Бугун мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Қорақалпоғистон ҳам ўзининг янги тараққиёт даврига қадам қўймоқда.

Президентимиз Оролбўйи ҳудудини барқарор ривожлантириш, у ерда яшаётган аҳолининг ҳаёт сифати ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалаларига доимий эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, 2017 йилдан ҳозирга қадар Қорақалпоғистонни равнақ топтириш, обод ва фаровон ҳудудга айлантиришга қаратилган 80 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Мазкур ҳужжатлар асосида яратиб берилган кенг имкониятлар туфайли барча соҳада янгиланиш ва жадал ўсиш рўй бермоқда.

Мисол учун, Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2017 йилда 13 триллион 500 миллиард сўм ёки 1 миллиард 600 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган даврда бу кўрсаткич 4 баробар ўсиб, жорий йил бошида 54 триллион сўм ёки 4 миллиард 500 миллион доллардан ошди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2017 йилдаги 7,5 миллион сўмдан 26,5 миллион сўмга етди.

Қисқа муддатда бизнес ва инвестициялар учун қулай муҳит, тадбиркорларга даромад топиши учун янгидан янги имкониятлар яратилгани натижасида ҳозир ушбу ҳудудда замонавий саноат ва кучли тадбиркорлар қатлами шаклланди. Буни ўтган даврда корхоналар сони икки баробар кўпайиб, 26 мингтага, саноат маҳсулотлари ҳажми эса 4,2 баробар ўсиб, 29 триллион сўмга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин. 2017 йилда 6 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, бу кўрсаткич қарийб 500 баробар ўсиб, 2025 йилда 2 миллиард 500 миллион долларни ташкил қилгани диққатга сазовор. Экспорт ҳажми эса 2017 йилдагига нисбатан 13,5 баробар ошиб, 2025 йилда 435 миллион долларга етди.

Аҳоли ва тадбиркорлар учун берилган алоҳида имтиёзлар ҳақида айтсак, тадбиркорлар учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи ставкалари 2 карра камайтирилди. Ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди. Натижада 2023-2025 йилларда 17 мингдан ортиқ тадбиркор ихтиёрида 567 миллиард сўмдан зиёд маблағ қолди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон учун лойиҳаларни амалга ошириш маркази, Тадбиркорликка кўмаклашиш дирекцияси, Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жамғармаси фаолият юритмоқда. Ҳудудда 7 йил муддатга 14 фоизли, 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар берилиши йўлга қўйилди. Саноат корхоналари учун электр энергиясидан 15 фоизли имтиёз берилиши натижасида 2500 дан ортиқ ­корхонанинг ҳар ойда ўртача 4-5 миллиард сўм маблағи тежалмоқда.

Бундай имкониятлар туфайли кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2020 йилдаги 62,5 фоиздан 2025 йилда 65,5 фоизга кўтарилди. Саноатдаги улуши эса мос равишда 24,7 фоиздан 41,3 фоизга, хизмат кўрсатишда 52,2 фоиздан 74 фоизга, экспортда 21,6 фоиздан 43,7 фоизга етди.

Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш ва уй-жойга талабини қондириш мақсадида ­қилинаётган ишлар туфайли сўнгги тўрт йилда Оролбўйида 8749 хонадонли 224 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. 1734 фуқарога 53 миллиард 400 миллион сўмлик субсидия ажратилиб, бошланғич тўлови қоплаб берилди. Жорий йилда эса яна 4206 хонадонли 103 та кўп қаватли уй қурилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи асосида ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилиниб, ночор ҳолатдаги қарийб 18 минг 500 та хонадон янгидан қурилди ва таъмирланди. Шу тариқа оғир шароитда яшаётган 70 мингга яқин кишининг уй-жой шароити тубдан яхшиланди. Президент ­Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Хўжайли туманидаги Саришингил, Жана Жап ва Кун нури маҳаллаларида термитдан зарар кўрган 147 та уйда яшаётган одамлар билан шахсан учрашиб, мулоқот қилди. Шундан кейин бу оилаларни бошқа жойга кўчириш учун бюджетдан 33 миллиард сўм ажратилди.

Тахиатош туманида ўтган асрнинг 50-йилларида ёғочдан вақтинчалик ётоқхона сифатида қурилган 5 та барак типидаги уйда яшовчи тўқсондан ортиқ оила ҳам талабга жавоб берадиган уйларга кўчирилди. Қўнғирот туманининг Бўстон ва Жаслиқ аҳоли пунктларида авария ҳолатидаги кўп қаватли турар жойларда яшовчи фуқароларга янги қурилган кўп қаватли уй-жойлар бепул топширилди.

Албатта, Қорақалпоғистоннинг чекка туман ва овулларидаги бундай улкан бунёдкорлик ишлари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Шу ўринда яна бир мисолни келтириб ўтмоқчимиз. Нукус шаҳридан 440 километр, Қўнғирот тумани марказидан 340 километр ­олисда жойлашган Қорақалпоғистон посёлкаси ­мамлакатимизнинг шимолий дарвозасидир. Устюртнинг қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бепоён текисликлари бағрида жойлашган ушбу овул ҳаётида Президентимизнинг 2018 йилда берган топшириғидан кейин туб ўзгаришлар рўй берди.

Хусусан, 25 та кўп қаватли уй, ички йўл ва йўлаклар таъмирланди. Кўчаларга ёритқичлар ўрнатилди. Ёш оилалар, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар учун 24 та арзон уй-жой, божхона хизмати ходимлари ва чегарачилар учун хизмат уйлари барпо этилди.

Ҳудуддаги 41 километрли ичимлик сув тармоғи яхшиланди, 16 километр ички йўллар, 21 та трансформатор, 3 километр газ тармоғи ва 16 та газ тақсимлаш нуқтаси, метеостанция, темир йўл вокзалида таъмирлаш ишлари бажарилди, 2 та бекат қурилди.

Саккизта ижтимоий объект, жумладан, иккита умумтаълим мактаби, иккита мактабгача таълим ташкилоти, ўсмирлар спорт мактаби, коллеж, оилавий поликлиника биноси мукаммал таъмирланди. Ўтган асрнинг 90-йилларидан буён қаровсиз қолиб кетган клуб замонавий маданият саройига айлантирилди. Маҳаллада футбол ва болалар майдончаси барпо этилди. Тикув цехи ишга туширилиб, 80 хотин-қиз доимий даромад манбаи билан таъминланди. Бир сўз билан айтганда, ушбу олис чегара ҳудудда қилинган ишлар давлатимиз халқпарвар сиёсатининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Ҳудудда йўлларни обод қилишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистонда кейинги 5 йилда 6579 километр узунликдаги йўлларда қурилиш-реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, 2533 километр асфальт ва бетон йўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, 4046 километр йўлга шағал ётқизилди.

“Қўнғирот — Бейнов” автомобиль йўлининг 240 километр қисмига цемент-бетон қопламаси ётқизилгани нафақат Оролбўйи ҳудуди, балки мамлакатимиз ҳаётидаги улкан воқеалардан бири бўлди. Амударё устида темир йўл ва автомобиль йўлидан иборат йирик қўшма кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилиши билан қорақалпоғистонлик ва хоразмликларнинг асрий орзуси ушалди.

Кейинги 9-10 йилда ижтимоий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, давлат қарамоғидаги 264 та болалар боғчасида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилиб, қамров 2016 йилдаги 25 фоиздан 84 фоизга етказилди ва Қорақалпоғистон бу борада энг илғор ҳудудлардан бирига айланди.

Шунингдек, 224 та мактаб қурилгани ва мукаммал таъмирлангани ҳисобига минглаб янги ўқувчи ўрни очилди, уч сменали ўқиш тўлиқ тугатилди.

Ислоҳотлар бошланганидан буён ҳудуддаги олийгоҳлар сони 6 тадан 11 тага етказилди. Олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичи 2016 йилдаги 9 фоиздан 55 фоизга кўтарилди. Буларнинг барчасида қорақалпоғистонлик ёшлар учун ажратилаётган қўшимча квоталар муҳим асос бўлмоқда. Ҳудудда ишлаб чиқариш кўлами кенгайиши натижасида кадрларга талаб ошди. Шу туфайли Президентимизнинг фармонига асосан 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб ҳозирга қадар қорақалпоғистонлик ёшлар учун қўшимча 30 минг 700 ўрин ажратиб берилди.

Оролбўйида 2023-2025 йилларда 253 миллиард 395 миллион сўм ҳисобидан 67 та соғлиқни сақлаш объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Тиббиёт ривожига қаратилаётган эътибор натижасида аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим даражасини бир неча марта камайтиришга эришилди. Нафас олиш тизими касалликлари камайиши кузатилмоқда. Жумладан, бирламчи касалланиш 2022 йилда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 42 минг 449 нафарни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 33 минг 294 нафарга тушди. Нафас олиш тизими бўйича умумий касалланиш эса 100 минг аҳолига 14 минг 798 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозир 10 минг 50 нафарга тушди. Эътиборлиси, бундай ижобий ўзгариш муттасил сақланиб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг “Маданият Мўйноқдан бошланади” деган, эзгу ташаббуси асосида туманда рўй бераётган ўзгаришлар кишини қувонтиради. Илгари умидсиз ва истиқболсиз бир ҳудуд сифатида қаралган Мўйноқ бугун янги имкониятлар ва тараққиёт ҳудудига айланди. Қисқа муддатда туманнинг меъморий қиёфаси янгиланди, инфратузилма сезиларли даражада яхшиланди, кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.

Бўзатов қайта ташкил этилган пайтда туман маркази ташландиқ ҳолга келиб қолганди. Бу ердаги бунёдкорлик ишлари натижасида бугун ҳудуд Оролбўйидаги энг сўлим ва обод масканлардан бирига айланди.

Президентимиз фаолиятининг илк даврларидан Орол денгизи қуриши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга катта эътибор қаратиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари 2018 йил ноябрда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида олим ва мутахассислар билан учрашиб, қуриган денгизнинг салбий таъсирини камайтириш бўйича атрофлича фикр алмашган эди. Пировардида денгиз ўрнида яшил қоплама — ҳимоя ўрмонлари барпо этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берганди.

Ўша йилнинг декабридан эътиборан юртимиз бўйлаб янги ҳаракат бошланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудуди вакиллари, Фавқулодда вазиятлар ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари тизими ходимлари, ўрмончилар айни қиш чилласида, 25-30 даражали совуққа қарамай, амалий ишларга киришди.

Биринчи мавсумнинг ўзида 1 миллион 125 минг гектар майдонда қумни ушлаб қолиш ва намликни сақлаб туриш учун ер тайёрлаш ишлари бажарилди. 461 минг гектар ерга саҳро шароитига мос саксовул, черкез, қандим, қорабароқ каби ўсимликлар экилди.

Шу ўринда таққослаш учун битта мисол келтирамиз. 1984-2018 йилларда, яъни 34 йил давомида Оролбўйи ҳудудидаги 350 минг гектар майдонда ўрмон барпо этилган бўлса, 3-4 ойдаёқ ушбу майдондан 111 минг гектар кўп яшил қоплама ташкил қилинди. Бу том маънодаги тарихий воқеа, Оролбўйида янги даврнинг бошланиши эди. Президентимиз раҳбарлигида келажак авлодларга тоза ҳаво, мусаффо осмон, гўзал табиат, обод ва фаровон Ватан қолдириш мақсадидаги улуғ ишларнинг дебочаси эди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан ўшандан буён ҳар йили Орол денгизининг қуриган тубида қиш ва баҳор ойларида яшил қопламалар барпо этиш бўйича ҳукуматимизнинг алоҳида қарори қабул қилинмоқда. Ушбу ҳужжатларда ­бажариладиган ­барча ишларнинг кўлами ва молиявий манбаси аниқ белгилаб берилаётгани муҳим амалий аҳамиятга эга.

Ўтган йилларда Оролга янги ҳаёт бахш этишга қаратилган ишлар умумхалқ ҳаракатига айланди. Бунда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва ўрмончилар билан бирга ёшлар, нуронийлар, зиёлилар, санъаткорлар, депутатлар, бир сўз билан айтганда, бутун халқимиз фаол иштирок этмоқда. Қуриган денгиз туби кўп миллатли халқимизнинг мардлик ва ­матонат, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат мактабига айланди.

Кузатув ва ҳисоб-китобларга кўра, 2018-2025 йилларда экилган ўсимликларнинг ўртача кўкарувчанлиги 55-60 фоизни ташкил этмоқда. 2019-2020 йилларда барпо этилган ўрмонларда саксовулнинг бўйи ўртача 2-3 метрга етган. Ҳозир ўсимликларнинг уруғ тугиб, ён-атрофга сочилиш — табиий тикланиш жараёни кузатилмоқда.

Мамлакатимиз етакчиси Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифида Орол денгизида қилинаётган ишлар билан танишишга алоҳида вақт ажратади. Денгиз тубидаги ишлар давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва назоратида. Қандай учрашув, мулоқот бўлмасин, доим ишлар қандай кетаётгани тўғрисида сўрайди.

Президентимиз 2022 йил февралда Орол денгизи тубида қилинаётган ишлар билан бевосита танишди, “етмишинчи километр” деб шартли белгилаб олинган ҳудудни бориб кўрди. Айтиш мумкинки, барқ уриб кўкараётган саксовуллар билан “гаплашди” ва “диллашди”. Бамисоли фарзандининг камолини кўрган ота каби хурсанд бўлди. Атроф-муҳит муҳофазаси, Оролбўйида яшаётган аҳолининг саломатлиги, турмуш шароити билан боғлиқ ушбу ишларни бир муддат ҳам тўхтатмаслик, зарур маблағ ва воситаларни ажратиш юзасидан қўшимча кўрсатма ва топшириқлар берди.

Ана шундай эътибор туфайли Оролда бажарилаётган ишларнинг ижобий натижалари аллақачон намоён бўла бошлаган. Ҳозиргача 2 миллион 97 минг гектар майдонда чўл ўрмони пайдо бўлди. Бунинг учун 8500 тоннага яқин чўл ўсимликлари уруғи экилди. Натижада ҳудудда илгари тез-тез кузатиладиган қум-чанг бўрони кескин камайди, ҳаво таркибидаги майда қум зарралари миқдори эса 70-75 фоиз пасайган. Ёғингарчилик миқдори ошиши кузатилмоқда. Жорий йил февралда Мўйноқда ёғин миқдори ўртача меъёрга нисбатан 196 фоиз кўп бўлди. Орол тубига март ойида ҳам қор ёғди.

Оролнинг қуриган тубида қилинаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Чўлланишга қарши конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау 2023 йилда ушбу ҳудудда бўлиб, кўрганларидан ҳайратини яшира олмади. Иброҳим Тиау Ўзбекистоннинг яшил оламни қайта тиклаш борасидаги ташаббуслари ва эришаётган ютуқлари жиддий эканини таъкидлаб, мамлакатимиз ер деградациясининг олдини олиш, ерларни қайта тиклаш бўйича етакчи давлатлар қаторига киргани, амалий ҳаракатлари билан барчага намуна бўла олишини айтди.

Ўзбекистондаги қирқдан ортиқ хорижий давлат элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам 2023 йили Мўйноқ шаҳри ва Орол тубида бўлиб, ўзгаришларга юксак баҳо берди. Яқинда БМТнинг Ўрмон форуми раиси Исмаил Белен ва Ўрмон форуми котибияти директори Жулетте Биао ҳам денгиз тубидаги кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиб, Ўзбекистоннинг Орол ҳудудида янги экологик тизим яратиш борасидаги тажрибасини юксак эътироф этгани бежиз эмас, албатта.

Бу ноёб тажриба қўшни мамлакатларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Мисол учун, 2020 ва 2024 йилларда қозоғистонлик олим ва мутахассислардан иборат илмий гуруҳ ўзаро тажриба алмашиш учун ушбу ҳудудда бўлди. Кўкаламзорлаштириш бўйича лойиҳа натижалари уларни ҳайратга солди. Самолёт ёрдамида сепилган уруғларнинг юқори унувчанлиги улар учун муҳим янгилик бўлганини алоҳида қайд этди.

Қозоғистон делегацияси юртимизда тўпланган тажрибани яқиндан ўрганиб, чўлланиш муаммосини ҳал қилишда янги билим ва имкониятларга эга бўлди. Келгусида улар ўз мамлакатининг жанубий қисмидаги чўл ҳудудларда қумнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган “яшил камар”ни яратиш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ўтган йили Оролда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг илмий-тадқиқот станцияси иш бошлади. У ерда олим ва мутахассислар шўрланган тупроқ унумдорлигини тиклаш, шўрга чидамли ўсимликлар ривожланиши ва чангланишини кузатиш, тупроқ, қум кўчиши, сув ва иқлим ўзгаришлари каби жараёнларни таҳлил қилиш билан шуғулланади.

Мутахассисларнинг айтишича, станция Оролбўйи ҳудудида экотизимни тиклашга қаратилган янги илмий ёндашувларни синовдан ўтказиш, олинган натижаларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни амалиётга жорий этиш имконини беради. Бу эса минтақанинг узоқ муддатли экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим илмий платформа бўлиб хизмат қилади.

2026 йилда 215 минг гектар майдонда яшил қоплама барпо этиш белгиланган бўлса, ундан кўпроқ — 231 минг 530 гектар майдонга 690 тонна саксовул ва бошқа ўсимликлар экилди. Ушбу тадбирларга ўрмон хўжалигининг 622 ишчиси, 730 та махсус техника ва агрегат, 2 та самолёт жалб этилди.

Хуллас, ҳозир Орол денгизи очиқ осмон остидаги илмий лабораторияга, янги илмий-амалий ғоя ва ишланмалар яратиладиган инновацион ҳудудга айланиб бормоқда.

Аҳамиятлиси, бу ерда бўй чўзаётган янги ўрмонлар бағрида халқаро илмий анжуманлар, дўстлик ва сайёҳлик фестиваллари, ёшлар иштирокида турли-туман тадбирлар, уч авлод учрашувларини ўтказиш анъана тусига кирмоқда.

Яқинда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз 2027-2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси президенти этиб сайланди. Кенгаш мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги кучайиб бораётган шароитда жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш ва унинг ролини кучайтиришга қаратилган қатор амалий ташаббуслар илгари сурилди. Бу Орол денгизи ҳавзасида экологик вазиятни яхшилаш, сув ресурсларини бошқариш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича қилинаётган ишлар нафақат мамлакатимизда, қолаверса, минтақамизда ҳам тизимли давом этишини англатади.

Умуман, Қорақалпоғистон нуфузли халқаро форумлар, ранг-баранг маданий тадбирлар тез-тез ўтказиладиган маданият ва санъат марказига айланиб бормоқда. Мисол учун, Бўзатов туманида 2021 йилдан буён ташкил этиб келинаётган “Ёшлар овози” фестивали кўп миллатли мамлакатимиз ёшларини бирлаштираётгани билан ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Ўтган йил апрелда яна бир йирик тадбир — Орол маданият саммити муваффақиятли ўтказилди. Ушбу анъанавий форум Оролбўйи ҳудудида қулай табиий муҳит яратиш, ҳудуднинг ноёб маданияти ва тарихий меросини асраб-авайлаш ҳамда кенг оммалаштириш, ушбу йўналишларда илмий тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар ва ижодий ташаббусларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилади.

Президентимиз ташаббуси билан 2024 йили Нукус шаҳрида дунёда энг катта қорақалпоқ ўтови қад ростлади ва “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилди. Ўтган йили эса қорақалпоқ халқининг миллий чолғу асбоби — қўбиз, жировчилик санъати ҳамда қора уйнинг ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилгани қорақалпоқ маданияти ва анъаналарига кўрсатилаётган эътибор ифодасидир.

Ўтган йили Нукус шаҳридан 130 километр узоқликдаги улуғвор Буржитов этагида бунёд этилган ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, бир сўз билан айтганда, туркий халқларнинг қадимий маданияти ва турмуш тарзини ўзида ифода этган этноовул мажмуаси сайёҳлар энг кўп келадиган масканлардан бирига айланди.

Шунингдек, Элликқалъа туманидаги “Ақчакўл” сайёҳлик рекреацион зонаси, Тахтакўпир туманидаги Қоратерен дам олиш мажмуасида улкан бунёдкорлик ишлари бажарилди ва сайёҳлар учун барча шароитга эга янги туризм объектлари пайдо бўлди.

Бундай йирик лойиҳалар натижасида ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти изчил ошиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда Қорақалпоғистонда 61 та меҳмонхона фаолият юритган бўлса, бугун қарийб 2 баробар кўпайиб,

109 тага етди. 2021 йилда хорижлик сайёҳлар сони 20 минг нафарни ташкил этган бўлса, ўтган йили 400 минг нафардан ошди.

Бугун иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган бундай ишлар бошқа соҳаларда ҳам бажарилмоқда. Хусусан, Қораўзак туманидаги “Тебинбулоқ” кони негизида йилига 58 миллион тонна темир рудасини қазиб олиш қувватига эга завод қурилиши қизғин давом этмоқда.

Аҳоли, айниқса, иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига талабини таъминлаш мақсадида Қўнғирот, Қораўзак ва Беруний туманларида дунёга машҳур “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда қуввати 7200 мегаваттли йирик шамол электр станциялари барпо этилмоқда. Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида нефть-газ соҳасида умумий қиймати 200 миллион долларлик 4 та лойиҳа амалга ошириляпти.

Жаҳон банки инвестицияси ҳисобидан Нукус шаҳрида канализация тармоқлари ва объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Худди шундай ишлар Тахиатош ва Хўжайли туманларида ҳам бажарилади.

Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида Осиё тараққиёт банки маблағи ҳисобидан ичимлик сув таъминотини яхшилашга қаратилган катта ҳажмдаги ишлар жадал кетмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳоли учун қулай шароитлар барпо этиш янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бирига айланган. Барча янги ташаббус ва саъй-ҳаракатлар ушбу ҳудуд аҳолиси учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис этиб яшаётган Қорақалпоғистон аҳли юксак марралар сари ишонч билан бормоқда. Бу эса ушбу диёрни экологик муаммолар гирдобида қолган ҳудуддан янгиланиш, бунёдкорлик, янги имкониятлар масканига айлантирмоқда.

Турсинхан ХУДАЙБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш

масалалари бўйича маслаҳатчиси