Ўтган беш ой ичида экспорт кўрсаткичлари 1,6 миллион долларни ташкил этган. Бу фақатгина икки томонлама алоқаларнинг бир қисми, холос. Ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифи чоғида янги бир ташаббус амалга оширилди.

Душанбе шаҳрида «Made in Uzbekistan» ёрлиғи остида шоу-рум ўз ишини бошлади. Кўргазма павильонида 5 йил давомида Ўзбек чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотлари доимий тақдим этилади. Эндиликда Тожикистоннинг ўзида турган ҳолда мижозлар миллий маҳсулотларимиз билан яқиндан танишишлари, уларни синаб кўриш имконига эга бўлдилар. Шоу-румда Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг кенг ассортименти намойишга қўйилган. Намуналар орасида эркаклар, аёллар, болалар ва кўплаб турдаги классик ва махсус пойабзалларни учратиш мумкин. Тожикистонлик тадбиркорлар шунингдек, бу ерда Ўзбек қоракўли ва чарм-атторлик буюмларининг сифатини баҳолаш имконига эга.

Қайд этиш керак, Ўзбек-Тожик бизнес форуми доирасида қатор шартномалар ва келишувларга эришилди. Ушбу форумда «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо корхоналардан «COMFORT LEATHER SHOES» МЧЖ, «AMR UL BAHR» МЧЖ, «RAVON TARAQQIYOT ORZUSI» МЧЖ, «Classika Shoes International» МЧЖ, «SITONI» каби кўплаб корхоналар фаол иштирок этди. Тожикистоннинг «Чарм», «Матин Чарм», «Аъзам» каби корхоналари билан савдо ва инвестициявий масалалар бўйича музокаралар олиб борилди.

Музокаралар якуни билан 5 миллион 200 минг долларлик экспорт шартномалари имзоланди. Умумий экспорт келишувлари 12 миллион долларни ташкил этди.

Шунингдек, Тожикистонлик ҳамкорларга биргаликда амалга ошириш бўйича қатор лойиҳалар тақдим этилди. Улар қаторида йилига 25 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги корхона лойиҳаси ҳам бор. Яна иккита лойиҳа эса қўшимча қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Мазкур лойиҳалар ҳаётга самарали жорий этилиши билан йилига 100 минг жуфт пойабзал ва 40 минг дона сумка ва чемоданлар ишлаб чиқара бошланади, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.