Туман ҳокими бу манзилда Тошкент шаҳридаги истироҳат боғларидан кам бўлмаган дам олиш ва аттракционларга эга бўлган боғ яратилиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, аҳолининг эркин равишда фойдаланиши учун бепул WiFi ҳудуди бўлиши, боғ ўртасида ранг-баранг тобланувчи фавворанинг мавж уриб туриши, болажонлар учун кўнгилочар аттракционлар ўрнатилиши тўғрисида айтиб ўтди.
Бундан ташқари, истироҳат боғи ўртасидан кичик ҳиёбон суви оқиб ўтиши режалаштирилмоқда. Музқаймоқ савдо шохобчалари қурилади.
Ишлаб чиқилаётган лойиҳада истироҳат боғининг атрофида пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун саломатлик йўлаклари барпо қилиниши кўзда тутилмоқда.
И.Қосимов шу билан бирга боғ ичида фуқаролар учун теннис майдончаси ҳам ўрнатилиши лозимлиги тўғрисида лойиҳага қўшимча киритди.
Ўрта Чирчиқ тумани маркази Уйғур маҳалласида барпо этилиши кўзда тутилаётган болалар истироҳат боғи 2023 йилнинг якунига қадар қуриб битказилиши режалаштирилмоқда. 2023 йил биринчи чорак якуни билан, пиёдалар ва велосипед йўлаги ташкил этилади, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.