Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё Асилова билан болалар ўртасида кўп учрайдиган ёз мавсумига хос шундай хасталиклар ҳақида суҳбатлашди. 

— Ҳозир пишиқчилик мавсуми, — дейди шифокор. —  Ёз фаслининг айни чилласи. Бу даврда аҳоли, айниқса болалар ўртасида ўткир диарея авж олади. Халқона ибора билан буни ичбуруғ ҳам деб атаймиз. Дизентерия, сальмонеллёз ҳам ана шундай ўткир юқумли ичак касалликлари сирасидан. Уларни қўзғатувчи манба бактериялар ҳисобланади. Яъни микроблар оғиз орқали организмга тушиб, ичак йўлида кўпаяди ва деворини яллиғлайди. Бунинг энг асосий сабаби — гигиена қоидаларига риоя қилмаслик. Масалан, болалар кўчадан кирганида ва овқатланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишлари зарур. Аммо баъзи ота-оналар бунга эътиборсиз бўладилар. 

Ёки кўпчилик ўғил-қизлар ҳўл мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб ювишни унутадилар. Қолаверса, ёз кунларида очиқда қолган таомлар ва егуликларнинг сифати жуда тез бузилиши ҳам маълум. Айниқса, сут, творог, қаймоқ каби сут маҳсулотлари қисқа муддатда айниб қолиши мумкин. Ана шундай омиллар туфайли организмга тушган баъзи бактериялардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг суюқ ёки қон аралаш кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриши, дам бўлиши каби симптомлар шулар жумласидан. 

Умуман, ўткир диарея беморнинг ҳолати ва унга тушган микробнинг хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтади. Лекин бир қарашда одатий ва оддий касаллик бўлиб туюлган ичбуруғни муолажа қилишда ҳар бир дақиқа жуда катта аҳамиятга эга. Яъни ўткир диарея қанча эрта аниқланиб, даво чоралари тезроқ бошланса, натижа шу қадар ижобий бўлади. 
  
Мисол учун, эрталаб қувноқ кайфиятда ўйнаб юрган бола кун давомида бир-икки марта қусган бўлса, баъзи ота-оналар “ҳеч нарса қилмайди”, “ўтиб кетади” қабилида жажжи беморнинг ҳолатига беэътибор қарайди. Ёки айримлар бундай вазиятларда ўзбошимчалик билан фарзандини муолажа қилишга киришиб кетади. Оқибатда кечга бориб 20 мартагача ич кетиши кузатилиб, кичкинтойнинг  аҳволи оғирлашади. Бундай вазиятда йўқотилган ҳар дақиқа боланинг саломатлиги, ҳатто ҳаётини жиддий хавф остига қўйиши мумкин.