Биз, бу қарорни ўттиз беш йил кутган эдик. Ҳамон эсимда, Ботир Зокиров ҳаётлик пайтида 50 йиллик юбилейини ўтказиш арафасида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига мақола тайёрлаш учун у киши билан суҳбатлашдим. Ботир Зокиров билан ҳар галги учрашув мен учун бетакрор байрам эди.
– Худо хоҳласа, юбилейни республика “Киночилар уйи”да ўтказмоқчиман. Унинг файесида картиналарим кўргазмаси бўлади. Қўшиқлар катта залда ижро этилади. Иложи борича, мақтов сўзлар бўлмайди. Одамлар гапдан безор бўлган. Мақтовдан нари юрган яхши. Бу мухлислар олдида ўзига хос бир сарҳисоб бўлади. Ҳаммаси эркин тарзда ўтказилади, – деган эди раҳматлик Ботир Зокиров.
Афсус надоматлар бўлсинки, у кишининг ёруғ ниятлари, ажойиб орзулари амалга ошмай қолиб кетди. Буюк санъаткор оғир касаллик туфайли 49 ёшида, 1985 йил 23 январда вафот этди.
Халқимизда “Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди”, деган ўлмас ҳикмат бор. Президентимиз қарори эълон қилинган куни Ботир Зокировнинг укаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан Ўзбекистон Давлат Консерваториясида учрашиб қолдик. Биз, юракларимизга байрам олиб кирган бу хушхабарни эшитиб, бир-биримизни қучоқлаб йиғлаб юбордик. Бу ҳақиқат жамолини кўрсатган лаҳзаларда пайдо бўлган қувонч ёшлари эди.
– Аллоҳга шукур, ҳақиқат бор экан, охири у тантана қилди, Зокировлар орзуси ушалди, – деди Фаррух ака ҳаяжон билан кўз ёшларини артар экан.
Янги қарорни ҳаяжон билан қўлга оламиз: Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада олий мактабини ташкил этиш, у ерда хонанда хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини ва музейини барпо этиш чинаккам улкан тарихий воқеа. Энди бу маҳобатли мактабда миллий эстрада санъатимизнинг келажаги яратилади. Саҳналарда бўлажак Ботир Зокировлар, буюк санъаткор издошлари ўз санъатини номойиш этадилар. Жаҳон саҳналарида яна ўзбекнинг ўктам овозлари янграй бошлайди. Оққан дарё оқмайин қолмас.
Бадиий академия томонидан Ботир Зокиров ҳайкалани яратиш бўйича танлов эълон қилиш ва уни Тошкент шаҳрида белгиланган тартибда ўрнатиш; хонанда яшаган Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 3-уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш; Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага Ботир Зокиров номини беришдек юксак ва шарафли вазифалар алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бундай улкан эъзозга санъаткор ҳар томонлама лойиқ.
Шунингдек, қарорда Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада-симфоник оркестрини ташкил этиш, “Ботир Зокиров замондошлари хотирасида” номли китобни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, санъаткор номидаги замонавий эстрада қўшиқчилари танловини юқори савияда ўтказиш, янги ҳужжатли фильм яратиш вазифалари юклатилган.
Бир сўз билан айтганда, биздан бироз узоқлашган Ботир Зокировнинг муборак номи ва бетакрор ижод мактаби қарор туфайли тўла-тўкис ўзимизга қайтди. Ботир Зокиров қайтадан дунёга келди...
Такрор бўлсаям айтмоқчиманки, Ботир Зокировнинг қаҳрамонлик билан йўғрилган умр йўли ва шижоатли ижоди ҳақида “Юрак бўронлари” номли камтарона китоб ёзган қаламкаш сифатида бу тарихий қарорни орзиқиб кутганим – ҳақиқат. Энди Ботир Зокировнинг ҳамиша ибрат бўлиб қоладиган ҳаёти, мураккаб машаққатлар билан безанган ижод йўлининг айрим нурли қирралари ҳақида икки оғиз.
Ававло, китобнинг ёзилиш тарихини қисқача эслайдиган бўлсак, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1986 йил 26 апрель сонида “Қўшиқларим сиз учун, хижолатлик эмасман” номли мақолам чоп этилди. Биринчилардан бўлиб улуғ устоз Абдулла Орипов табриклади.
– Ука, мақолани ўқидим, яхши ёзибсиз. Ботир Зокировни туғилган кунида эслаб, савоб иш қилибсиз. Биз бу буюк инсон ва санъаткор билан яқин дўст эдик, даврадош эдик. Лекин умри қисқа экан, асраб қола олмадик, Ботир акани! Яна бир гап, шу мақоладан яхши бир китобнинг ҳиди келяпти. Шу бетакрор санъаткоримиз Ботир Зокиров ҳақида китоб ёзсангиз, катта савобга қолардингиз, – деди Абдулла ака.
Таклиф жуда маъқул бўлди. Ғайрат ва шижоат билан материал йиғишга астойдил киришдим. Бу хайрли ишда каминага таниқли санъаткорлар – Жамшид Зокиров билан у кишининг турмуш ўртоғи Гавҳар Зокирова яқиндан ёрдам берди. Мен бу беминнат ёрдам ва яхшиликни ҳамиша миннатдорлик билан эслайман. Ботир Зокировнинг ибратли ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзилган “Юрак бўронлари” қиссаси 1989 йилда, аввал “Шарқ юлдузи”да, кейин Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида 50 минг нусхада чоп этилди. Тошкент шаҳрида бир ҳафта ичида сотилиб кетгани ҳамон эсимда. Китоб 1990 йилда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи мукофотига сазовор бўлди. Китобни ўқувчилар самимий қабул қилди.
Китобни ёзиш жараёнида билдимки, Ботир Зокиров ҳақиқий истеъдод соҳиби, қўшиқлари чинаккам мўъжиза экан. У отаси – Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокировнинг йўлидан бориб, мумтоз ва анъанавий қўшиқлар ижрочиси бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин Ботир Зокиров бу йўлдан бормади. Аксинча, оғир ва муракаб, ҳали бизда эндигина тетапоя бўлаётган эстрада йўлини танлади. У тақлид ёки Ғарб ижрочилари йўлидан бормади. Қийин ва оғир бўлсаям ўз ижро йўлини топишга, миллий қўшиқларини яратишга жиддий бел боғлади. Бу осон эмасди.
Биринчиларга ҳеч қачон осон бўлмаган, лекин биринчи бўлиш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Буюк санъаткорнинг куй-қўшиқ ишқида астойдил изланишлари, туну кун чеккан заҳматлари, ўз қўшиғини топиш йўлидаги машаққатлари уни биринчилик чўққисига олиб чиқди...
Бўлажак хонанда 1952 йил Тошкент давлат (ҳозирги Ўзбекистон Давлат) консерваторияси вокал факультетига ўқишга қабул қилинди, хурсандчилигининг таърифи, йўқ эди. Лекин унинг гўзал ва навқирон ҳаётига аллақачон ўзининг шафқатсиз тамғасини босган ўпка хасталиги барча орзуларига зомин бўлди. Ҳатто, консерваториядаги ўқишини тугата олмади. Кейинчалик Тошкент театр ва рассомчилик санъати (ҳозирги Санъат ва маданият) институтида машҳур режиссёр Александ Ганзбург қўлида таҳсил олди. Айни пайтда ўқиш билан бирга “Ёшлик” эстрада ансамблида қатнаша бошлади. Ансамбль бу пайтлар Москвада бўладиган Бутунжаҳон талаба-ёшлар фестивалига қизғин тайёргарлик кўраётган эди. Бу фестивалга Ботир Зокиров синглиси Луиза Зокирова билан қатнашиб, “Ўзбекистон – менинг диёрим” қўшиғини куйлади ва олқишларга сазовор бўлди. Бу ажойиб қўшиқни уларга онаси Шоҳиста Саидова ўргатган эди...
1958 йил “Ёшлик” ансамбли қошида Ўзбекистон Давлат эстрада оркестри тузилади. Оркестрни тузишда Ботир Зокиров фаол қатнашди ва ака-сингиллар яккахон хонанда бўлиб ишлай бошлади. Лекин соғлиги унга бод-бод панд берар, улуғ орзуларини рўёбга чиқаришга имкон бермасди.
Оркестрда ишлаш унга катта ютуқларни ҳадя этди. Айниқса, 1959 йили Москвада ўтказилган ўзбек адабиёти ва санъати ҳафталигида Ботир Зокиров оркестр композитори Ян Ференкель қайта ишлаган машҳур араб бастакори Фарид ал Атрошнинг “Араб тангоси” қўшиғини юксак маҳорат билан куйлади. Бу ўтли қўшиқ унинг номини қўшиқсеварлар қалбига мухрлади. Хонандани жаҳоний шуҳратга буркади. Кейинчалик бу қўшиқ хонанда репертуарининг “ташриф қоғози”га айланди.
“Араб тангоси”ни бутун дунё Ботир Зокировга қўшилиб куйлади, десак, асло муболаға бўлмайди. Бу аслида ўзбек эстрада санъатининг катта ютуғи эди...
Саҳрога илк бора йўлга чиққан йўловчига ҳамиша қийин. Саҳрода кетаётган ёлғиз кимса азоб-уқубатлар билан ё йўл очади, ё ҳудудсиз саҳро қўйнида ном-нишонсиз йитиб кетади. Ботир Зокиров ҳам ўтган асрнинг 60 йилларида бечора йўловчининг аҳволига тушиб қолди. Бир томондан санъатдан йироқ ғайирли ва саводсиз кимсалар йўлига астойдил ғов бўлиб, ижодини тўсиб ҳоли-жонига қўймаса, иккинчидан ўпка хасталиги ҳадеганда ҳуруж қилавериб, унинг тинка мадорини қуритар, соғлигига жиддий путур етказар эди. У касалликка таслим бўлишни истамасди. Гўё ажал билан олишгандек хасталик билан умрининг охиригача курашди. Шу боис гоҳ Москва касалхоналарида, гоҳ Қрим санаторийларида, гоҳ Фарғонанинг сўлим Водилида тез-тез ҳаво алмаштириб, даволаниб турарди.
Ҳаёт ва қўшиқ, соғлиқ ва хасталик, ёруғлик ва зулмат, яшаш завқи ва дард, ҳаётга муҳаббат ва ғамгин куз – ҳамма-ҳаммаси унинг юрагида баҳс қиларди, умидини сўндирмоқчи бўларди. Лекин ҳамиша яшаш ва куйлаш муҳаббати устун келаверарди:
Қайдасан, азизим, қаро кўзлигим,
Севлигим юлдузим, ширин сўзлигим.
Қўлимда сенга деб қуйилган шароб,
Кўзларим йўлингда, анор юзлигим...
1964 йили Ботир Зокировни Кремль касалхонасида иккинчи марта операция столига ётқизишди. Азоб-уқубатларга тўла ўша оғир ва даҳшатли кунларни у кундалигига ёзиб борди.
15 январь: “Афсус! Операция жумага қолдирилди. Салом, яна бир кўнгилсизлик! Кечаги рентген сурати ёмон чиқибди. Қимирламай ётишимни қаттиқ тайинлашди. Қўшиқни ёзиш эса чиппакка чиқяпти. Тинимсиз машғулотлар хайф кетди. Мана, сенга қувонч учун мукофот.
Ўпкадаги кичик тешикча катта бўлиб қолибди. Бу сўнгги машғулотлар оқибати. Барибир сўнгги қўшиқни ёзиб ололмаяпмиз. Бунга Икром Акбаров эмас, ман айбдорман. Чунки биз бекорга ҳаяжонландик, хавотирландик. Қўшиқ ёзилмаса майли. Ахир мен нималарни истамайман? Лаънати касал менга бўйсунмайди. Лекин уни ўз ихтиёрига қўймаслигим керак.
Оқшом Икром ака келди. Менинг сиҳат-саломатлигимни кўриб хурсанд бўлди. Қўшиқ ёзишга йиғилган барча оркестр ижрочилари менга салом айтибди...”
10 февраль: “...Аҳволим яхши эмас. Кундузи ҳикоя ёздим. Эҳтимол, бу менинг илк ҳикоямдир. Бу ҳикояни ичимдан тўқимадим. Ҳикоянинг номини “Кутиш” ёки “Охунбобоев ҳайкали ёнида” деб аташ мумкин. Ҳикоя кўпгина яхши, очиқкўнгил, камтар танишларим ҳақида...”
Ботир Зокировни 16 февраль куни операция қилишди...
