Бу ўзгаришларни Нишон туманидаги 13-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг чет тили фани ўқитувчиси Шавкат Гелдиев мисолида кўришимиз мумкин.

Жонкуяр муаллим 22 йиллик педагогик тажрибага эга, олий тоифали инглиз тили ўқитувчиси. Бир неча бор профессионал танловлар ғолиби бўлган. Ҳозир ҳам тинмай илмий изланишлар олиб бормоқда. 2016 йили “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиблар орасидан ўрин эгаллаб, Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида стажировка ўтаб келган.

Чет тилларини ўқитишдан асосий мақсад мактаб ўқувчиларининг коммуникатив маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш, чет тилини амалий ўзлаштиришга ўргатишдир. Ўқитувчининг вазифаси ҳар бир ўқувчининг тилни амалий ўзлаштириши учун шарт-шароит яратиш, ҳар бир ўқувчига йўналтирилган ёндашувни амалга оширишга ёрдам бериш, болаларнинг қобилиятини, ўрганиш даражасини ҳисобга олган ҳолда ўқитишни индивидуаллаштириш ва дифференциаллаштиришдир.

2021 йил 1 октябрда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Шавкат Гелдиев “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2022 йил 24 январдан 14 мартга қадар махсус дастур грантини қўлга киритиб, АҚШдаги нуфузли университетда 6 ҳафталик стажировка ўтаб қайтди. Хорижий стажировка давомида Кент университетида таълимда янги технологияларини қўллаш усулларини ўрганди.

Муаллим қатнашган Фулбрайт ТEА жуда рақобатбардош дастур бўлиб, ҳар йили бутун дунёдан минглаб ўқитувчилар унда қатнашиш учун мурожаат қилади. Ушбу мурожаатчилардан 90 га яқини иштирок этиш учун танлаб олинади. Ўқитувчиларни танлашда уларнинг педагог сифатида эришган ютуқлари, ўқувчиларига, жамиятга доимий таъсир кўрсатиш истаги ва салоҳияти ҳисобга олинади.

2022 йилги дастурда Ўзбекистондан 6 нафар инглиз тили ўқитувчиси ушбу дастур ғолиблари қаторида АҚШнинг турли штатларидаги университетларда малака ошириш ва мактабларда амалиёт ўтаб, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди.

Ҳозир Шавкат Гелдиевнинг 65 нафар шогирди инглиз тили бўйича олий таълим муассасаларида таҳсил олади. Устозига ҳавас қилган 3 нафар ўқувчи олий таълимни тамомлаб, шу мактабда фаолият бошлади. Уларнинг ҳам натижалари аъло даражада. Бу йил фан олимпиадасининг ҳудудий босқичида муаллимнинг икки нафар ўқувчиси 3-ўринни ва бир нафари биринчи ўринни эгалладиди .

Уларнинг натижасидан қувонган муаллим “Устозидан ўзмаган шогирд шогирд эмас. Худо хоҳласа, ўқувчиларим мендан-да юксак марраларни забт этади”, дейди фахр билан...

Зебинисо ИЛҲОМОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси