Иқлим инсон ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади. Шу боис қурғоқчилик жараёнларини ўрганиш, Орол денгизи фожиасини юмшатиш, у келтирадиган зарарни камайтириш борасида тадқиқотлар олиб бориш, прогнозлаш бугунги кунда долзарб масалалардан бирига айланган.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, Қорақалпоғистон ҳудудида жорий қиш мавсумида олдинги йилларга қараганда ёмғир ва қор бирмунча кўп ёғмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик учун айни муддао.  Қор ва  ёмғирнинг кўп ёғиши шўрланишнинг ҳам олдини олади.

— Ёмғир миқдори кўп йиллик нормага солиштирилганда баъзи жойларда меъёрдан паст, бироқ 2019-2020 йилларга таққослаганда анча юқори. Кўп ёғингарчилик бўлиши қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишни кафолатлайди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси гидрометерология бошқармасининг муҳандис-синоптиги Рашид Султашов. — Шунингдек, кўп йиллик ўртача ёмғир миқдори 107 миллиметрни ташкил этади. Солиштириб кўрадиган бўлсак, 2020 йилда ўртача 75,6 миллиметр, 2021 йилда эса 76,8 миллиметр миқдорда ёғингарчилик бўлган. Бу йил қор ва ёмғир ўтган йилларга нисбатан кўп ёғиши кутилмоқда. Энг асосийси, ерда намлик миқдорининг юқори бўлиши Орол денгизи тубидаги саксовуллар ва экин майдонлари учун жуда фойдали. 

Мутахассиснинг билдиришича, мамлакатимиз шимолий қисмида декабрь ойида ёққан қор ҳали ҳам эриб улгурмаган.

— Деҳқонларимиз орасида қорда ҳаводаги чанг ва тузлар ҳисобига шўрланиш кучаяди, бу эса ғалла ҳосилига зиён етказади деган хавотирлар тарқалганди, — дейди Беруний тумани ирригация бўлими раҳбари Жасур Ешанов. — Ғалла майсалари устини қоплаган қорни махсус ускуна ёрдамида текшириб кўрдик. Натижада 0,04 дан 0,08 гача бўлган кўрсаткич қайд этилди. Бундан кўринадики, қор шўр эмас. Деҳқонларимизнинг хавотирига ўрин йўқ. Аксинча, кетма-кет ёққан қалин қор ғалла майдонлари учун жуда фойдали бўлиб, камида бир маротаба суғориш ўрнини босади. Қор остидаги буғдой майсалари яхши ривожланяпти. 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири