Учрашувда ўзбек – қирғиз ҳамкорлигининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди ва уни янада кенгайтириш бўйича истиқболли таклифлар муҳокама қилинди.
Гидроэнергетика, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, юқори талабга эга маҳсулотларнинг айрим турларини етказиб беришни ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат ҳудудларида ўзаро боғлиқ қўшимча қиймат занжирларини яратиш мақсадида ўзбек ва қирғиз тадбиркорларини қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш бўйича изчил ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўлини қуриш, шунингдек, «Ўш – Иркештам» автомобиль йўлининг айрим қисмларини таъмирлаш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.
Икки мамлакат божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш ва улар ўртасида тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича конструктив таклифлар илгари сурилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида алоҳида назорат пунктлари фаолиятини тиклаш имконияти ва чегараолди савдо логистика марказларини қуриш учун зарур бўлган шарт-шароитлар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш ва амалда татбиқ этиш бўйича кейинги саъй-ҳаракатларни белгилаб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.