Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида академик Тўра Мирзаев таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан “Ўзбек фольклоршунослигининг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказилди.
Анжуманга фольклоршуносликдаги янги қарашлар, Тўра Мирзаевнинг илмий мактабини тадқиқ этиш, олимнинг фольклоршуносликка қўшган улкан ҳиссаси ва ютуқлари ҳақидаги бир-биридан қизиқарли маърузалар тақдим этилди.
Анжуман якунида Тўра Мирзаев таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида нашр этилган “Устозлар, сафдошлар, издошлар” ва “Эътиқод ва софлик овози” номли тўпламлар тақдимоти ҳам ўтказилди.
“Устозлар, сафдошлар, издошлар” тўпламдаги мақолаларда Тўра Мирзаев томонидан бир қатор марҳум фольклоршуносларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ёритиб берилган. Шунингдек, сафдошлар ҳамда издошларга бағишланган мақолалар ўрин олган. Уларнинг ҳар бири портрет-мақола характерига эга бўлиб, яхлит олганда, ўзбек фольклоршунослигининг фаннинг янги соҳаси сифатида шаклланиши ва унинг ХХI асрдаги тараққиёти тўғрисида муайян бир тасаввур бера олади.
"Эътиқод ва софлик овози” номли тўпламда академик Тўра Мирзаев хотирасига бағишланган мақолалар, илмий мақолалар, шеърлар ҳамда олимнинг “Библиографик кўрсаткичи” жой олган. Тўпламга республикамиздаги ижод аҳлидан ташқари, Тўра Мирзаевни яқиндан билган Германия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон олимларининг ҳам мақолалари киритилган.