Тадбирда Ўзбекистон томонидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти проректорлари Абдулҳаким Салоҳиддинов ва Тоҳир Султонов, шунингдек, Гидрометеорология хизмати маркази ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори Файзулло Аъзамов иштирок этди.
Ялпи муҳокамалар доирасида Ўзбекистон делегациясининг Марказий Осиёда ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгариши ва сув-энергетика жабҳаси билан боғлиқ мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш бўйича Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари, Орол денгизининг экологик ҳалокати тўғрисидаги маърузалари ва тақдимотлари тингланди. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисида»ги ва «Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюциялар қабул қилингани алоҳида қайд этилди. «Яшил Марказий Осиё» ташаббусини амалий жиҳатдан ҳаётга тадбиқ этишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон томони Германия билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлиги билдирилди.
Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси доирасида юқоридаги соҳаларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ахборот, илмий ғоялар ва ишланмалар алмашиш учун «Сув хавфсизлиги платформаси бўйича Тошкент маърузалари» платформасини фаол қўллаб-қуватлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ушбу лойиҳани немис ҳамкорлар билан ўзаро тажриба алмашиш учун минтақавий платформага айлантириш мақсадида унинг 6-сессиясини Тошкентда ташкил этишдан манфаатдорлик билдирилди.
GFZ халқаро алоқалар кенгаши аъзоси Людвиг Штройнк «Дунё» АА учун берган интервьюсида ушбу тадбирдан кўзланган мақсад GFZ ва Германиядаги бошқа илмий марказлар, ихтисослаштирилган ташкилотлар ҳамда Марказий Осиёдаги илмий-тадқиқот институтлари ва муассасалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат эканлигини таъкидлади.
«Ушбу ҳамкорликнинг асосий йўналиши иқлим тадқиқотларига қаратилган, деди Людвиг Штройнк. Иқлим ўзгариши Марказий Осиё ва хусусан Ўзбекистоннинг сув ресурсларини камайтираётганидан хабардормиз. Бугунги тақдимотларда тоғларда кузатилган музликларнинг кескин эриши, бу эса, ўз навбатида, сув ресурслари ҳажмига бевосита таъсир кўрсатиши қайд этилди».
Ўзбекистон делегацияси Германияга сафари доирасида Германиянинг илмий-тадқиқот ва атроф муҳитини муҳофаза қилиш ташкилотлари билан қатор учрашувлар ҳам ўтказилди.
Бўлиб ўтган музокаралар натижасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти иштирокида бюджети 270 минг еврога тенг бўлган «Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсири: қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларига таъсири», шунингдек, Германиянинг аграр ландшафт ва ердан фойдаланиш тадқиқот маркази (ZALF) билан ҳамкорликда амалга ошириладиган, бюджети 280 минг евро бўлган «Сув, энергетика ва озиқ-овқат тармоқларини барқарор ривожлантириш» лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича келишувларга эришилди.