Мажлисда Вазирлик Ҳайъати қарори билан қайта кўриб чиқиш учун тақдим этилган «Кодекс куманикус» қўлёзмасининг тадқиқ қилиш ҳам ёдгорликларнинг аслиятдаги илмий изоҳли матнини тайёрлаш ва нашр этиш” мавзусидаги инновацион лойиҳаси қайта муҳокама қилинди ва лойиҳа бўйича кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилгани ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳалар танловининг қайта эълон қилинган 17-туридаги «Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш» мавзуси бўйича топширилган амалий лойиҳалар муҳокамаси ўтказилди.

Лойиҳалар қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштиришга, интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантиришга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020 йилдан бошлаб долзарб филологик илмий-техник муаммолар ечимига бағишланган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бажарилишини амалга оширишга қаратилган. Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик ва халқимиз тарихига ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган мамлакат сифатидаги халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш, бой ёзма меросни сақлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ишларини янги сифат босқичига кўтаришга хизмат қилади. Қолаверса, лойиҳа давомида қўлга киритиладиган илмий ютуқлар ва натижалар келгусида ушбу йўналишда амалга ошириладиган илмий тадқиқот ишлари учун асос бўлиб ҳисобланади.

«Ўзбек адабиёти»нинг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформаси ўзбек адабиёти намояндалари ҳаёти ва ижодини, ўзбек бадиий тафаккури маҳсули бўлмиш ноёб дурдоналарни дунё ҳамжамиятига таништириш ҳамда тарғиб этиш учун асос бўлади. Ушбу лойиҳа мақсади юртимизда бадиий таржима ишларини янада жонлантириш, бевосита ўзбек тилидан чет тилларга мумтоз ва замонавий адабиёт намуналарини таржима қилиш, ўзбек миллий адабиёти ҳамда адабиётшунослик вакиллари ҳаёти ва самарали фаолиятини хорижий мамлакатларда тарғиб этиш ишларини янги босқичга кўтаришдир.

Бундан ташқари, мажлисда вазирнинг Андижон вилоятида ўтказган сайёр қабули доирасида бўлиб ўтган муҳокамалар натижалари бўйича топширилган «Таржимашунослик ва луғатшунослик инновациялар маркази» мавзусида амалий лойиҳа ҳам муҳокама қилинди, долзарблиги қайд этилди. Лойиҳанинг мазмуни ва кутилаётган натижадан келиб чиқиб, ИТК аъзолари лойиҳа мавзусини «Таржимашунослик ва луғатшунослик инновация марказини ташкил этиш асосида луғат ва матн таржимони интеллектуал электрон платформасини яратиш» сифатида ўзгартириш таклиф қилинди.

Лойиҳалар бўйича Илмий техник кенгашнинг тегишли қарорлари қабул қилинди, якуний хулоса вазирлик Ҳайъати томонидан қабул қилинади.​