Анжуманда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У. Сабиров таъкидланганидек, кейинги йилларда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида энг илғор диагностика ва даволаш усуллари йўлга қўйилди.

Роппа-роса 90 йиллик фаолият тажрибасига эга муассасада йилига 3 000га яқин эндопротезлаш, 3 500 дан зиёд артроскопик операциялар ўтказиляпти. Бундан ташқари, умуртқа жарроҳлиги, шу жумладан, транспедикуляр стабилизация, вертебропластика сингари мураккаб муолажа турлари амалиётга татбиқ этилди.

Суяк синишларини даволашда блокловчи остеосинтез деб аталувчи замонавий операция усулидан фойдалана бошланди.

Шунингдек, марказ «аср касаллиги» деб тан олинган остеопороз хасталигини ўрганиш ва даволаш бўйича мамлакатимиздаги етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Бу ерда рентгеноденситометрия, допплерография, компьютер подометрияси сингари замонавий ташхислаш усуллари амалда. Қолаверса, бу сингари юқори технологик амалиётлар марказнинг ҳудудий филиалларида ҳам ўзлаштирилмоқда. Эндиликда мураккаб амалиётларни туманлар даражасига тушириш чоралари кўриляпти.

Муҳими, бундай саъй-ҳаракатлар натижасида юртдошларимизнинг таянч-ҳаракат тизими хасталиклари муолажаси учун хорижий мамлакатларга боришига ҳожат қолмади. Съездда ана шу ютуқлар нафақат юртимиз вакиллари, балки хорижлик қатнашчилар томонидан ҳам эътироф этилди.

Кун тартибидан таянч-ҳаракат аъзолари жароҳатлари ва касалликларининг олдини олиш, ташхислаш ҳамда даволаш, остеосинтез муолажасининг энг янги усуллари, йирик бўғимлар артроскопияси ва эндопротезлаш операциялари, умуртқа жарроҳлиги, болалар травматологияси ва ортопедияси масалалари ҳамда остеопороз муаммоларига бағишланган қатор маърузалар ўрин олган.

Анжуман доирасида болаларда туғма маймоқликни Понсети усулида даволаш мавзусида симпозиум ва сколиоз касаллигини янги жарроҳлик технологиялари орқали муолажа қилишга бағишланган маҳорат дарси ўтказилиши белгиланган.

Бинобарин, травматология ва ортопедия йўналишида қўлланиладиган замонавий дори воситалари ҳамда тиббий қурилмаларни ишлаб чиқарувчи нуфузли компаниялар маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Съезд ўз ишини давом эттиради.