“Атрофимда жарроҳлар иш бошлашди. Гўё мен ҳам уларга қўшилиб ишлай бошладим. Ўн иккигача санадим. Кейин нима бўлганини билмайман. Бу ҳолат умрбод эсимдан чиқмайди. Кейин врачлар айтиб беришди: операция ўта мураккаб, жиддий ва хавфли эди... Операциядан сўнг Богуш (операция қилган шифокор– А.Ж.) йиғлаб юборди...” деб ёзган эди у кундалигида.
Ботир Зокиров бу саккиз соатлик ўта мураккаб ва оғир операциядан кейин бироз даволаниб, сўнг бир ўзи қирқ кун “Высокие Горы” санаторийсида муолажани давом эттиради. У апрелда соғайиб Тошкентга қайтади. У ўша йили тутган кундалигини қуйидаги юксак умид ва қатъий ишонч сўзлари билан якунлаган: “Уч йиллик оғир хасталик ва сукут... Ўпкани тинимсиз машқ қилдиришим керак. Мен эстрадага қайтишим шарт! Шарт! Шарт! Мен қайтаман! Ҳаёт... унинг ҳар лаҳзаси қаҳрабодан гўзал... Жудаям қўшиқ айтгим келяпти!..”
У яна саҳнага чиқди. Яна мардона ва ўктам овозда куйлай бошлади:
Дилимда ғазалим сен, ёр,
Мен айтай гўзалим сен, ёр,
Сўзимиз порласин оташдай,
Ишқимиз яшнасин, қуёшдай,
Сеники бу чаман, бу гуллар,
Куй ила, соз ила, ёр кел...
Дилбар ва сернаво қўшиқлар қўшиқларга уланди... Концерт тугаши билан Ботир Зокиров врачлар, ҳамширалар ўраб олишди.
– Ниманг билан қўшиқ айтдинг? Сен ўзи инсонмисан ё сеҳргармисан? Наҳотки, бу ўзинг бўлсанг, Ботир? – деди уни операция қилган машҳур профессор Лев Константинович Богуш...
1966 йили Парижга қилган ижодий сафари Ботир Зокировни дунёга машҳур қилди. Умрини шон-шуҳратга буркади. Жаҳон эстрада юлдузлари Эдит Пиаф, Шарль Азнавур, Жак Брель, Ширей Матье куйлаган Париждаги “Олимпия” эстрада-театри саҳнасига фақат угина икки марта кўтарилиш ва куйлаш бахтига муяссар бўлди. У машҳур композитор ва қўшиқчи Энрико Массиснинг иккита қўшиғини француз тилида куйлаб, Парижни лол қолдирди. Унинг қўшиқларини тинглаган бир қария концертдан сўнг уни тўхтатиб, самимий табриклаб: “Сиз ҳақингизда фильм олишганми?.. Афсус! Сизни кечиктирмасдан фильмга олиш керак. Чунки, сиз ҳам ўзбек, ҳам араб, ҳам француз бўлиб куйладингиз. Ҳаммани лол қолдирдингиз. Талантингиз олдида таъзим қиламан. Катта раҳмат!”, деди таъзим қилиб. Бу машҳур санъаткор Эдит Пиафнинг устози экан.
Ботир Зокиров қўшиқларини асосан собиқ Иттифоқ радиосининг машҳур эстрада оркести ёзиб оларди. Шунингдек, Собиқ Иттифоқ “Мелодия” грампластинка фирмаси эшиклари доимо у учун очиқ эди. Мусиқа бўлими муҳаррири Анна Качалинанинг айтишича, фирманинг овоз режиссёри Володя Бабушкин “Эй сарбон” қўшиғини ёзиш пайтида бошини чангаллаб йиғлаган ва чидолмай хонадан чиқиб кетган.
Эй сарбон, оҳиста юр, ороми жоним борадур,
Тандан дилу жоним олиб, ул дилистоним борадур...
Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ижодида бундай ибратли воқеалар жуда кўп. Унинг ҳар бир қўшиғи тинимсиз изланиш ва машаққат меваси. У ўзбек эстрада санъатида бетакрор мактаб яратиб кетган санъаткор. Бу мактабни дунёда ҳам билишади. Қадрлашади ва ундан ўрганишади. Ҳали бу мактабнинг ўрганилмаган қирралари, саҳифалари кўп. Биз учинчи Ренессанс даврини бошлаётганда бундай мактабларнинг қадри-қиммати юксакда бўлади...
Ашурали ЖЎРАЕВ