Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар зали сув қуйгандек жим-жит. Бир неча дақиқадан сўнг давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Қорақалпоғистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш бошланади.
Йиғилиш Кегейли туманида бўлади, қолган барча туман ва шаҳарлар вакиллари видеокузатув орқали иштирок этади.
Шу лаҳзаларда бир қур атрофига разм солган киши барчанинг юзу кўзида Президентимиз бу сафар бизни қандай янгиликлар билан сийлайди, олдимизга қандай вазифалар қўяди, деган нозик ҳаяжонни илғайди.
Бу табиий ҳол. Зеро, мамлакатимиз раҳбари жойлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан юзма-юз учрашиш мақсадида қайси вилоятга бормасин, албатта, қилинган ишларни халқ билан биргаликда муҳокама-таҳлил қилади, одамларнинг турмушини фаровон қилиш, иқтисодий ҳолатини юксалтириш бўйича йирик лойиҳаларни ўртага ташлайди. Шу тарзда сўровлар, ҳисоботлар, савол-жавоблар, топшириқлар бошланади..
Бу галги мулоқот аввалгиларидан бошқачароқ бошланди. Тадбир аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди.
Беруний туманидаги “Беруний буғдой кластер” ҳамда “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” заводининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги “ККРаси кемикал”, Нукус шаҳридаги “Азимут ҳотел”, Тўрткўл туманидаги “Хозагро” вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди. Бу корхоналарда жами 1100 та доимий иш ўрни яратилади, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.
Президентимиз рамзий тугмани босди, янги корхоналар ишга тушди, қарсаклар янгради.
Қарсаклар янграётганда Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 август куни Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида айтган бир сўзи эсимга тушди. — Мен сизлар билан учрашганда, — деган эди ўшанда давлатимиз раҳбари, — сизнинг қизғин қарсакларингизни эмас, кўзларингиздаги қувончни кўриш учун келаман. Сабаби, тарихдан яхши маълум, қорақалпоқ халқи тарихда ҳамма вақт қайғу-алам, оғир дард билан кун кечирган.
Президент бекорга айтган эмасди бу сўзларни. Қорақалпоқ халқи ўтмишини яхши билган, дарду ташвишларини дил-дилидан ҳис қилган одам айтиши мумкин эди бундай гапларни.
Илло, ҳар бир халқнинг узун тарихи, босиб ўтган йўли, бошидан кечирган иссиқ-совуқ кунлари бор. Тўфону бўронлар гирдобида тобланиб, чиниқмаган элат ҳам, миллат ҳам йўқ бу дунёйи дунда. Аммо ҳеч ким қорақалпоқчалик аччиқ изғиринларга дуч келмаган бўлса керак.
Кечмиши милоддан аввалги асрларга бориб тақалгувчи бу халқ халқ бўлиб шакллангандан бошлаб қайғули дамларга юзма-юз келаверди: зўравонлар қутқусига учради, бир манзилда қўним тополмади, “кўча-кўч”, “қоча-қоч” дейилмиш таҳликалар остида умргузаронлик қилишга мажбур бўлди. Орол бўйларида балиқчилик, чорвачилик билан тинчгина яшаб юрган, илк манбаларда “қора бўркли”, мўғуллар истилоси даврида “қавми кулоҳи сияҳ” деб аталган қорақалпоқларни Чингиз лашкарлари Рус чўлларига ҳайдади.
Замон хўрликларини қорақалпоқнинг улуғ шоири Бердақ бундай ифодалайди:
Золимлар тингламас фақирнинг зорин,
Улар ўйлар ўз фойдасин, ўз корин,
Ҳеч қачон золимлар қўлдаги борин —
Эп кўрмаслар бор бўлса-да, халқ учун.
