Ишларни қайта кўриш жараёнида юртдошларимизга қўлланган аксар айбловлар ҳеч бир исботсиз бўлишига қарамай, тоталитар тузум жазо органлари томонидан ноҳақ ҳукмлар чиқарилгани аниқланди.

Жумладан, илк ишда Ўрта Осиё Бирлашган Давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) ҳайъатининг 1925 йил 4 сентябрдаги махсус йиғилиши қарорига биноан Мирза Иброҳим мирохур Исмоилов раҳбарлигида 43 нафар шахсга нисбатан турли сиёсий айбловлар қўлланиб, мол-мулклари мусодара этилган. Улар асосан Бухоро амири Саййид Олимхон саройига яқин кишилар, куёви, амакиси, йирик диний уламолар, билимдон қозилар, таниқли савдогарлар, ҳоким ва беклар, турли даражадаги ҳарбий мулозимлардан иборат эди.

Хўш, бу инсонларнинг шўро мамлакати олдидаги айби нима бўлган? Ҳа, уларнинг бор-йўқ айби ўз ватанини, дини ва миллатини севгани, аждодлари томонидан асрлар давомида кўз қорачиғидек асраб келинган қадриятларни эъзозлагани эди. Қуйида ишдаги жазога тортилган баъзи миллатдошларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритилади.

“Соловецк” концлагерига сургун қилинган қоровулбеги

Бурҳонбек Абдураҳимов 1904 йил Бухоро шаҳрининг Мирдўстим гузарида Абдураҳим тўқсабо хонадонида дунёга келган. 1907 йил отаси вафотидан сўнг Бурҳонбек акаси Содиқбек мирохўр Абдураҳимов қарамоғида улғаяди. Дастлаб, жадид мактабида, сўнг мадрасада таҳсил олади. Мадраса таҳсилининг тўртинчи ойида амир саройига қаровулбеги унвони билан хизматга олинади. 1920 йил охирида Бурҳонбек Абдураҳимов амир соқчилари сафида Душанбега, ундан Афғонистонга ўтиб кетади. Бироқ, Қобул шаҳрида амирнинг ҳарбий амалдорлари билан ҳибса олиниб, 8 ойга қамоққа ҳукм этилади.

Орадан 3 ой ўтиб, Абдураҳим Юсуфзода раҳбарлигидаги БХР ҳукумати делегацияси келади. Улар афғон ҳукумати билан музокара ўтказиб, барчага умумий афв эълон қилинган деган хабарни етказади. Бурҳонбек Абдураҳимов жами 22 нафар бухоролик билан ватанга қайтадилар.

Йўлда Бурҳонбекни ЧК ходимлари алдаб ўзларига хизматга ёллайди. У Бухорога келгач, манифактура савдоси билан шуғулланиб, мавжуд ҳолатлар тўғрисида ЧКга ахборот бериб туради. Бир гал Юсуфзода билан учрашганда ўзининг Файзулла Хўжаев тавсияси билан ЧКга ишлаётганини айтади. Юсуфзода уни ЧК алдаганлигини англаб, уларнинг олдига қайтиб яқинлашмасликни тайинлайди ва Бухоро шаҳар шўросига ишга йўллайди. Бурҳонбек вақф бўлимида иш бошлайди. Орадан икки ой ўтиб, ЧК тазйиқи билан уни ишдан ҳайдаб юборишади. Бурҳонбек Абдураҳимов шундан сўнг ишсиз қолиб, дўппи тикиб тирикчилик ўтказа бошлайди.

У 1923 йил Афғонистондаги акаси Содиқбек мирохўр Абдураҳимовдан хат олади. У вазиятни англаб, хатни очмасдан тўғри ГПУга элтиб беради. Унда акаси Бурҳонбекни хиёнатда айблаб сўккан эди. Бироқ, ГПУ ходими Семенеев бу хатга ишонмасдан, унинг уйида тинтув ўтказади ва бошқа кўп хатлар топади.

Бурҳонбек Абдураҳимов 1925 йил 15 апрель куни қамоққа олинди. 1925 йил 4 сентябрда ГПУга ёллангани ҳолда унга ишламай қўйган деб ЎзССР ЖКнинг 61, 67, 69 моддалари билан 3 йилга Соловец концлагерига ҳукм чиқарилди.

Саидбек додхоҳ

Саидбек додҳоҳ Қобилбек ўғли 1848 йил Бухоро шаҳрининг Дўрмон гузарида туғилган. Унинг отаси Бухоро амири Қушбегисининг хизматида бўлган. Саидбек 20 ёшгача мактаб ва мадраса таълимини олиб, сўнг чой савдоси билан машғул бўлади. 1868 йилда ҳарбий хизматга олиниб, 7 йил давомида қоровулбеги, сўнг мирохўр, тўқсабо унвонларини олади. Шундан кейин амир саройига хизматга кириб, саккиз йил амир Абдулаҳадхон, кейинчалик амир Олимхон хизматида бўлади. 1913 йилдан Вобкентда бош амлокдор бўлди, 1915 йилда эса додҳо унвони берилиб, Китоб вилояти ҳокими лавозимига тайинланади.

У 1917 йилдан Бухорода яшаган, аҳоли ўртасида катта обрў-эътиборга эга эди. 1925 йил апрелда қамоққа олинган. Унинг фарзандлари Ниёзбек (22 ёш) ва Ҳасанбек (16 ёш)лар ҳам сўроққа тортилади. Саидбек додҳоҳ Қобилбек ўғли 1925 йил 4 сентябрь куни 3 йилга Сибирга сургун қилинади...

Муҳаммад Ҳусайн тўқсабо

Муҳаммад Ҳусайн тўқсабо 1858 йил Бухоро шаҳрида дунёга келган. Беш ёшида отаси вафот этгани сабабли ўн икки ёшигача қариндошлари қарамоғида бўлган. 15 ёшида устага шогирд тушади. Кейинчалик қоровулбеги амакисининг тавсияси билан ҳарбий хизматга олинади. Юзбоши, тўқсабо, саркардор лавозимларида хизмат қилади.

1920 йил қизил армия ҳужуми вақтида 200 йигитга бош бўлиб, Бухоро дарвозаси мудофааси унинг бўлинмасига топширилади. Жанг олдидан ҳар бир аскарга бор-йўғи 10 тадан патрон тарқатилган эди. Биринчи ҳужумдаёқ барча ўқлар сарфлаб тугатилади. Шунга қарамай, йигитлар мардонавор кураш олиб бориб, бир кун давомида ўқ ёмғири ва тўплар зарбасига чидаб беради. Кейинги куни 50 аскари билан ҳимояга ўтади. Қаттиқ ҳужум пайтида қолган аскарлар ҳам ҳалок бўлади, аммо, ҳеч бири майдонни тириклай тарк этмайди. Майдонда бир ўзи қолган Муҳаммад Ҳусайн тўқсабо яраланган ҳолида уйга бориб яширинади. 1922 йил Бухоро мудофаасида иштирок этиб тирик қолган собиқ амир ҳарбийларининг барчаси қамоққа олиниб, 18 кун давомида суд қилинади. Муҳаммад Ҳусайн тўқсабо айбсиз деб топилиб, озодликка чиқади.

Аммо 1925 йил қамоққа олиниб, 3 йилга Сибирга сургунга ҳукм этилади...

“Сешанба” гуруҳини бошқарган қўмондон

Қурбонбек тўқсабо Шамсуддинбек бий ўғли 1882 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Мактаб ва мадраса таҳсилидан сўнг ҳарбий хизматга олинади. У 1900 йилдан 1920 йилгача саркарда сифатида фаолият олиб боради. 1918 йил Колесов воқеалари даврида Ҳисорда қўмондон бўлиб, фармон етиши билан йигитларни олиб Бухорога йўл олади. Колесов қўшини ўша пайтдаги замонавий қуролларга эгалигига қарамай бухоролик фидойиларнинг қаттиқ қаршилиги туфайли чекинишга мажбур бўлган эди. Бироқ, шундан сўнг амирликда жадидларга қарши тақиб авж олдирилади. Қурбонбек Шамсуддинбек бий ўғли ҳам “Ёш бухороликлар” партияси тарафдори сифатида бир муддат ҳибсда сақланади.

Дарҳақиқат, Қурбонбек тараққийпарвар фикрли жадидчилик қарашларига мойил бўлган. Унинг яқин дўстлари Мирзо Назрулло Ғофур ўғли (кейинчалик Германияда таҳсил олиб қайтган Неъмат Назруллаевнинг отаси) ва Абдуҳаким махзум Обид “Ёш бухороликлар”нинг етакчиларидан эди. Сўроқ-саволлардан сўнг айбсиз деб топилиб қамоқдан чиқади. Айни пайтда давлат бирлиги ва равнақи йўлида “Ёш бухороликлар”га қарши амалга оширилган қатъий чораларнинг ҳам тўғри эмаслигини айтиб ўтган.

Қурбонбек Шамсуддинбек бий ўғли 1919 йил тўқсабо унвонини олиб, 300 аскарга бошлиқ этиб тайинланади. Унинг гуруҳи “Сешанба” деб номланиб, асосан, Эски Бухоронинг Қарши дарвозаси ёнида жойлашган эди. Гуруҳга ўзи билан бирга юзбоши (офицер)лар – Али Аҳмад мирохўр, Абдукарим қаровулбеги, Худоёр қоровулбегилар раҳбарлик қилган.

1920 йил августида қизил армияга қарши жангда “Сешанба” гуруҳига Қарши дарвозасидан Сетораи Моҳи Хосагача бўлган ҳудудни қўриқлаш топширилган эди. Когон тарафдан келаётган қизил аскарларга қарши гуруҳ тинимсиз ўқ ёмғири остида бир кун мудофаани ушлаб туришди. Ҳар жабҳада мағлуб бўлганига қарамай, гуруҳ аскарлари иккинчи куни ҳам жанг майдонини ташлаб кетмади. Қурбонбек тўқсабо Шамсуддинбек бий ўғли ғалабага ҳеч қандай умид қолмаганини англагач, Орифонга чекинишни буюради. Қизил аскарлар буларнинг қаршилигини синдириш учун оддий қуролсиз аҳолини аёвсиз қирғин қила бошлайди. Кеч соат ўнларга бориб Қурбонбек тўқсабо Шамсуддинбек бий ўғли аскарларига тарқалишни буюради.

У “Ёш бухороликлар”нинг азалий дўсти бўлганлиги туфайли инқилобдан сўнг БХР ҳукумати томонидан ишга олиниб, солиқ ишлари бўйича Шерободга ишга юборилади. Бироқ, ЧКнинг турли аралашувлари туфайли ишдан воз кечиб, ўз хўжалигида деҳқончилик билан шуғуллана бошлайди.

Қурбонбек тўқсабо Шамсуддинбек бий ўғли 1925 йил 12 май куни аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида айблаб қамоққа олинайди. Қийноқ ва таҳқирлар остида кечган сўроқларда бирорта айбловни тан олмади. Аксинча, 1925 йил 27 июнда Тошкент шаҳри Москва кўчасидаги маҳбуслар уйидан Ўрта Осиё ГПУ раҳбариятига ариза йўллаб, ўзига нисбатан кўрсатилаётган ноинсоний, ноқонуний муносабатларга норозилигини баён қилади. 1925 йил 11 июнь куни Қурбонбек тўқсабо Шамсуддинбек бий ўғли ЎзССР ЖКнинг 67-моддаси билан айбланади. 1925 йил 4 сентябрда 3 йилга Соловец концлагерига ҳукм этилади.

Тоғой қоровулбеги Эргаш ўғли отувга ҳукм қилинган

Тоғой Эргаш ўғли 1889 йил Кармана шаҳрида дунёга келган. 1916 йил қоровулбеги унвонини олиб, амир хизматига ўтади. Тез орада ўзининг абжирлиги, жасорати билан ҳарбийлар орасида танилиб, амир отлиқ сарбозлари гуруҳининг бошлиғи этиб тайинланади. Шундан сўнг амир қаровулбегиси сифатида Афғонистонда ҳам хизмат қилади. Бироқ, амир афғон ҳукуматининг талаби билан ёнидаги ҳарбийларни қисқартиришга мажбур бўлади.

У шу даврда Маккага ҳаж сафарига ҳам бориб келади. 1924 йилнинг қишида Содиқбой, ҳожи Назар деган кимсалар унинг ёнига тилмоч сифатида келиб, ГПУга тутиб беришади. Тоғой қоровулбеги Эргаш 1925 йил 4 сентябрда гўёки амирга ахборот тўплаш мақсадида Бухорога келган деган айб билан ЎзССР ЖКнинг 61, 67, 69- моддалари асосида отувга ҳукм қилинади.

Денов бегининг айби нима эди?

Субҳонқулибек 1888 йил Ҳисор беги Авлиёқулибек хонадонида дунёга келган. У ўн ёшгача Каркида мактабда ўқиди, ундан сўнг Балжувон ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олади. 25 ёшигача отасининг хизматида бўлади. 1913 йилдан Амир Олимхон унга бек унвонини бериб, Денов туманига бек этиб тайинлайди. 1920 йил бошида Денов беги Субҳонқулибек ва отаси Ҳисор беги Авлиёқулибеклар аввал жадид тараққийпарварларини қўллаган деган бўҳтон билан ҳибсга олинади. Бу бўҳтон ўтмагач, рус ҳарбийлари билан алоқа боғлаган деб мол-мулклари мусодара этилади. Шундан сўнг Бухорога келтирилиб, шахсан амир томонидан тергов қилинади ва ўзларининг айбсизлигини исботлаб, қамоқдан қутилади. Кўп ўтмай ўз мансабларига тикланади ва қизил армия ҳужуми вақтида амир сарбозлари таркибида қаҳраманона кураш олиб боради.

Ота ва фарзанд беклар амир ҳимоясини таъминлаб Афғонистоннинг Хонобод шаҳригача амир Олимхоннинг ёнида бўладилар. Амир ёнидан ҳарбийларнинг четлатилиши билан улар Кобул, Мозори Шариф шаҳарларида кун кечирдилар. БХР ҳукуматининг хорижга чиқиб кетган ватандошларга нисбатан умумий афв эълон қилиниши билан Субҳонқулибек Авлиёқулибек ўғли Абдураҳим Юсуфзода билан ватанга қайтишга қарор қилади. Бухорога келгач, Файзулла Хўжаев уни Солиқ ишлари бўйича масъул лавозимга тайинлайди. Бир йил давомида Кўлоб, Шарқий Бухоро ҳудудларида иш олиб бориб, 1923 йил тўсатдан барча лавозимларидан бўшатилади.

Субҳонқули Авлиёқулибек ўғли 1925 йил апрелда қамоққа олиниб, ўта жангари, 1923 йил Машҳадда бўлиб амирни қайтаришда инглизлардан ёрдам сўраган, ўта хавфли унсур деб айбланади. 1925 йил 4 сентябрда олий жазога ҳукм қилинган...

Баҳром ИРЗАЕВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори