Суҳбат давомида кўп қиррали ўзбек - қирғиз ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саноат кооперациясининг янги истиқболли қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш, савдо шартномаларини тузиш, Бишкек шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши ҳамда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларини жалб этган ҳолда бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон Ҳукумати делегациясининг ташрифини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда қирғиз капитали асосида 291 та корхона фаолият кўрсатяпти. Томонлар икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар сонини кўпайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Шу нуқтаи назардан, 2022-2025 йилларга мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги Битим ҳамда Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар шаҳар транспорти соҳасида 1,85 миллион долларлик лойиҳани молиялаштиришни бошлаган Ўзбек - Қирғиз тараққиёт жамғармаси фаолиятини муҳокама қилдилар. Жамғарма маблағларини жалб этган ҳолда Қирғизистонда йигирув корхонасини ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш ва травертинни бирламчи қайта ишлаш лойиҳасини биргаликда амалга оширишга келишилди.

Гидроэнергетика ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.