга киришишди.
Излаган имкон топади, дейишади. Кўп ўтмай Қоратепа маҳалласидаги собиқ коллежнинг бўш турган ўқув устахонаси туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳамкор ташкилот — “Қамаши текстил” кластерига ижарага берилди. Натижада бу ерда жорий йилнинг 1 май санасидан бошлаб юқоридаги учта маҳалланинг ижтимоий дафтарларда рўйхатга турадиган эллик нафарга хотин-қизини касб-ҳунарга ўқитиш бошлаб юборилди. Эски ўқув устахона таъмирланиб, керакли жиҳозлар ўрнатилди. Шу ернинг ўзида аёлларнинг ҳам ўқиб-ўрганиб, ҳам даромад топишлари учун шароит яратилди.
— Ишли бўлиш орзуим эди, — дейди Дилором Алиева. — Шундоққина маҳалламиз яқинида ташкил этилган касаначилик бўйича ўқитиш маркази боис ана шу ниятимга етдим. Бу ерда тикувчиликка ўқиб, ишлаяпман. Ҳозир ишимни астойдил ўрганиш баробарида кунига олтмиш-етмиш минг сўм атрофида пул топяпман. Бундан ташқари, 700 минг сўмдан стипендия ҳам берилиши бизга катта ёрдам бўлмоқда.
Айни пайтда касаначилик марказида тикувчилик, қандолатчилик, наввойлик, гиламчилик, қуроқчилик, пазандачилик, сартарошлик каби касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилган.
— Марказимизда хотин-қизлар уч ой давомида ўзлари қизиққан ҳунар бўйича ўқиб ўрганишади, сертификат олишади, — дейди иш бошқарувчи Муаттар Аллаева. — Шундан сўнг агар ўз хонадонида эгаллаган касби бўйича тадбиркорлик қилиш истаги бўлса, уларга ҳоким ёрдамчилари кўмагида 5 миллиондан 7 миллион сўмгача субсидия ажратилиб, керакли ускуналар олиб берилади. Ёки шу ернинг ўзида ишламоқчи бўлса, белгиланган маош асосида фаолият юритиши ҳам мумкин.
Айни пайтда марказда ҳунар ўрганувчилар сафини ошириш борасида туман ҳокимлиги ва кластер ҳамкорлигида янги лойиҳалар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, яқинда бу ерда сутни қайта ишлаш кичик заводи иш бошлайди. Бунинг учун ҳозир керакли жиҳозларни олиб келиш учун ҳаракат бошланган. Бу эса ҳудуд аҳолиси кўпроқ ишли ва кўпроқ даромадли бўлиши учун яна бир имкониятдир.
Бу каби касаначилик маркази ташкил этган тадбиркорларга қатор енгилликлар белгиланган. Хусусан, Президентнинг жорий йил 23 февралдаги “Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январга қадар уч ойдан ортиқ муддатга ўттиз нафардан зиёд касаначини белгиланган тартибда жалб қилган ва касаначилик асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни (кўрсатилган хизматлар) реализация қилишдан олган даромадлари жами даромадининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқнинг солиқ базаси 50 фоиз камайтирилди. Бундай имтиёзлар яна бир қанча. Муҳими, бунинг ортидан тадбиркор фаолияти кенгайиб, қанчадан-қанча одамлар ишли бўляпти.
Кейинги пайтларда касаначилик йўналиши бўйича нафақат Қамаши туманида, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврига қадар Ғузор туманидаги биринчи ва иккинчи касб-ҳунар мактабларида, энергетика ва саноат техникумида ҳамда “Қовчин” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган касаначилик марказларида 300 нафарга яқин хотин-қиз турли йўналишлар бўйича ўқитилмоқда. Шунингдек, бошқа туман ва шаҳарларда ҳам бу жараёнлар давом эттирилмоқда.
Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси маълумотига кўра, жорий йил якунига қадар 440 мингдан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлаш назарда тутилган. Ҳозирга қадар шундан 18 минг нафардан ортиғи даромадли ишга жалб қилинган. Бунинг учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан саккиз миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Касб-ҳунарга ўқитиш харажатлари учун эса 1,6 миллиард сўм йўналтирилган. Натижада алоҳида рўйхатга олинган хотин-қизлар турмуш тарзи яхшиланиб, кўнгиллари шод бўляпти, розилиги ортяпти.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири