Пойтахт ҳокими меҳмонларни қарши олиб, мамлакатларимиз ўртасида тарихан шаклланган яхши қўшничилик алоқаларини УЖКХ, таълим, АКТ, туризм, санъат ва маданият соҳаларида тизимли ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда қўшма мусиқа, кино ва театр фестивалларини ўтказиш орқали доимий ривожлантириш ва мустаҳкамлаб бориш зарурлигини таъкидлади.

А. Мамбетов, қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Тошкентга кўп келишини, ҳар ташрифи чоғида ўзи учун қандайдир янгилик кашф этишини, шу сабабли, шаҳримиз хизматларининг ижобий тажрибасини ўрганиш учун Ўшдан катта жамоа бўлиб келишганлигини маълум қилди. Тошкент ҳокими Ж.Ортиқхўжаевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади, мамлакатлараро товар айланмаси ўсаётганига, ўзбек автобуслари ва махсус техникалари Қирғизистонга жадал импорт қилинаётганига, шунингдек, ўзаро маданий-гуманитар ривожланишни мақсад қилган, 200 миллион долларлик устав фондига эга ўзбек-қирғиз жамғармасининг самарали фаолиятига урғу берди. Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўшда Бобур номидаги театр реконструкцияси якунланиши кутилаётганини айтиб, Тошкент делегациясини унинг очилишига таклиф қилди. А.Мамбетов ҳозирги кунда Ўшда 100 га яқин янги кўп қаватли уйлар қурилаётганини маълум қилди ва Тошкент Технопаркида ишлаб чиқарилаётган лифт ускуналарини харид қилишга ва, эҳтимол, кейинчалик қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Ж. Ортиқхўжаев Тошкентга нисбатан қизиқиш учун миннатдорлик билдирди, ўзаро ҳамкорликка ҳамда яқин қўшниларимизнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Учрашув якунида делегация аъзолари Рақамли ривожланиш департаментининг Вазиятлар маркази имкониятлари ва бошқа маҳсулотлари билан танишдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.