Бир муддат Киев Руси даштлари, Волга-Урал оралиқлари, кейин Иртиш соҳиллари омонат бошпана бўлди қорақалпоқларга. Ундан кейин Сариқамиш, Ўзбўй, Сайҳун бўйларида кун кечирган халқ, ниҳоят, ер юзининг ярмини айланиб-айланиб, XVIII аср ўрталарида, не-не машаққатлар билан яна Жайҳун соҳилларига қайтиб келди. Келди ота маконига. Бироқ кўчкўчлар бўронида неча минглаб ўғил-қизидан бевақт айрилган “қора бўркли”ларнинг манглайига осойишта дамлар ҳали ёзилмаган экан: яна қув-қувлар, ҳайда-ҳайдалар, урушлар, қон тўкишлар... Гапирсанг тилинг, гапирмасанг дилинг куяди. Чор Россияси истилоси ва шўролар замонида гоҳ Россия, гоҳ Қозоғистон таркибига ўтказиб-қайтарилган “қавми кулоҳи сияҳ”лар, ниҳоят, Ўзбекистон билан бир давлат, бир мамлакат мақомига эга бўлгандан кейингина азалий орзуларига етди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг ҳақ ўз ўзанига қайтди. Айниқса, кейинги 5-6 йил ичидаги ўзгаришлар, қурилаётган бирбиридан кўркам уйлар, маданият-маърифат кошоналари, спорт мажмуалари, заводлар, фабрикалар, кўчалар, кўприклар, хиёбонлар, боғлар...
Ҳозир қарсаклар жаранглаб турган ушбу дақиқаларда, давлатимиз раҳбари қарсаклардан эмас, қорақалпоғистонликларнинг чеҳраю кўзларида ўзи орзу қилган қувонч ёлқинларини кўраётганидан бахтиёр экани сезилиб тургандек эди, назаримда. Ахир, бундай муборак кунларга етиб келиш осон бўлдими?! Неча марталаб ташриф буюрди қорақалпоқ ўлкасига. Ана шу ташрифлар туфайли қорақалпоқ диёрининг энг олис овулларига янги ҳаёт кириб борди. Биргина Оролни, Мўйноқни бир нафас кўз олдингизга келтиринг. Қанчалар мушкул ва аянчли эди бу ерлардаги манзара. Аэропорт тугул, ёлғизоёқ йўллар ҳам кўмилиб, йўқ бўлиб кетган Мўйноққа Тошкентдан кўтарилган биринчи рақамли борт, яъни Президент ўтирган самолёт 2022 йил 23 февраль куни келиб қўнди. Унгача Президентимизнинг ўзи икки марта — 2018 ва 2019 йилларда Мўйноққа борган, мўйноқлик ёшуллилар, маҳалла раислари, ёшлар билан учрашган, суҳбатлашган, маслаҳатлашган ва ўшанда “Маданият Оролдан бошланади”, деган ғояни илгари сурган эди. Ташриф чоғи Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Орол денгизининг қуриган жойига бориб, вазиятни кўрди.
Бир пайтлар минг-минглаб одамлар фаровон ҳаёт кечирган, тонналаб балиқлар овланган, денгиз ва унга туташ дарёю яйловларда қўй-қўзилар ўтлаб юрган, қушлар сайроғи, ёшялангларнинг куй-қўшиқлари жаранглаб турган манзилнинг бундай абгор аҳволини кўриш, унинг келажагини тасаввур қилиш қанчалар мушкул.
Президентимиз аҳволни теран баҳолаб, бу даҳшатли муаммони оқилона ҳал қилишни ўйлади. Албатта, шу пайтгача ҳам мазкур фожиани тузатишга оид халқаро режалар, илмий стратегиялар, турли-туман жамғармалар бор эди. Оролни қутқариш ташкилотлари фаолияти тўхтаган эмас, фақат натижа йўқ эди. Президент янги стратегия таклиф қилди. Муаммони ҳал қилиш учун Оролнинг қуриб қолган қисмига ўсимлик экиб, тузли, заҳарли тўзонни тўхтатиб, унинг ўрнига яшил иқтисодиётни ташкил этишни илмий асослаб берди. Жаҳон ҳамжамияти бу фикрни инсоният тарихидаги донишмандликнинг яна бир ютуғи сифатида баҳолади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйини одамларга ризқ улашадиган, иш ва даромад манбаи бўладиган маконга айлантириш бошланди. Қорақалпоғистон туманлари муайян вилоятларга бириктирилди. Ўзбекистон оёққа қалқди, Ўзбекистон Орол бўйларини обод қилишга астойдил бел боғлади. Аввало, атрофни, ҳавони тозалаш, денгизнинг қуриган тубидан кўтарилаётган миллион-миллион тонна чанг ва заҳарли тузларни камайтириш мақсадида шўрга чидамли ўсимликлар экишга киришилди. Эл бирикса, тоғни талқон, чўлни бўстон қилади. Орол соҳилларида ҳаёт қайнади, минглаб одамлар бел, кетмон кўтардилар, юзлаб трактор гуриллаб ер ҳайдади, самолётлар осмондан уруғ сепди. Аввалги 40 йиллар давомида Оролнинг қуриган тубига бор-йўғи 400 минг гектар саксовул экилган бўлса, ана-мана дегунча денгизнинг суви қуриган 2 миллион гектардан ортиқ қисмига саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликлари экилиб, тўқайзор барпо этилди.
Президент бу орада БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида сўзга чиқди, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Дунё аҳлини яна ва яна Орол фожиаси ва унинг олдини олишга қаратди. Шу тарзда Орол муаммосига қарши курашда дунёдаги барча давлатлар бирлигини ташкил қилган Трастфондга асос солинди. Халқнинг йўқолиб бораётган умидлари тикланди.
Президентимизнинг яна бир ташаббуси билан Орол бўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди.
Республиканинг бошқа туманларида ҳам ишлар бир нафас бўлса-да, тўхтаган эмас. Бухоро вилояти тадбиркорлари Хўжайли, хоразмликлар Шуманай, самарқандликлар Нукус, сирдарёликлар Қонликўл туманларида боғлар, узумзорлар, ихчам иссиқхоналар ташкил қилди. Қолган туманларда ундан-да салмоқли лойиҳалар бажарилди. Жумладан, қорамол, қўй ва эчки кўпайтириш, парранда, қуёнчилик ва асаларичиликни ривожлантириш изга тушди. Бунинг учун хонадонларга қўй ва эчки, қуён ва асалари тарқатилди. Юз минглаб гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди. Бундай муҳим юмушлар ҳамон шиддат билан давом этмоқда.
Ҳар сафар Қорақалпоғистонга келганида мазкур масалага жиддий эътибор берадиган Президент бу сафар ҳам яна алоҳида тўхталиб ўтди: — Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижаси барча туманларда кўриняпти ва бу ишлар тўхтамайди.
Президентимизнинг ҳозирги бахтиёр ҳолати яна бир манзарани — 2016 йил 10 ноябрь куни Шуманай туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида айтган мана бу гапларини эсимга туширди: — Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман. Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз.
Шундай ҳам бўлди. Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришишдан бошлаб Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратди. Қорақалпоқ диёрида бошланган ислоҳотларнинг барчаси доимий назоратга олингани боис, лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Шу ўринда айрим фактларга эътибор берамиз.
Қаранг, сўнгги олти йилда ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа юзага чиқди. Тадбиркорлар сони икки баробар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилди.
Илгари саноат маҳсулотлари деярли ишлаб чиқарилмаган ўлкада металлургия комбинати, нефть-кимё заводи мажмуалари пайдо бўлди, қурилиш материаллари, энергия ресурслари ва бошқа корхоналар бирин-кетин ишга туширилди. Саноат кириб келиши туфайли авваллари кўрсаткичлари энг паст бўлган 6 туманда ишлаб чиқариш 2-3 баробар кўпайишига эришилди.
Кегейли шундай қолоқ туманларнинг карвонбошиси эди. Илгари саноат умуман йўқ бўлган бу туманда астойдил қилинган ҳаракат ва ҳудудлар аро ҳамкорлик натижасида учта лойиҳа ишга туширилди. “Ақтуба текстиль” шуларнинг биридир. Йилига уч миллион донадан зиёд трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишчилари йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга бел боғлаган. Корхона жиҳозларининг ҳаммаси Германия, Япония, Туркия каби давлатлардан олиб келинган энг замонавий ускуналардир.
Яна бир ибратли томони, корхонанинг ўзида ёшларни касб-ҳунарга қайта тайёрловчи ўқув маркази ташкил этилган. Унда маҳаллалардаги касбга қизиқувчи ишсиз йигит-қизлар малака оширади, ҳунар эгаллайди...
