Тадбирда Президент Администрацияси, Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати, Божхона қўмитаси, Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Бош прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Экология қўмитаси инспекция, Миллий гвардия ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди.  

Йиғилишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ноқонуний қурол айланмасининг олдини олиш ҳамда амалдаги қонунчилик ижросини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Мутасадди идоралар томонидан ўқотар қуролларни рўйхатга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши, ноқонуний қурол-яроғ айланмасига барҳам бериш юзасидан олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Шунингдек, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, ноқонуний қурол муомаласи жиноятчилик ва жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Шу боис мазкур йўналишда профилактик тадбирларни кучайтириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тушунтириш ишларини кенгайтириш ҳамда идоралар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Идоралар ўртасида тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ягона электрон маълумотлар базаларини шакллантириш, тезкор каналлар орқали маълумот узатиш тизимларини такомиллаштириш ҳамда қўшма тадбирлар ўтказиш зарурлиги қайд этилди. Ахборот алмашинувининг самарадорлиги ноқонуний қурол айланишини барвақт фош этишда ҳал қилувчи омил экани таъкидланди.

Бундан ташқари, йиғилишда ўқотар қуроллар ҳисобини юритишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, ягона платформа яратиш, электрон назорат механизмларини такомиллаштириш ва қонунбузарликларга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Тадбир якунида ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари билан ўқотар қуроллар муомаласи устидан самарали назоратни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва фуқаролар хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифалари келишиб олинди.