Геология соҳасидаги илмий мактаблар янги Ўзбекистонда жадал шаклланаётган янги геология тизимининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда. Уни ривожлантиришдан мақсад — табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб, одамларни бой қилишдир”.

Хўш, бугун геология соҳасига қаратилаётган  эътибор нималарда акс этмоқда? Тизимдаги ислоҳотларнинг самарадорлиги қай даражада? Уни янада ривожлантириш учун нималар қилиш керак? Бу саволларга жавоб топиш учун юртимиз геология соҳасининг ўтмиши, ҳозири ва истиқболига бир назар солсак.

Ватанимиз ҳудудида қадимдан тоғ кон саноати ривожлангани тўғрисида тоғли ва тоғолди ҳудудларда топилган қадимги маъдан эритиш иншоотлари далолат беради. Айниқса, Чотқол­-Қурама (Оҳангарон воҳаси), Марказий Қизилқум, Нурота тоғлари, Султон Увайс тоғи каби тоғли ўлкаларда ҳозирги кунда 10 мингдан ортиқ қадимги, X­-XII асрларга мансуб маъдан эритиш иншоотлари топилган. Бу иншоотлар турли маъданларни топиш ва қазиб олиш, эритиш масканларига етказиш, металл олиш технологияси нақадар қадимда ривожланганига ишора ва инкор қилинмайдиган далилдир.

Юртимиз заминида мужассам бўлган табиий бойликларни ўзлаштириш бўйича собиқ иттифоқ даври алоҳида аҳамият касб этади. Аввало, бу паллада соҳага эътибор ва мутахассисларни тайёрлаш масалалари ҳудуддаги табиий бойликлар захирасига чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб борилганини таъкидлаш жоиз. Бунинг бош сабабчиси қимматбаҳо ва ноёб элементлар — олтин, мис, кумуш, уран, қўрғошин, вольфрам ва бир қанча ноёб маъдан захиралари бўйича юртимизнинг дунёдаги биринчи ўнталик давлатлар қаторига киришидир.

Ўзбекистон геология илмий мактаби, деганда дастлаб академик, давлат арбоби, ўзининг серқирра ақл-­заковати, шижоати, миллий ёш кадрларга меҳр-­муҳаббати билан Ватанимиз илм-­фанида ёрқин из қолдирган Ҳабиб Абдуллаев номи ёдга келади. Зеро, уни бежиз XX асрнинг Берунийси деб аташмаган.

Илмий мактабларнинг нуфузи, салмоғи ўша муҳит ва даврда етишиб чиққан илм намояндалари билан белгиланади. Хусусан, Ҳ.Абдуллаев мактабини ўтаган шогирдлари — академик И.Ҳамробоев, Э.Исамуҳамедов, Ф.Усмонов, Т.Долимов нафақат юксак илмий ютуқ ва унвонларга эришди, балки ҳар бири ўз йўналишида алоҳида илмий мактабга асос солди.

Ўтган асрнинг 90­-йилларидаги сиёсий, ижтимоий­ иқтисодий ўзгаришлар геология соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Барча соҳалар каби бу жабҳада ҳам кадрлар қўнимсизлиги, айрим етук кадрларнинг юртимиздан кетиб қолгани соҳа ривожига салбий таъсир ўтказди. Ёшларнинг бу соҳани эгаллашга иштиёқи пасайди. Лекин шу даврда ҳам Ватанимиз тоғ кон саноати аввал топилган конлар ҳисобига иқтисодий самара билан фаолият юритди.

Мустақиллик йилларида мавжуд конларни ўзлаштириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш учун янги корхоналар очилган бўлса-­да, геология соҳасида илмий изланишлар олиб бориш ва кадрларни тайёрлаш жараёни бироз сусайди. Геология қидирув ишларига жалб қилинган техник ускуналарнинг, ўлчов анжомларининг 80 фоиздан ортиғи ўз ресурс қувватини адо этиб бўлган эди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, геология соҳасида танаффус вақти бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони барча жабҳалар қатори геология соҳасида ҳам туб бурилиш ясади. Ҳаракатлар стратегияси натижаси геология қидирув ишларининг жадал ривожланишига, техник ускуналарни замонавийларига тубдан алмаштириш, лаборатория ўлчов ускуналарининг халқаро стандартларга мос бўлишига, бунинг натижасида 20 дан ортиқ янги конлар очилишига хизмат қилди. Ҳозир геология қидирув ишларига жалб қилинган техник ускуналар 80-­85 фоиз, айрим лаборатория ўлчов асбоблари 90­-95 фоиз замонавийларига алмаштирилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан геология соҳасида мутлақо янги кластер шаклидаги таълим маскани — Геология фанлари университети ташкил этилди. Бу эса жаҳон андозаларига мос, интеллектуал салоҳиятли, юксак ва замонавий фикрлайдиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади. Университетнинг таркибига геология соҳасидаги тўртта илмий текшириш институтини бирлаштириш ўқув жараёнига илмий ишланмаларни кенг татбиқ этиш орқали илм­-фан, таълим ва ишлаб чиқариш узвийлигини таъминлайди. Бу ҳам Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси ўлароқ юзага келди.

Охирги 4-­5 йилда давлатимиз раҳбарининг геология соҳасига тегишли 10 дан ортиқ фармон ва қарори, ҳукуматнинг 15 дан зиёд қарори қабул қилинди. Бу соҳа ривожига мисли кўрилмаган ютуқларни келтирди. Айниқса, “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган  геолог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши катта воқеа бўлди. Соҳа ходимларининг қадри ва қадди кўтарилишига ижобий таъсир кўрсатди. Уларда касбидан фахрланиш, келажакка ишонч юксак даражага кўтарилди.

Ҳозир Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегиясига ўтиш соҳада янада катта марраларни эгаллашга ундамоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланганидек,  132 тонна олтин, 200 тонна кумуш, 255 минг тонна мис, 50 минг тонна қўрғошин, 48 минг тонна рух, 8 минг тонна вольфрам ва бир қанча элементлар бўйича захираларни кўпайтириш соҳа ходимлари зиммасига юксак масъулият юклайди. Айтиш жоизки, бу марраларга эришиш учун ўтган беш йилда пухта замин ва керакли шарт-­шароит ҳозирланган.

Ҳ.Абдуллаев номидаги геология ва геофизика институтида беш йил аввал битта ҳам докторант бўлмаган. Илмий изланувчилар сони 2017-­2018 йиллари икки, 2019­-2020 йиллари уч, 2021 йилда тўққиз, 2022 йилда ўн беш нафарга етгани ёшларнинг илмга муносабати кескин ўзгараётганини англатади.

Яқинда геология соҳаси ходимлари учун яна бир муҳим воқеа рўй берди. Шу йилнинг 22 февраль куни Тошкент шаҳрида кўп квартирали уй­-жой фондини бошқаришни такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга оид ҳамда геология соҳаси ва кимё саноатидаги лойиҳалар билан танишиш чоғида Президентимиз биз, мутахассислар учун қимматли маслаҳат ва тавсиялар берди.

Мазкур йиғилишда геология соҳасида бажарилаётган кенг қамровли ишлар доирасида юқори технологик металлар қазиб чиқариш режаси баён қилинди. Жумладан, мис, ноёб металлар, магний, литий ва графит захираларини ўзлаштириш, углевород хомашёси бўйича қидирув ишларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувнинг аҳамияти шундан иборат бўлдики, давлатимиз раҳбари томонидан геология соҳасида янги атама — “юқори технологик металлар” ибораси ишлатилди. Сир эмаски, шу кунгача аксарият геология қидирув ишлари ва илмий изланишларда қимматбаҳо ва рангли металлар улуши юқори бўлган. Барча қидирув ишлари шу металлар захирасини қидиришга йўналтирилган.

Ҳозир “яшил иқтисодиёт”ни таъминловчи замонавий техника ва технологиялар жадал ривожланмоқда. Шу боис, “юқори технологик металлар”ни қидириш, захираларини аниқлаш ва уларни қайта ишлайдиган завод­-фабрикаларни ишга тушириш давр талабидир.

Президентимиз томонидан соҳада илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш борасида биз, илм аҳли зиммамиздаги юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда, илмий-­техник йўналишдаги фаолиятимизни танқидий-­таҳлилий баҳолаб, илмий ишланмаларни замон талаби асосида такомиллаштиришимиз даркор. Зеро, янги металларни излаш, конларни топиш ва саноатни ривожлантириш орқали жаҳон меҳваридан муносиб ўрин эгаллаш учун интилаётган янги Ўзбекистоннинг иқтисодий таъминоти юксак бўлади, қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади ва аҳоли фаровонлигига эришилади.

Соҳада минглаб геологлар жамоаси таркибидаги илмий ходимлар олдида улкан марралар турибди. Биринчидан, геология илмий мактабларини қайта шакллантириш, уларнинг тарихи, ривожланиш босқичлари ва геология соҳасига қўшган ҳиссаси тўғрисидаги маълумотлар асосида илмий мактаблар асосчилари томонидан қолдирилган меросни чуқур ўрганиш, илмий асарларини қайта нашр этиш лозим. Пировардида, бу маълумотлар Геология фанлари университети ва тармоқ олий таълим муассасалари талабаларига етказилади.

Иккинчидан, таълим дастурлари таркибида геология илмий мактаблари томонидан яратилган илғор усулларни ўқув юкламалари тарзида шакллантириш, илмий мактаблар негизида амалий ва назарий билимлар бериш зарур.

Учинчидан, таълим йўналишларида IT технологиялар ва илғор замонавий усуллар ёрдамида ўқув жараёнини шакллантирамиз. Ёш илмий ходимлар (таянч докторант ва докторантлар) илмий мавзуларини шакллантиришда геология қидирув масалаларининг энг долзарб мавзуларига катта эътибор берилади.

Тўртинчидан, соҳа бўйича жаҳон илмий жамоатчилиги ютуқларидан кенг фойдаланиш, илмий мавзуларни ёритишда геология соҳаси талабларидан келиб чиқиб, уларнинг натижадорлигини ошириш ва иқтисодиётнинг реал секторига татбиқ қилиш вазифаси олдимизда турибди.

Мазкур режалар ижроси, ўйлаймизки, Тараққиёт стратегияси бўйича геология соҳасига доир белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишига хизмат қилади. Энг муҳими, иқтисодиёт юксак даражага кўтарилади, аҳоли фаровонлиги таъминланади. Соҳа йўналишида жаҳон андозаларига мос келувчи, замонавий фикрловчи, рақобатбардош мутахассислар тайёрланишига эришилади.