Ютуқлар, албатта, қувончли эди. Аммо Президентимиз улардан қониқмади, қорақалпоқ халқи дастурхони янаям тўкин бўлишига асос бўладиган янги ташаббусларни билдирди.
Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратиш ва шу йилнинг ўзида унга 250 миллиард сўм йўналтириш шулардан бири эди.
Бир маҳаллага 500 миллион! Энди шу рақамни таҳлил этишга ҳаракат қилайлик. Агар шу пуллар тўғри сарфланса, қанча ночор оила оғир аҳволдан халос бўлиши, қанча ишсизлар ишли, қанча оилалар кичик тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади. 452 та маҳалланинг ҳар бирида, борингки, 10 тадан одам ишли бўлганда ҳам неча юз кишининг қозони қайнайди.
Иккинчи ташаббус — кадастрсиз уйлар тилга олинганда кўплар жойидан туриб кетди. Қарангки, Қорақалпоғистонда 38 мингта уй-жой ва кўчмас мулк кадастр қилинмаган экан. Давлатимиз раҳбари соҳа мутасаддиларига бу масалани тезкорлик билан бажариш вазифасини топширди.
Уй-жой муаммоси Қорақалпоғистон учун ҳам ўта муҳим. Шу йилнинг ўзида 4 мингта уй-жой қурилиши ва шунга қўшимча равишда замонавий лойиҳа асосида яна 4 мингта якка тартибда уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилажаги аҳолини беҳад хурсанд қилмаслиги мумкин эмасди, албатта.
Қорақалпоғистонда ишсизлик муаммоси ҳал бўлмаётгани, ҳозир 72 минг расмий ишсиз борлиги давлатимиз раҳбарини қаттиқ ташвишлантирди. Бунинг устига, ҳар йили 43 минг ёш меҳнат бозорига кириб келмоқда. Президент мана шуларни ҳисобга олиб, 193 минг иш ўрни яратиш ва Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш вазифасини қўйди.
Йиғилишдан сўнг Президентимиз Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрда миллатлараро тотувликка бағишланган маданий тадбирда иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг бу тадбирда иштирок этиши ҳеч ҳам тасодифий эмасди. Шавкат Мирзиёев қорақалпоқ халқининг ўзига хос маданияти, гўзал адабиёти, рангин санъатига талабалик йилларидаёқ меҳр қўйганини кўп марта тилга олган, ташрифларининг бирида эса: “Ёшликда, талабалик даврида институтимизда ўтказиладиган турли тадбирлар, байрамларда қорақалпоғистонлик ёшлар жуда фаол қатнашар эдилар. Айниқса, Жиззах, Сирдарё вилоятларига пахта теримига чиққанимизда, ишдан кейин, кечқурунлари гулхан атрофида қорақалпоқ қизларимиз, йигитларимиз Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ каби шоирлардан шеър ўқиб, қўшиқ айтиб, рақсга тушганларида барчамиз қойил қолар эдик.
Мен ўшанда “Бўзатов”, “Айдинлар”, “Дембермес” деган қорақалпоқ қўшиқларини биринчи марта эшитиб, ўзимни бамисоли сеҳрланиб қолгандек ҳис қилганимни ҳозир ҳам яхши эслайман”, дея ифтихор билан эътироф этган эди.
Саҳнада Президент ёшлигида суюб ардоқлаган “Шағала”, “Дембермес”, “Нигарим” каби куй-қўшиқлар ижро этилди. Алишер Навоий, Бердақ, Махтумқули, Абай, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ижодидан намуналар ўқилди.
Мамлакатимиздаги энг қадимий театрлардан бири бўлган, не-не истеъдодли санъаткорлар, театр арбобларини камолга етказган ушбу маскандаги учрашув ва мулоқотларда давлатимиз раҳбари миллий шарқона қадриятларимизни улуғловчи асарларни кўпроқ қўйиш, вилоятлар бўйлаб гастролларга чиқиб, ёшларни театрга қайтариш, маданиятни бойитиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув ва мулоқотларда кексаю ёш — ҳамма ўлкада ҳаёт манзаралари бутунлай ўзгариб бораётганини ғурур билан таъкидлади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Қўнғирот сода заводи, дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлмиш Устюрт газ-кимё мажмуасининг кенг кўламда фаолият юрита бошлагани, Нукус халқаро аэропортида амалга оширилган модернизация ишлари, қамишни қайта ишлаб, қурилиш материаллари тайёрлайдиган корхоналар кўпайиши, қизилмия плантациялари кенгайиб бораётгани, замонавий автоматлашган цемент, лак-бўёқ заводлари ишга туширилиши ва катта ҳажмли бошқа лойиҳалар кимни қувонтирмайди, ҳайратлантирмайди, дейсиз.
Агар Бердақ бобо ҳаёт бўлганида, бундай тарихий эврилишларни кўриб:
Шоир эдим, кўзим кўрганин ёздим, Кўнглимнинг билганин, сезганин ёздим, Замон жафосидан сарғайдим, оздим, Келурми, деб яхши кунлар халқ учун, деб қон-қон йиғламаган, аксинча, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповдек:
Меҳнат деса, енг шимарган полвондай,
Аравада тоғ келтир де, келтирар.
Дўстлик деса, юлдуз топиб олгандай,
Оқ кўкрагин эзгуликка тўлдирар,
дея ҳайқирган бўлар эди.
Илло, ўтмишда кўп азоблар кўрган қорақалпоқ халқи юксалишнинг баланд чўққилари томон дадил бораётир. Танти халқнинг келажаги эса янада порлоқ. Барча соҳалар шундай шитоб билан ривожланиб боряптики, яна 5-10 йилдан кейин бу томонларга келган киши қорақалпоқ заминини таниёлмайди. Шундай, қорақалпоқликлар хонадонига қувонч ва бахт, Орол бўйларига қушлару чорлоқлар, Қизилқум чўлларига сайғоқлару тувалоқлар, кўлларга ноёб балиқлар қайтмоқда.
Қанча-қанча асарлар ёзилади, кинолар яратилади, достонлар тўқилади, қўшиқлар куйланади бу эл, бу замин ҳақида ҳали.
Мен ҳам мақолага сиғмаган туйғуларимни шеърда ифодалашга ҳаракат қилдим:
Гоҳ бахтли энтикиб, балқди қуёшинг,
Жайҳунга сиғмай гоҳ оқди кўз ёшинг,
Эҳ! Не-не ғамларни кўрди бу бошинг,
Бирда шам, бирда чўғ, бирда чақмоғим — қорақалпоғим.
Балки Авестодан қадимдир шонинг,
Номинг қорақалпоқ, туркийдир қонинг,
Тошдан-да қаттиқдир ҳар тишлам нонинг,
Қурдошим, элдошим, уруғ-аймоғим — қорақалпоғим.
Кимлардир қашқирдек таладилар хўп,
Кимлардир қозонинг яладилар хўп,
Курашдинг гоҳ ёлғиз, гоҳида тўп-тўп,
Кўкламга етолмай қувраган боғим — қорақалпоғим.
Кезиндинг гоҳ Эдил, гоҳи Ёйиқда,
Ёвлар ҳужум қилди очкўз айиқдай,
Кунлари тўфонда қолган қайиқдай,
Бўронда, довулда улғайған тоғим — қорақалпоғим.
Ул қора кунларинг армондир энди,
Сену мен — бир улуғ карвонмиз энди,
Жасур Юртбошимиз сарбондир энди,
Овулим, бовурим, кўзим, қароғим — қорақалпоғим.
Оролга қайтмоқда эрка чорлоқлар,
Ёшариб бормоқда кентлар, қишлоқлар,
Устюртда порлаган ёрқин чироқлар,
Энди ўчмагайдир — ўчмас чироғим — қорақалпоғим.
Гулларга кўмилгай чўлларинг энди,
Қуёшга кўмилгай йўлларинг энди,
Юлдузга етгайдир қўлларинг энди,
Эй, меҳри булоғим, қалби қайноғим — қорақалпоғим, қорақалпоғим.
Абдусаид КЎЧИМОВ