Унда ўзбек қизининг иқтисодиёт йўналишидаги илмий фаолияти, яратган дастур ва лойиҳалари ҳақида сўз борар экан, бу йўналишда у дунёнинг илғор хотин-қизлари қаторида тилга олинади. Китоб қисқа вақтда жаҳоннинг 26 давлатида сотилди. Океан ортида фаолият олиб борадиган сайёрамиздаги энг машҳур платформалардан бири Гўзалга бошқа лойиҳалар бўйича ҳам таклифлар билан чиқди. Айни пайтда ўзаро ҳамкорликда бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш устида ишлар олиб борилмоқда.

Қатор хориж давлатларида таҳсил олиб, жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари аъзосига айланган Гўзал Ҳакимовани кўп бор фаолиятини чет элда давом эттиришга ҳам чорлашган. Аммо уни отаси каби доим Ватанда қолишга ундайдиган куч бор. Қаҳрамонимиз ана шу куч нима экани, халқаро иқтисодчи сифатидаги фаолияти, жаҳон майдонидаги ўрни, юртимизда амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида гапириб берди.

Қароримдан афсусланмайман

— Тошкент шаҳрида туғилиб, вояга етдим. Турли соха эгаларидан иборат авлодларнинг давомчисиман, — дейди у. — Шажарамизда шифокор, мураббий, таржимон, табиб, архитектор, мухандислар бўлган. Шунинг учунми, оиламизда доим илм олишга катта эътибор қаратилган, бу борада ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Ҳозиргача кунига бир неча соат вақтимни китоб ўқишга ажратаман. Касб танлашда ҳам биз учун чегаралар белгиланмаган. Қиз бола бўлишимга қарамасдан болалигимдан иқтисодиётга қизиқдим. Таълимнинг барча босқичларини молия йўналишида давом эттирдим. Аммо бу бошқа қизиқишларимга тўсиқ бўлмади. Шу кунгача 7 хил йўналиш — молиячи, инвестор, таржимон, кадрлар инспектори, ҳамшира, бизнес-мураббий, таргетолог мутахассисликлари бўйича амалиётга эгаман. Аммо барибир, асосий касбим ҳам, йўналишим ҳам халқаро иқтисодчи.

Мендаги аниқлик, кучли хотира, иқтисодиётга оид қобилият раҳматли отамдан мерос ўтган, деб ўйлайман. Улар илмни севадиган, рус ва немис тилларида эркин сўзлаша оладиган инсон эдилар. Германия ҳукуматидан ўша ерда яшаб қолиш таклифи тушганида, рад этиб, ўз юртларига келиб оила қурганлари ҳақида гапириб берардилар. Отам ҳеч қачон моддий бойлик орттиришга интилмадилар, фақат ўқиш, илм олишгина уларни хурсанд қиларди. Онам ҳам уларга мос равишда уч тилни биладилар. Ўзимча, оиламизни дунёвий илмлар нуктаси, деб таърифлайман. Ана шу нуқтада биз фарзандлар ҳам илмга қониб вояга етдик.

Оилада юзага келган моддий қийинчиликлар, қолаверса, катта фарзанд эканим, эрта улғайишимга туртки бўлди. 2005 йилда Тошкент Ислом Университетига шартнома асосида ўқишга кирганим учун ҳужжатларимни қайтариб олганим эсимда. Кейин Япония ва Германиядаги нуфузли университетларда ўқиш таклифини олдим. Отам қарз олиб бўлса ҳам ўқитишларини айтиб, хорижда таҳсил олишимни жуда истадилар. Аммо мен уларни қийнагим келмади. Воз кечганим арзимас нарса, мен ҳали бунданда катта ишларни амалга ошираман, деган мақсад билан Тошкентда қолдим. Ва бундан ҳеч қачон афсусланмайман.

Билим — энг яхши инвестиция

Гўзал олдига қўйган мақсадига эришди. Тасодифан эмас, балки катта меҳнат, машаққат, интилиш ортидан қувиб, воз кечганларининг ўрнини тўлдира бошлади. Қизиғи, хориж давлатларида таҳсил олиши учун унга визалар-у, рейслар керак бўлмади. Қизалоқ барча муваффақиятлари “эшиги”ни раҳматли отасининг хонасида ўтириб бирма-бир очди. Ўқиди, изланди, иқтисод йўналишида курслар сотиб олиб, билимларини ривожлантирди. Хориж олийгоҳларида масофавий таълим олди.

Юртимизда ўқиш орзусини ҳам ниҳоят амалга оширяпти. Ҳозир Тошкент Халқаро Молиявий бошқарув ва Технологиялар университети талабаси. Шу билан бирга, Aмерика Фонд Биржаси бўйича масофавий тахсил олади. Буюк Британиянинг Лордлар палатаси аъзолари иштирокидаги дарсларида ҳам қатнашиб келмоқда. 2021 йилда Бизнес ва инвестиция бўйича Дубайдаги Иван Грош, Москвадаги Aлександр Яновский, Германиядаги Бодо Шефер курсларини онлайн тамомлаган.

