Навоий вилоятининг олис чўл ҳудудида жойлашган Зарафшон шаҳар “Янги Зарафшон” МФЙ 5-мавзе 110-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Шербек Шукуров турмуш ўртоғи Хадича Намозованинг шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатаётган “М” МЧЖга (номи ўзгартирилган) қарашли уч ойлик ўқув курсида таҳсил олиб, тегишли сертификат берилмаганидан норози бўлиб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси “Ишонч телефони”га мурожаат қилган.
Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари олиб борган ўрганишлар натижасида ҳақиқатдан ҳам фуқаро Х.Намозованинг ушбу курсда таҳсил олгани, шартномага асосан тегишли маблағни тўлгани, аммо уч ойга яқин муддат ўтган бўлса-да ҳамон сертификат берилмагани маълум бўлди.
Пировардида, ўқув учун тўланган 2 миллион 100 минг сўм миқдоридаги маблағ фуқаронинг пластик карточкасига ўтказиб берилди.