Қайд этилганидек, ҳужжат органик маҳсулотлар (органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилиш, шунингдек мувофиқликни баҳолаш ва авторизациялаштириш) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Ушбу Қонунда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга мувофиқ улар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш чоғида ўз фирма номидан, товар белгисидан ва хизмат кўрсатиш белгисидан фойдаланиш, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш учун зарур бўлган хизматлар (ишлар) турларини, шу жумладан мувофиқликни баҳолаш органларини ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларни мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Қонун билан органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар фаолияти доирасида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши белгиланган.
Ушбу Қонун билан органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга доир шартлар ва талаблар, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва давлатимиз ҳудудидан олиб чиқиш тартиби мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, мувофиқликни баҳолаш органини авторизациялаштириш, органик маҳсулотлар соҳасидаги эквивалентликни баҳолаш, органик маҳсулотларни тамғалаш механизмлари ҳам очиб берилган.
Қонуннинг қабул қилиниши органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъектлари муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.