Барчамиз ҳар йили 25 май санасини орзиқиб кутамиз. Боиси бу сана ўзгача шукуҳ, ҳаяжон бағишлайди. Ёзиш-чизишни, ўқишни, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, қўйингки, барча яхшиликларни мактаб дея аталмиш муқаддас даргоҳда ўрганамиз. 25 май санаси эса мактабда ўтказган ўйинқароқ даврларимиз, шўх-шодон дамларимизни ёдимизга солаверади.
Шу санада узоқ йиллар бирга ўқиган синфдошларимиз билан йўлларимиз айро тушади. Ҳамма ўз йўналишини танлайди, комиллик сари интилади, катта ҳаёт остонасига қадам ташлайди.
Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли карантин талабларига кўра мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилмаган эди. Мана, касалликнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар туфайли касаллик ҳам енгилламоқда. Кеча барча жойда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Жумладан, Данғара туманидаги 11-мактабда ўтказилган тадбирда ёшларга катта ишонч билдирилди. Битирувчилар ўзлари танлаган касб-ҳунар коллежи ва лицейларга ота-онаси билан бориб, у ердаги таълим жараёни, яратилган қулайлик ва шароитларга баҳо берди. Битирувчилар “Касблар фестивали”, “Очиқ эшиклар куни”да қатнашиб, ўз ҳудудидаги касб-ҳунар коллежларидаги шарт-шароитлар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари, ташкилот ва корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.
Бугунги ёшлар фақатгина илм олиш билан чегараланиб қолмай, юртимиз равнақи учун жон куйдирадиган, фидойи инсонлар бўлиб етишмоқда.
Нурилло ПИРМАТОВ,
Халқ депутатлари Данғара тумани кенгаши депутати