Партия фаолллари, депутатлар, нуронийлар, ҳунармандлар, спортчилар, ўқитувчилар, маданият ходимлари, партиянинг ғоя ва мақсадлари хайрихоҳ ёшлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этган учрашувни номзоднинг ишончли вакили, Олий Мажлис сенати аъзоси Бахтигул Бўтаева олиб борди.

Бахтигул Бўтаева жорий йилнинг 24-октябрь куни бўлиб ўтадиган Президентлик сайлови ҳалқимиз учун келажак танлови эканлигига тўхталиб, номзод ҳақида маълумот берди ҳамда сайловчиларни сайловда фаол иштирок этиши, ўзи хоҳлаган номзодга овоз бериш ҳар бир фуқаронинг конституцион ҳуқуқи эканлигини таъкидлаб, барча сурхондарёликларни мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу жараёнда фаол иштирок этиш ва Алишер Қодиров номзодини якдиллик билан қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шундан кейин Президентликка номзод Алишер Қодиров иштирокчиларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. У, аввало, Сурхондарё вилоятидаги ўзгаришлар, хусусан, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ижобий ўзгаришларга алоҳида тўхталди. Сурхондарё эли мард, танти полвонлари ҳамда бетакрор бахшичилик санъати билан нафақат мамалакатимизда, шу билан бирга, дунёга машҳур бўлиб бораётганлигини алоҳида қайд этди.

У ўз дастурида болалар таълим-тарбияси муҳим эканлигини баён этаркан, “Болани ёшлигидан тўғри тарбияласак, ҳалолликни, ўзига нисбатан масъулиятни, тўғрсўзликни, ғурур ва ориятни ўргатсак, келажакда ўғирлик, коррупция деган тушунчаларга жой қолмайди”, дея таъкидлади.

Шунингдек, номзод сайловчиларга ўз дастуридаги асосий ғоялар, ташаббуслар ва илгари сурилаётган таклифларини таништирар экан, мактабларда бошқарув, ўқитувчига муносабат ва таълим-тарбия ишларини тубдан ўзгартириш, синф раҳбарлиги фақат “Тарбия” фани ўқитувчилари зиммасига юклатилиши, ўқитувчиларга иш ҳақи камера кузатувлари асосида ҳисобланадиган рейтинг балларига мувофиқ белгиланиши, 10 йил ва ундан ортиқ ўқитувчилик қилган педагогларга ойлик маошининг 50 фоизи миқдорида устама бериш, агар ўзлари хоҳлаган тақдирда ўқитувчиларга 50 ёшдан нафақага чиқиш ҳуқуқи берилиши борасидаги таклифларини баён этди.

Учрашув якунида Президентликка номзод Алишер Қодиров сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Тадбирда турли соҳа вакиллари сўзга чиқиб, номзоднинг дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Усмонали НОРМАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири