Рассом билан танишишим ҳам бир рамзий кўринишда содир бўлди. Тўғриси, мен ўзимни карикатурачи рассом ҳисобламайман. Карикатура ижодимнинг бир қирраси, холос. Ўтган асрнинг 80-90- йиллари баҳоли қудрат газета ва журналлар учун кўплаб карикатуралар чизар эдим. 2000 йилларга келганда негадир матбуот карикатура беришни деярли тўхтатди. Онда-сонда чиқадиган карикатураларга арзимаган чойчақа берилар эди. Кунларнинг бирида кассада Маҳмуд акани учратиб, танишиб қолдим. У киши расмларимни кузатиб боришларини айтиб, ижобий фикрлар билдирди. Мен ҳам у кишини нафақат рассом, балки актёр сифатида ҳам билишимни айтдим. Ўша йиллари Маҳмуд ака «Муштум» журнали билан ҳамкорлик қилиш билан бирга, раҳматли Эргаш Каримов бошлиқ Телевизион миниатюралар театрида эпизодик ролларда ҳам кўринар ва ишончли образлар яратар эди. Суҳбат давомида ҳозир деярли карикатура чизмаётганимни, буни босиб чиқаришга талаб ҳам йўқлигини айтдим. У киши, аксинча, карикатура чизиш ҳамма рассомнинг қўлидан келмаслигини, халқаро танловлар кўплиги, уларда иштирок этишим мумкинлиги ҳақида сўзлади ва суҳбатдан сўнг мени «Муштум» журнали жойлашган қаватга таклиф қилиб, таҳририят ижодкорлари билан таништирди. Шу тариқа Маҳмуд ака мени яна карикатура соҳасига қайтарди. Каминага ҳам у киши берган манзилдаги халқаро карикатура танловларида қатнашиб, бир неча марта юртимиз шарафини оқлаш насиб этди.

Маҳмуд ака асли Фарғонанинг Бешариқ туманидан. Кўп йиллар қишлоқда яшаб, оддий колхозчи, тарозибон, ҳайдовчи, тракторчи каби касбларда ишлаб келиб, 30 ёшларида тасвирий санъатга бўлган муҳаббат у кишини Тошкентга келишга ундайди ва Тошкент педагогика институтининг Тасвирий санъат факультетига ўқишга киради. Маҳмуд аканинг ажойиб картиналарини кўрганман. У кишидан яхшигина манзарачи рассом чиқиши мумкин эди. Лекин у карикатурани танлади.

Карикатура аслида кулги эмас, аччиқ киноя ва дарддир. Рассом­нинг дунёда ва ўзи яшаб турган жамиятдаги ҳодисаларга муносабатидир. Қолаверса, танқид мавжуд салбий ҳолатни бартараф этиш учун қўйилган илк қадамдир. Танқидий нуқтаи назардан асар яратиш жуда мушкул иш. Шу жиҳатдан ҳам карикатура жиддий жанр ва карикатурачилар жиддий инсонлар ҳисобланади. Томошабин юзида ним табассум ёки кулги ҳосил қилиш учун рассомдан катта билим ва маҳорат талаб этилади. Маҳмуд аканинг Тошкентнинг «Лангар» маҳалласидаги мўъжаз ижодхонасида кўп меҳмон бўлганман. Рассомнинг кутубхонасини унча-мунча ёзувчилар ҳавас қиладиган даражадаги бой ва ноёб китоблар безаб туради. Буларнинг кўпчилигини нуфузли халқаро танловларининг оғирлиги ярим-бир кило келадиган юқори сифатли каталоглари ташкил этади. Шу билан бирга, Лермонтов шеърлари, Навоий, Машраб, Фурқат, Бобур, Нодира ғазалларию, Некрасов, Чехов, Достоевский, Сервантес, Жек Лондон, Майн Рид, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ўлжас Сулаймонов, Чингиз Айтматов асарлари, илмий-бадиий, тарихий китоблар жуда кўп. «Телевизор кўрмайман, кўпроқ китоб ўқийман, радио эшитаман», дейди рассом. Чиндан ҳам карикатура чизиш ва томошабинга фикр бериш учун рассомдан жуда катта билим ва заковат талаб этилади. Шу жиҳатдан бўлса керак, айрим мамлакатлар, хусусан, АҚШда карикатурачи рассомлар поп юлдузлардан ҳам кўпроқ ­эъзозланади.

Тўғрисини айтганда, Маҳмуд акани жаҳон миқёсида яхши танишади. Чунки у кишининг экология, терроризм, наркомания, уруш ва тинчлик, иқтисодий қашшоқлик, ижтимоий адолат, ирқчилик ва глобализмга бағиш­ланган талай асарлари олтин медалга, Гран-прига, сертификат ва дипломларга сазовор бўлган. Шу билан бирга, рассом Франция, собиқ Югославия, Исроил, Кипр, Эрон, Туркия, Хитой каби мамлакатларда ҳайъат раиси сифатида бевосита ва онлайн иштирок этиб, ҳакамлик ­қилганлар.

Маҳмуд Эшонқулов номи дунёнинг энг зўр 100 карикатурачиси рўйхатидан ўрин олган. Халқаро карикатурачилар уюшмасининг фахрий академиги...

Содда, самимий, тўғрисўз, чин инсон — Маҳмуд ака аллақачон бадиий қаҳрамон сифатида шоирлар шеъларида, ёзувчилар асарларида ўз образларини топган. У киши Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, 2006 йилда «Олтин қалам» мукофоти, 2008 йил «Халқлар дўстлиги» орденига сазовор бўлган.

Чиндан ҳам бугунги кунда Ўзбекистон ва ўзбек номини жаҳонда Маҳмуд акадек тараннум эта олган юртимиз ижодкорлари саноқли бўлса керак. Унинг асарларида оддий халқ дарди, қувончи ҳамда ташвиш ва муаммолари бор. Ўйлаймизки, Маҳмуд Эшонқуловни истиқболда ҳали яна кўплаб мукофотлар ­кутмоқда.

Шавкат МУЗАФФАР,

Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси