Мазкур рейс халқаро туризмни ривожлантириш мақсадида 2022 йил 4-17 сентябр кунлари Германиянинг «Lernidee Erlebnisreisen» туристик компанияси ҳамкорлигида йўлга қўйилди. 

Поезд йўловчилари Норвегия, Шветсария, Франция, Германия ва АҚШдан келган сайёҳлар бўлди. Германияда 70 нафар сайёҳдан иборат гуруҳ йиғилиб, Франкфурт – Тошкент рейси билан Ўзбекистонга олиб келинди. Шундай қилиб, бир ҳафта давомида сайёҳлар Буюк Ипак Йўли бўйлаб поездда бўлишди.

Поезд 11 та асосий вагондан ва 1 та захира вагондан иборат. Яъни, 4 та люкс вагон (ҳар бири 8 ўринли), 4 та юқори қулайликдаги ўз душига эга бўлган вагон (16 ўринли), 2 та ресторан вагони, ходимлар учун 1 та вагон.

Ушбу поезд Ғарб ва Шарқ маданиятларининг ҳақиқий аралашмаси. Вагонларнинг бир қисми – Ўзбекистонда – Тошкент вагонларни қуриш заводида ишлаб чиқарилган, бир қисми — «Россия темир йўллари»га тегишли.

Вагондан вагонга ўтишда муҳит ўзгаради: ички интерьер, идишлар, ресторандаги ошхона ва бошқалар. Вагонларнинг бирида стол устида «пахтагул» орнаментли пиёлалар, бошқа вагонда эса, рус анъанавий нақшлари билан безатилган идишлар туради.

Барча вагонлар миллий услубда безатилган. Маҳаллий ишлаб чиқарилган вагонларда деворлар ўзбек миниатюралари услубида, деразаларда – адрас пардалари, оёқлар ости — шарқона нақшли қизил гиламлар билан безатилган. Бундан ташқари, ҳар бир вагонда телевизор, кийим-кечак шкафлари ҳожатхона ва бошқа зарур нарсалар мавжуд.

2022 йил 7-18 октябрь кунлари Олмаота — Ташкент — Қамаши — Китоб — Самарқанд — Хива – Бухора — Хўжанд — Тошкент йўналишида иккинчи «Orient Silk Road Express» туристик чартер поезди ташкил қилинади.