Бугунги кунда мамлакатимизнинг ҳар бир бурчагида, давраларда, барча оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда конституциявий қонун лойиҳаси қизғин ва фаол муҳокама қилинмоқда. Бу орқали юртдошларимиз ўз ҳақҳуқуқларига бефарқ эмаслигини намоён этиб, халқ сифатида эртанги кунига дахлдорлик намунасини кўрсатаётгани бор гап. 

Асосий қонунимизда ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда. Бу қоидалар айни пайтда ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланаётган 685 мингдан ортиқ ўқитувчининг профессионал ўсиши, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватланиши, ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади. Янги таҳрирдаги Конституциямизда илм-маърифат билан боғлиқ моддалар қатъий белгиланаётгани эътиборга молик.

Жумладан, 50-моддада “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.

Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади”, 51-моддада “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”, 52-моддада “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда  бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, деб белгилаб қўйиляпти.

Конституциямизга ўқитувчининг қадр-қимматини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қоида киритилиши узоқни кўзлаб қилинган савобли ишдир. Германия канцлери Отто фон Бисмарк “Буюк Германияни оддий ўқитувчилар шакллантиради”, деб айтган эди. Дарҳақиқат, инсон жамиятни, таълим эса инсонни ўзгартиради. Таълимнинг марказида эса ўқитувчи шахси туради. Шундай экан, муаллимнинг ҳурматини жойига қўйишимиз керак.

Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълимтарбиядир. Шунинг учун юртимизда ўқитиш тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлашга катта куч ва маблағ йўналтирилмоқда. Бугунги модернизация жараёни, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрлари етиштириш масаласига бориб тақалаётир.

Шу сабабли Президентимиз ўқитиш соҳасига куюнчаклик билан эътибор қаратяпти. Зотан, мамлакат келажаги, барча соҳа ва лойиҳаларнинг муваффақияти билимли инсонларга боғлиқлиги кундек равшанлашмоқда. Таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини ошириш бўйича кўп иш қилинди. Айниқса, олдинлари ўқув йили ибтидосини, муаллимнинг ёзилмаган йиллик иш режасини пахта мавсумининг бошланиши белгилаб берарди.

Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўқувчилари билан бирга ёлланма теримчи сифатида далада ўтказарди. Бироқ шу билан унинг ёлланма ишчилигига якун ясалмасди. Қишда бир муддат касби билан шуғулланишига имкон берилса-да, бир дунё қоғозбозликдан ортиб, ўқувчиларига вақт ажратолмай қоларди. Баҳор бошланиши билан яна дала юмушларига жалб қилинарди.

Бундан ташқари, ободонлаштириш, қурилиш ишларида дастёрлик ҳам педагогларнинг зиммасида эди. Бу хизматлари учун эса арзимаган маош тўланарди. Муаллимнинг обрўси, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли аксарият ўқитувчилар ишини ташлаб, бошқа соҳаларга ўтиб кетди. Тизимда эркак педагоглар деярли қолмади. Ўқитиш сифати ва самарадорлиги, ўқитувчиларнинг сифат таркиби ҳам шунга мутаносиб эди.

Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўйди. Ўқитувчи фаолияти доирасига кирмайдиган барча юмушлардан озод этилди. Ҳатто педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Энди қонунчиликка биноан, меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш таълим ташкилоти педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланишига, яна содир этилса, БҲМнинг 150 баробаридан 200 баробаригача (45 миллион сўмдан 60 миллион сўмгача) миқдорда жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилишига сабаб бўлади. Бу ҳам жамиятда ўқитувчилар қадри, шаъни, обрў-эътиборининг амалдаги ҳимоясидир.

Бугун педагогларнинг олдига ёш авлодни етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилган. Буюк Архимед “Ернинг таянч нуқтасини топиб берсангиз, мен уни кўтара оламан”, деган эди. Президентимиз таълимнинг таянч нуқтасини топди. Педагоглар меҳнати қадрланиши, эъзозланиши, ижтимоий ҳимояга олингани бунинг исботидир. Жамиятда муаллимнинг мавқеини, ўқитувчилик касби нуфузини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда педагоглар ойлик маошининг 2,5 баробар оширилгани бунинг тасдиғидир. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилгани ҳам бежиз эмас. Ислоҳотлар ўқитувчиларни мактабга қайтариш, уларни таълимдан бошқа, хизмат вазифасига кирмайдиган барча ишлардан, ортиқча қоғозбозликдан озод қилишдан бошланди.

Бунинг натижасида муаллимнинг ўз устида ишлаши ва болаларга қўшимча дарс беришига имконият яратилди. Мактабнинг самараси битирувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши билан ўлчанади. Педагог фақат маош олиш учунгина бу касбни танламайди. Болаларга меҳр қўйган, соҳага фидойи, ишини яхши кўрган инсонгина ўқитувчи бўла олади. Кўпгина фидойи мураббийлар энг қийин пайтларда мактабни тарк этмаганининг боиси ҳам шунда.

Майли, пахта терсин, кўча супурсин, аммо ўқитувчиликни шараф деб билган, касбининг машаққати ортидан роҳатланган устозларни ҳаётда ҳар биримиз учратганмиз. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар давомида ҳар бир соҳа вакилига, аниқроғи, педагогларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, мактаб, коллеж ва ОТМ ўқитувчилари диққат марказида. Менимча, энг олий мақсадларни кўзлаган юртимиз, фарзандининг бахту камолини кўзлаган ҳар бир оила манфаати нуқтаи назаридан Конституциямизга киритилган бу ўзгариш ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарордир.

Ўқитувчининг обрўси баланд юртнинг бугуни ва келажаги ҳам буюк бўлади. Президентимиз масаланинг ана шу нозик томонини кўра олди. Мақсад — таълим тизимини оёққа қўйиш. Бусиз ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳал қилолмайди. Бунга бутун халқ, жамият масъул. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, нажотимиз мактабда, таълимда, билимда. Ўзбекистонда энг ҳурматли инсон ўқитувчи бўлмоғи зарур.

Устозга юксак эҳтиромнинг Конституциямизда ўз ифодасини топиши илм-фан, маънавият ва маърифат ривожи, Янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун кучли ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. XXI аср — юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар асри. Бундай авлодни тарбиялашда устоз-муаллимларнинг хизмати беқиёс.

Зеро, ҳозир жаҳонда мамлакатнинг тараққиёт даражаси педагогларнинг жамиятда тутган ўрнига қараб белгиланмоқда. Сингапур мўъжизаси бунга мисол бўлади. Биз бугун Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишни мақсад қилдик. Маърифатли инсонга маълумки, жамият тараққиёти асосини илм-фан, таълим-тарбия, санъат, адабиёт, янги технология, инновациялар ташкил этади. Илм-фанни эса, албатта, ўқитувчи, устоз ўргатади.

Таълим-тарбия ишини юқори даражага кўтармоқчи бўлсак, биринчи навбатда муаллимларнинг ижтимоий мақомини кўтаришимиз керак. Яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман: илм-маърифат билан боғлиқ моддаларга алоҳида эътибор замирида чуқур маъно мужассам. Илм-маърифат — янги уйғониш даври пойдевори. Унинг асосида шу юрт фуқароларининг миллий тафаккури, миллий ғояси, эртанги кунга, тараққиётга ишончи камол топади. Илм-фан ривожланар экан, нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий-маданий соҳанинг ҳам тараққиёти кафолатланади.

Мазкур кафолат эса ўзида янги Ренессанс даврини ифода этишига ҳеч шубҳа йўқ. Қолаверса, илм-маърифат ривожланмаган давлат ҳеч қачон тўлақонли давлат бўла олмаслиги бизга узоқ тарих ҳамда бугунги асримиздаги юксак тараққий этган илғор мамлакатлар тажрибасидан жуда яхши аён. Донишманд халқимиз лафзи билан айтганда, илм-маърифат икки дунё саодатидир. Илм-маърифатсиз киши берилган неъматлар қийматини англаб етмайди. Шундай экан, янги таҳрирдаги Конституциямиз халқимизнинг ҳар жиҳатдан юксалиши ва тараққиёти учун асос бўлиб хизмат қилади.