Ниятимиз эзгу. Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилованинг 107 йиллигини Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Зулфия опанинг шогирдлари, оила аъзолари билан воҳада муносиб нишонлаш, кўнгилларга баҳор эпкинларини ўтли шеърлар билан олиб кириш эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган ижодий сафаримизда шоир йигитларимиз таърифламиш – маликаларимиз билан учқур уловда йўлга чиқдик. Йўл давомидаги шоира опаларимиз, устозларимиздан Зулфия опа ҳақидаги унутилмас хотиралар, бирга кечган ёрқин лаҳзалар ҳақида эшитиб кетдик.
Устоз шоираларимизнинг ёруғ ўйлари, уюшма қошидаги «Зулфияхоним қизлари» клуби аъзолари бўлмиш шоира сингилларимизнинг шалоладек беғубор кулгулари билан манзилга етиб бордик.
Жиззах шаҳридаги ижод мактаби ҳовлисида қад ростлаган Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали пойида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими мезбонлик қилган тадбирлар шу куни нафақат ижод мактабида, балки шаҳардаги бир қанча олий ўқув юртларида ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.
Таниқли ўзбек шоираларидан таркиб топган ижодий гуруҳимизни орзиқиб кутган давраларда кечган кутилган ва кутилмаган бахтиёр дамлар, «биз ҳам шеър ёзамиз», деб саҳнага дадил чиқиб, кейин гумбирлатиб шеър ўқиган талаба қизлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бўлмиш сингилларимизнинг устозларни умидлантирган шеърлари, «Энг гуллаган ёшлик чоғимда» қўшиғини биргаликда куйлаган ёшлар, воҳанинг жўмард ижодкорлари Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Тўра Сулаймон, Саъдулла Ҳакимларнинг ёруғ хотиралари эш бўлган гурунглар – буларнинг бари кунимизга файз, дилимизга ҳузур берди.
Қайтар эканмиз, олланиб ботиб бораётган офтоб нурларида пойтахт сари йўлга чиққан уловимизни меҳмондўст, қалби дарё жиззахликлар, симёғочда минорадаги сўфидек тек турган оппоқ лайлаклар, март қуёшида яшилланиб қолган адирлар ва албатта унутилмас хотиралар кузатиб қолди.
Наргиза Асадова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси