Фавқулодда вазиятлар Паркент туман бўлими 29-касбийлашган ёнғин қутқарув қисми ходимларининг иш тартиби, хизмат вазифалари билан яқиндан танишиш мақсадида бир оқшомни улар билан бирга ўтказишга қарор қилдим. Навбатчилик қисми ходимлари ҳар қандай кутилмаган вазиятларга шай. Шахсий таркиб билан саломлашиб, суҳбатлашиш учун улар даврасига қўшилдим. Жуда қувноқ йигитлар экан, дарров аския-пайров бошлаб юборди.

Бўлинмадаги беғубор кулгининг овозини бузиб телефон жиринглади. Ходимларнинг юзидаги табассум бир зумда сўниб, улар жиддий тортди. Ҳамма сергак. Туйқус югуришга, оний лаҳзаларда асбоб-анжомларни олиб машинага сакраб чиқишга тайёр.

— Ассалому алайкум, Паркент туман фавқулодда вазиятлар бўлими, эшитаман, — деган диспетчернинг овози эшитилади.

Диспетчер атай овозини баландлатиб гапиргани сезилди. Тушунишимча, бўлинма ходимлари бошқармадаги штаб мутахассиси қўнғироқ қилаётганини билишсин, бир оз тин олсин, деди.

Ҳар лаҳза ҳушёр, беором йигитлар бу гал ҳам тинчлик эканидан чуқур тин олиб, ғафлат босмаслиги учун бир-бирига ҳазиллашиб, яна гурунг бошлайди. Бу галги гурунг қаҳрамони ишга янги келган ҳайдовчи — Анвар Шарипов бўлди. У ҳам сўзамон, диловар йигит экан. Бу ҳазилларни тўғри тушуниб, қўшилиб кулади. Аслида ишга кирганига олти ойдан ошган бўлса ҳам, жамоада энг ёш кадр шу йигит экан.

Уларнинг 24 соатлик иш куни тонги соат 8-00да навбатчиликни қабул қилиб олишдан бошланар экан.

  • Навбатчи бўлинма иш топширади, бунда шахсий ҳимоя воситаларининг шайлиги текширилади, – дейди 29-қисм бошлиғи,сержант Исомиддин Жамолиддинов. – Кейинги навбат ўт ўчириш машиналарига. Зил-130, Зил-131 русумли 3та ўт ўчириш машиналарининг 2таси зирҳланган. Машиналарнинг жанговар шайлиги ҳар куни назорат қилинади. Ҳар бир эҳтиёт қисмлари изчил кўрикдан ўтказилиб, соз ҳолатга келтирилади.

Барча зарурий техникалар шай қилиб қўйилгач, қисм командири ҳар куни ёнғин ўчирувчиларга алоҳида, ҳайдовчиларга, диспетчерга, смена бошлиғига алоҳида махсус тайёргарлик дарсларини ўтиб, тушунтириш, тарғибот ишларини олиб борар экан.

  • Кейин эса навбат жисмоний машқларга келади,– дейди катта лейтенант Ҳайитбой Давронов. – Бу тадбирларнинг асосий сабаби воқеа жойида хатога йўл қўймаслик, фавқулодда вазиятда инсон ҳаётини сақлаш билан бирга хизматчининг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ходимнинг вазифалари қайта ўргатилади.

Йигитлар соат тунги 1-30 да кечки овқатга ўтирди. Ҳа, бу ҳолат кундалик турмуш тарзига одатланганим учун менга ғалати туйилди.

  • Бугун улар тушлик ҳам қилмади, – дейди 23 йилдан буён фавқулодда вазиятлар бўлими диспетчери лавозимида ишлаб келаётган Турсуной Шокаримова. – Бу каби ҳолатлар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари учун одатий ҳолга айланган. Ишдан бўш вақтлари овқатланади. Гап шундаки, бугун соат 11-05да Бўстон қишлоғида жойлашган хонадон омборхонасида ёнғин бўлаётгани, олов икки қаватли 1 500дан ортиқ хашак боғлами сақланаётган оғилхона биносига ўтиб бораётгани ҳақида қўнғироқни расмийлаштириб олдим. Зудлик билан қисм бошлиғига хабар бериб, ўт ўчириш машиналарини йўлга чиқардик.

Қўнғироқдан бир дақиқа ўтмай туриб, жанговар ўт ўчириш машиналарида иккита бўлинма йўлга чиқиб, 11-27да воқеа жойига етиб борди.

  • Олов - тилсиз ёв, дейди. Ҳақиқатан, ҳеч нарсани аямай ёпирилиб, қуршовига олганини кул қилгувчи бу кучли рақибнинг исканжасига фақат қуролланиб, тезкорлик, шижоат ва матонат кўрсатибгина бас келиш мумкин, – дейди смена бошлиғи, сержант Мурод Нуртоев. – Кўрилган барча амалий чоралар туфайли ёнғин 13-45да ўчирилди. Бироқ бу ёнғин бартараф этилди, дегани эмас. Хашак боғламларининг оловдан бутун қолганлари ҳануз тутаб турарди. Уларни бирма-бир ташқарига олиб чиқдик, ёниб кетишига йўл қўймадик. Ёнғин сабаб омбор ва оғилхонанинг қарийб 190 метр квадратига зарар етди. Ҳайриятки, ҳеч ким жабрланмади.

Ўзлари тайёрлаган овқатни кулиб-кулиб, мақтаб егани билан, йигитларнинг ҳеч бири на овқатнинг исини ва на таъмини сезмаяпти. Димоқлари тутун заҳри билан тўлган. Ютунганларида ҳам куйинди таъми келиб турибди, шекилли.

  • Йигитлар жуда чарчаган, ўн икки соатда ёнғин бўлган жойдан қайтиб келди. – дейди Исомиддин ака оҳиста тушунтирган бўлиб. – Мингдан ортиқ хашак боғламини ташиб, ёнғинни тўлиқ бартараф этди. Ёнғин сабаблари ўрганилганда, омборхонадаги электр симларининг қизиши оқибати эканлиги ойдинлашди. Эътиборсизликнинг оқибатида катта миқдорда мулкий зарар етди. Хонадон эгаси электр тармоғига уланишда кейинчалик уланиши, ишлатилиши мумкин бўлган жиҳозларни инобатга олганида, ёки симларни қизишига олиб келадиган даражада электр қувватидан фойдаланмаганида эди, бундай бўлмасди. Кўпгина ёнғинлар электр симлари қизиб, қисқа туташиши, очиқ алангадан фойдаланиш, хазон ёқиш, тамаки қолдиғини ўчирмай улоқтириб юбориш каби эътиборсизлар сабаб келиб чиқади.

Йигитлар тунги кўрсатувларни томоша қилиш учун телевизор қаршисида ўтирсада, қулоқлари динг, руҳлари сергак. Уларга қўшилиб менинг ҳам дилимдан бир гап ўтади: «Тинчлик бўлсин!»

Бўлим ходимлари кутилмаган вақтда, кутилмаган манзилга етиб боришга, фавқулодда ҳолатларда ўзини йўқотмай тезкорлик билан ҳаракатланишга ўрганган. Бироқ айрим фуқаролар орасида фавқулодда вазиятлар бўлимига нисбатан ишончсизлик каби салбий муносабатлар учраб туради. Мана шу масала борасида диспетчер Турсуной Шокаримова батафсил тушунтириб берди:

– Масалан, ёнғин бўлаётганини айтиб хабар берилганда, мурожаатчидан қайта боғланиш мақсадида телефон рақами, исм-шарифи сўралса, фуқаролар нотўғри мулоҳаза юритиб, эътироз билдиради. Ёки, ёнғин вақтида воқеа жойида яқин атрофда сув захираси мавжудлиги сўралса, ўт ўчириш машинаси сувсиз келгани тўғрисида гапирилади. Аслида эса ўт ўчириш машинасида икки тонна тўрт юз литр сув бўлиб, бу сув бор-йўғи 10-15 дақиқага етади холос.

Яна бир ҳолат, фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлар уйма-уй юриб фуқаролардан пул йиғиши тўғрисидаги асоссиз гаплар. Фавқулодда вазиятлар бўлимининг асосий вазифаси ёнғинларнинг олдини олиш, фуқароларга тушунтиришлар бериш, ёнғинларни бартараф этиш, қутқарув ишларини олиб боришдан иборат. Ана шу жиҳатдан фуқаролар ёнғинга қарши курашувчи масъулияти чекланган жамиятлар ходимлари билан фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларини адаштиради. Жамият ходимлари фуқароларга тушунтириш, тавсиялар беришни пуллик асосда олиб боради. Мўриларни тозалаш каби пуллик хизмат кўрсатади. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари эса ҳеч қачон, ҳеч қандай сабаб билан уйма-уй юриб пул йиғишлари мумкин эмас. Улар хонадонларда бепул ўрганишлар олиб боради ва ёнғин хавфсизлиги, техника ва санитария хавфсизлиги юзасидан зарурий кўрсатмалар беради.

Турсуной опа, телефондан нари кетмас экан. Гоҳ бошқарма, гоҳ штабдан қўнғироқ қилиб, маълумот сўрайди. Маълумотлар тўғри ва аниқ етказилиши талаб этилади албатта. Диспетчер хонасида эҳтиёт шартидан иккита телефон аппарати (бири ишдан чиқса, иккинчиси ишлайверади) ва рация ўрнатилган экан. Бўлинма бошлиғи маълумот олиш, ёки ёрдамчи куч чақириш мақсадида нафақат туман диспетчери, балки қўшни туманлар, ёки штаб билан кўчма рация орқали боғлана олар экан.

Аёлининг 24 соат давлат ишида ишлаши ҳеч бир эркакка ёқмайди албатта. Бироқ Турсуной опа ўзининг шижоати, матонати сабаб, ҳам ишлаб, ҳам рўзғорни эплаб келаётганини илғаш қийин эмас.

– Ҳаммаси яхши бўлавермайди ҳаётда. Ишдан афсусланган вақтларим ҳам бўлган, айниқса байрам, тўй ёки маросимда қатнаша олмай қоламан, – дейди Турсуной опа. – Энг ёмони иш вақтида, мурожаатчи уйи ёнаётганига аламидан сўкиб, бақирганида бўлган. У фуқародан хафа бўлмаганману, қаттиқ йиғлаганман ўшанда. Кейинроқ ўша киши қўнғироқ қилиб узр сўраган.

Фавқулодда вазиятлар бўлимида фидоий ходимлар ишдан кўнгил узмай, халқ тинчлиги, фаровонлиги учун хизмат қилади экан, осойишталигимиз ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўлдим. Халқимиз ҳеч кимга «уйинг куйсин» - демайди асло. «Тинчлик бўлсин, соғлик бўлсин», дейди. Туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳар бир кунни яратганнинг инояти – деб билиб, янги тонгни умид билан қаршилайди. Аҳоли тинчлиги, осойишталиги учун хизмат қилаётганларини ич-ичидан сезиб, фидокорона хизмат қилади.

Тунги навбатчилик тинч ўтди. Соат 8-00да кейинги навбатчи гуруҳ хизматни қабул қилиб ола бошлади. Яна шахсий ҳимоя воситалари, асбоб-анжомлар кўрикдан ўтказилди.

Барча ходимлар билан хайрлашиб, навбатчи диспетчерга хизматини топширган Турсуной опа билан эшикдан чиқарканмиз, юз-кўзи алланечук таниш бир йигит ёнимизга югуриб келди.

  • Ассалому алайкум, ойижон, навбатчилик яхши ўтдими?
  • Раҳмат, болам, ўзинг ўзинг яхшимисан, яхши ўтирибсизларми? Таниш,

«Паркент тонги» газетасидан мухбир келди. (Менга қараб) Ўғлим Исмоилжон, қутқарувчи-ўт ўчирувчи бўлиб ишлайди. (Ўғлига) Ишқилиб, яхши овқатландингми?

Достонбек Шарипов,

Тошкент вилояти Паркент тумани
«Паркент тонги» газетаси мухбири.