Айни вақтда хорижий компанияларнинг бирида иш бошқарувчи сифатида фаолият юритиб келмоқда. Ҳамкорлик асосида ташкилотларга иқтисодий маслаҳатлар ҳам бериб боради. Шу билан бирга, Америка, Индонезия, Аргентина, Покистон, Мисрдаги йирик халкаро ташкилотларнинг таьлим, ҳамдўстлик, илм-фан, янгилик яратиш йуналишлари буйича расман аьзоси ҳисобланади. Бундай йирик ташкилотларга ҳеч ким шунчаки қабул қилинмайди. Гўзалнинг лойиҳалари, дастурлари хорижликлар томонидан эътироф этилаётгани сабаб, доимий ҳамкорликка чорланмоқда.

— Фаолиятим давомида кўплаб давлатларнинг иқтисодий ҳолатини ўрганиб, таҳлил қилишимга тўғри келади, — дейди Гўзал Ҳакимова. — Масалан, Американи олайлик. Иқтисодий имкониятлари анча ривожланган бўлишига қарамай, ҳар қандай лойиҳани қўллаб-қувватлашга доим тайёрлиги мени ҳайрон қолдиради. Фақат сунъий интеллектнинг инсон танасига махсус чип куйиб, уни бошкариш мумкинлигига оид лойиҳани рад этди. Чунки бунинг жиддий оқибатларини улар тушуна олади ва инсондан ташқари, барча лойиҳаларни молиялаштиради. Буюк Британияда эса иқтисодни яхши назорат қилиш мақсадида солиқ сиёсати аниқ тизимга солинган ва унинг ижроси тўлиқ таъминланади. Шунингдек, ушбу давлат ички пул маблағларини бошқаришда ҳам етакчилар қаторида туради.

Охирги йилларда юртимизга жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари тажрибаси, оммалашган лойиҳалари кириб келаётгани, уларга кенг йўл очилаётгани мени қувонтиради. Иқтидорли ёшлар, лойиҳа яратувчилар ўз ишлари билан мамлакатимизга инвестиция жалб қилмоқда. Бўш пул маблағларини камраб оладиган шаффоф ташкилотлар очилиб, йилдан-йилга фаолиятлари мустаҳкамланиб боряпти.

Бу борада марралар баланд олинаётгани барчага бирдек қўл келади. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада таъкидлаганидек, жорий йил иқтисодиётга 30 миллиард доллар сармоя, жумладан, 25 миллиард доллар хусусий инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилган. Натижада қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан ортиқ лойиҳалар ишга туширилади, 40 та янги йирик лойиҳа иш бошлайди.

Аслида, ҳар нарсанинг негизида иқтисодиёт ётади. Кичик оила бюджетидан тортиб, мамлакатнинг ҳаракат оқимигача бари иқтисодиётга боғлиқ. Аммо бу соҳа бир маромда кетадиган йўналиш эмас. Иқтисодиётда доим кўтарилиш ва тушиш ҳолатлари ёнма-ён юради. Меъёрни ушлаб туриш учун аниқ ва самарали ечимлар зарур. Ана шу ечимларни бера оладиган малакали иқтисодчиларга эса доим талаб юқори.

Умуман, ҳар қайси соҳада бўлмасин, етакчига айланиш учун кўпроқ ўқиш ва ўрганиш керак. Айниқса, ҳозирги замонавий асримизда бунга талаб жуда катта. Шу боис, ўқувчиларимга ҳамиша ўқишдан тўхтамасликларини айтаман. Иқтисодиёт тобора рақамлашиб боряпти, бундай шароитда замонавий билимларни эгалламасдан туриб, янгилик яратиш қийин. Олинган билимлар эса инсоннинг ўзи билан қолади ва қачонлардир унинг бошқаларга ҳам нафи тегади.

Машҳур хориж компаниясининг кутилмаган таклифи

Гўзал ёш иқтисодчиларнинг кўпроқ илм олиши, янги лойиҳаларини амалга ошириши учун инвестиция ҳам киритади. Ҳозир ўқувчилари орасида унинг молиявий кўмаги ёрдамида катта ишларни бошлаганлари бор. Қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам бир қатор лойиҳаларга қўл урган. Шулардан бири “онлайн клуб”дир. Унда турли соҳа эгалари жам бўлиб, иқтисодий мавзуларда суҳбатлашади, фикр алмашади. Уларни ҳаётларини янада яхшилаш, ўз бизнесларини бошлаш мақсади бирлаштиради.

Аъзолар орасида хорижликлар ҳам кўп. “Онлайн клуб”да мунтазам равишда молиявий, иқтисодий маълумотлар бериб борилади. Соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида овозли суҳбатлар, вебинарлар ўтказилади. Турли лойиҳалар асосчилари онлайн мулоқотларга таклиф этилади. Улар ўз билимлари, тажрибаларини иштирокчилар билан бўлишади. Клуб аъзоларининг кўпчилиги олган билимларини фаолиятида самарали қўллаб келмоқда. Шу боис, аксарияти шахсий бизнесига эга бўлган.

Гўзалнинг “Мустаҳкам пойдевор” номли амалий-тажриба дастури эса жамиятда молиявий саводхонликни оширишга қаратилган. Бугунга қадар юртимиз ва хорижий давлатлардан мингдан ортиқ ёшлар дастур асосида ўқиб, олган билимларини амалиётда қўллаб келмоқда.

— Дастур 2021 йилда яратилган бўлиб, жамиятда молиявий саводхонлик ҳамда инвестицион муҳитни барқарорлаштириш, талабаларни амалиётга тайёрлаш, бошланғич ва доимий капитал йиғиш, ҳимоя ёстиқчасини яратиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, ўз қобилиятларини аниқлаш каби вазифалар мақсад қилиб олинган, — дейди Гўзал Ҳакимова. — Бу дастурни ёзишимга университет талабалари сабабчи бўлган. Гап шундаки, олий таълим жараёнида амалиётларга чуқур тайёргарлик кўриш, мақсад қўйишда иккиламчи қарорларга чалғимаслик, таълим жараёни билан амалиётнинг фарқ қилиши, сохта ташкилотларга алданиб қолиш ва бошқа кўплаб саволларга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу дастурни ишлаб чиқдим. У 22 хил йўналишни ўз ичига олган бўлиб, хориж таълими асосида ўқитилади. Лойиҳани АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Норвегия, Дубай таълим стандартларининг Ўзбекистон қадриятларига мослаштирилган методикалар йиғиндиси дейиш мумкин.

Дастур замонавий касблар ҳақида ҳам маълумотлар бериб, инсоннинг аниқ мақсад қўйишига ёрдам беради. Дарслар барча ўқувчилар билан яккама-якка тарзда ўтилади. Барчанинг шахсий дахлсизлиги таъминланади, сўз, фикр эркинлиги ортади. Айни пайтда дастур форматини янгилаб бориш устида изланяпман. Чунки дастур ўзимдан ҳам кўпроқ билимларни талаб қилади. Унинг фойдаланишга қулайлиги, ҳатто, интернет ўчганда ҳам файлларни кўриш ва такрорлаш мумкинлиги кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Дарсларни исталган давлатда туриб ўрганиш мумкин. Махсус файллар маълумотларни тўлдириб, аниқлаштириб боради.

Рус, инглиз, турк тилларида сўзлаша оладиган Гўзал ҳар доимгидек, янги билимларни эгаллаш устида ишламоқда. Айни пайтда Америка фонд биржаларини ўқиб ўрганиш баробарида, хорижнинг катта тажрибага эга экспертлари, молия соҳаси билимдонлари, машҳур иқтисодчилардан таълим оляпти. Нуфузли ташкилотлар аъзоси сифатида жаҳон майдонида ҳам бу ўзбек қизининг ўз овози бор.

— Гендер тенглик масаласи ҳозир демократик давлатларда кун тартибида тургани рост, — дейди Гўзал Ҳакимова. — Бу борада жаҳон халқларининг эришаётган ютуқлари ҳам, камчиликлар ҳам етарлича. Аммо мен мамлакатимиз мисолида гапиришдан доим фахрланаман. Чунки азалдан хотин-қизлари қадрланган бу юртда охирги йилларга келиб, ҳар соҳада уларни қўллаб-қувватлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиб, қўшимча даромад топиши учун барча шароитлар яратиб берилаётганига гувоҳмиз. Имтиёзлар уларни руҳлантиряпти, марралар сари ундаяпти. Мен ҳам ана шу жамиятнинг бир вакиласи сифатида ўз касбимда янада кўпроқ ютуқларга эришиш, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

“Амазон” платформаси Гўзал Ҳакимовага ўз муаллифлигидаги китобини чоп эттириш таклифини ҳам берган. Машҳур китоб ишлаб чиқарувчи компаниянинг бу таклифи қаҳрамонимиз учун кутилмаган бўлди. Бунинг учун катта билим талаб этилиши, масъулияти юқори эканини ҳам яхши билади. Аммо ўзига бўлган ишончи сабаб таклифга розилик билдирган ва бу борада ҳаракатни бошлаб юборган. Яқин йилларда Гўзал Ҳакимова Американинг машҳур компаниясида китоби нашр этилган биринчи ўзбек қизига айланса ажаб эмас.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 02.05.23 й, 84-сонида чоп этилди)