Айниқса, охирги йилларда жаҳон майдонидаги нуфузли FAANG (Facebook, Amazon, Apple, Netflix, Google) компанияларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик дастурчи ёшлар сони кўпайишда давом этаётгани қувонарли. Ана шундай ватандошларимиздан бири Қудратилло Исматов шу йилнинг март ойида машҳур “Amazon” компаниясининг Берлиндаги офисида муҳандис-дастурчи сифатида иш бошлади.
Қудратилло билан боғланиб, у ҳақда мақола тайёрлаш истагимизни билдирдик, аммо 27 ёшли ҳамюртимиз аввал компанияда бироз ишлаб, муҳит билан яқиндан танишгач, кейин батафсилроқ суҳбатлашгани маъқул бўлишини айтди. Орадан бир неча ой ўтиб, ўзбек йигити биз билан нуфузли компания ходими сифатида суҳбатлашар экан, аввало, бугунга қадар босиб ўтган йўли, дастурчи сифатидаги илк қадамларини эслади. Чунки 2014—2018 йилларда Тошкентдаги ИНҲА университетининг бакалавр босқичида таҳсил олгач, 2023 йилга қадар “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясида фаолият юритган Қудратиллонинг “Амазон”га бориб қолиши тасодиф эмасди.
Энг муваффақиятли лойиҳам...
— Андижонда туғилиб ўсганман, — дейди ёш дастурчи суҳбат аввалида. — Болалигимдан замонавий қурилмаларга қизиққанман. Уйимизда компьютер бўларди. Бузилиб қолса, одатда ўзим тузатардим, турли дастурлар ўрнатишни билиб олгандим. Бу дастурлар қаердан келиши менга доим қизиқ туюларди. Академик лицейга ўқишга кирганимдан кейин биздан катта курсда таҳсил оладиган олимпиада қатнашчиси Ибодатой опа информатика фанидан дарс ўта бошлади. Айнан шу вақтдан бу йўналишга иштиёқим янада ошди.
Университетга ўқишга кирганимдан кейин бу борадаги ҳаракат ва мақсадларим янада аниқлашди. Жараёнга жиддий киришдим. Биринчи босқичда таҳсил олаётганимда бизга C++ тили ўргатилди. Бу дастурлаш тили бўлиб, кўп олийгоҳларда ўқитилади. Мен уни шунчаки ўрганмасдан, балки ўзимнинг илк дастуримни яратишга эришдим. Бу ҳаммамизга яхши таниш бўлган “Snake” ўйини эди. Ўйин компьютерга мослашган бўлиб, “Windows command line” тизимида ишларди. Бироқ тетрисдаги сингари менюси, ўйин жараёнини сақлаш функцияларига эга.
Шундан кейин бирин-кетин турли дастурлар ярата бошладим. Бугунга қадар Android, iOS ва бошқа иловалар учун “backend”лар ёзганман. Гап шундаки, дастурлашнинг “frontend” ва “backend” қисмлари бўлади. “Frontend” фойдаланувчига кўриниб турадиган қисм бўлиб, унга веб сайт, Android ёки IOS иловаларини мисол келтириш мумкин. “Backend” эса фойдаланувчига кўринмайдиган қисмдир. Уни сервер, ўзбекча айтганда, дастурий таъминот деб ҳам аташади. Мажозий маънода “frontend”ни дарахтнинг ер юзасидаги қисми деб олсак, “backend” унинг илдизларидир.
Дастур яратиш ҳам стартап лойиҳанинг бир тури. Аниқроғи, бу лойиҳа ҳам ишлаб чиқариш жараёнидан то амалиётга жорий этишгача бўлган босқичларни ўз ичига олади. Дастурий таъминотнинг ўзи эса компьютерда муайян вазифани бажариш учун ишлаб чиқилган восита. Яъни, дастурий таъминот деганда ҳисоблаш техникаси воситалари билан маълумотларни қайта ишлаш тизимини яратиш ва улардан фойдаланиш учун қўлланиладиган дастурий ва ҳужжатли воситалар йиғиндиси тушунилади.
Шундай қилиб, мен яратган “backend”лар орасида турли йўналишдагилар, хусусан, “chat”, “vegan” рецепт иловалари ҳам бор эди. Лекин энг муваффақиятли лойиҳаларимдан бири “MyUztelecom” иловаси учун ёзган серверим бўлган. Ҳозиргача ундан ойига “Ўзбектелеком”нинг миллионга яқин мижози фойдаланади. Илова орқали фойдаланувчилар таърифларини алмаштириши, пакет ва хизматларга уланиши ёки ўчириши мумкин.
Маҳаллий компания дастурчилигидан “Амазон”гача
Ўз ишини яхши биладиган, тажрибали кадр дарҳол кўзга ташланади. Қудратилло ҳам “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясида ишлаш давомида катта лойиҳалари билан эътиборга тушди. Ҳатто “LinkedIn” онлайн хизматлар платформаси орқали унга йирик хориж компанияларидан таклифлар кела бошлади. Улар орасида “Bolt”, “EPAM” сингари машҳур компаниялар ҳам бор эди. Ёш дастурчи эса масофавий ҳамкорликларга қарши бўлмаса-да, хорижга кетиб ишлашни унчалик истамасди. Аммо “Amazon”дан олган таклифи унинг фикрини ўзгартирди.
— Дастурчилик доимий ўқиб-ўрганиш, изланишни талаб қилади. Муваффақиятга эришиш учун тажриба катта аҳамиятга эга, — дейди Қудратилло. — Айниқса, дунёда бу соҳа жадал ривожланиб, ҳатто давлатлар ўзларининг рақамли технологиялар борасидаги имкониятлари орқали етакчига айланаётган даврда жаҳон тажрибасини ўрганиб бориш ўта муҳим. Чунки яхши дастурчи бўлиш учун ўрганишнинг ўзи камлик қилади, уни иш жараёнида такомиллаштириб бориш, катта майдонда қўллаш лозим. Кучли дастурчилар тажрибасини кўпроқ ўрганиш керак. Мен ҳам жаҳонга машҳур компанияда ишлаб, тажриба ошириш имкониятини қўлдан бой беришни истамадим ва “Amazon” томонидан берилган таклифни қабул қилдим.
Бу ерда жуда катта жамоа — 1,5 миллиондан ортиқ киши ишлайди. Тасаввур қиляпсизми, улар орасида қанчадан-қанча тажрибали муҳандислар бор. Улар йиллар давомида тўпланган, сараланган. Боиси, компания кеча пайдо бўлиб қолмаган. Унга 1994 йилда Жефф Безос асос солган бўлса, ўшанда у иш фаолиятини онлайн китоб сотиш платформаси сифатида бошлаган эди. Аста-секин бошқа товарлар сотуви ҳам йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб эса “Amazon” дунёдаги энг катта онлайн бозорлардан бири.
Компания 2002 йилдан “Amazon Web Services” хизматини йўлга қўйди. Бу мижозларнинг ўз интернет хизматларини “Amazon” серверларига жойлаш имкониятини яратди. Мен ҳозир компаниянинг ана шу тизимида ишлайман. Яъни, жамоамиз “Amazon EBS” (хотира) тизимининг юз минглаб серверлари янгиланиш тизимини ишлаб чиқади. Биз серверларга янгиланишларни узлуксиз, тўла автоматлаштирилган ҳолда етказиб беришга масъулмиз. Мазкур AWS хизматлардан “LinkedIn”, “Facebook”, “Adobe” сингари кўплаб машҳур компаниялар фойдаланади. Жамоамизда тажрибали дастурчи-муҳандислар жамланган. Улар турли миллатга мансуб ва улардан мен кўп нарсани ўрганаман.
Катта тажриба майдони
Катта компанияда ишлаш завқли, албатта. Қудратиллонинг бу муваффақиятидан ота-онаси, яқинлари ҳам жуда қувонди. Уни дуолар билан кузатишди. Бир қарашда ҳаммаси оддийдек. Аммо қаҳрамонимиз таклифнинг ўзи биланоқ катта жамоага қабул қилинмади. Аввалига бир неча босқичли синовлардан ўтди. Шундан сўнг компания у билан 4 йиллик шартнома имзолади. Аммо бу шу вақт давомида унинг иши кафолатланганини англатмайди. Ёш дастурчи иш давомида ҳам синовда бўлади. Қолаверса, Германияга ҳам илк бориши. Янги шароитга мослашиб кетиш учун вақт керак. Лекин оиласининг ёнида экани ва ўз ишини севиши унга куч берди.
— “Amazon”нинг таклифини қабул қилганимдан сўнг аввал онлайн синовдан ўтдим, — дейди у. — Алгоритмга доир масалалар, ишга боғлиқ техник ва ахлоқий тестлар берилди. Шундан кейин 3 ҳафтадан сўнг тўғридан-тўғри ўтказиладиган охирги имтиҳонга тайёргарлик кўра бошладим. Вақт жуда оз эди. Шу вақт ичида FAANG (Facebook, Amazon, Apple, Netflix, Google) компаниялари интервьюлари қандай бўлишини ўзим учун кашф қилдим. Уларда нафақат техник, балки тажрибадан келиб чиқиб жавоб бериладиган ахлоққа доир саволлар ҳам бўлар экан.
Охирги имтиҳон 4 та суҳбатдан иборат бўлди. Ҳар бири бир соатдан давом этиб, орада 15 дақиқали танаффус берилади. Тушлик учун 45 дақиқа вақт ҳам ажратилади. Шу тариқа деярли бир кунингиз интервью топшириш билан ўтади. Суҳбатлар давомида мени “Amazon”да ишлайдиган дастурчи-муҳандислар имтиҳон қилишди. Охирги имтиҳон натижалари 7—10 кунда айтилгач, жамоа танлаш жараёни бошланди. Шундай қилиб, компания аъзосига айландим.
Бу ерда иш тартиби бошқачароқ. Масалан, биринчи 6 ойда ишдан бўшамоқчи бўлсам, 2 ҳафта олдин огоҳлантиришим шарт. Биринчи 6 ойдан кейин эса огоҳлантириш муддати 3 ой бўлади. Компания ходимни бўшатмоқчи бўлса ҳам худди шу талабга риоя қилади. Умуман, компаниянинг 16 та қатъий ахлоқ принципи бор. Ходимлар бу принципларни билиши ва уларга риоя қилиши жуда муҳим. Чунки барча муаммолар ана шу принциплар доирасида ҳал этилади. Имтиҳонлар чоғида ушбу ахлоқий принципларга урғу берилгани боиси ҳам шунда.
Компанияда 5 иш куни белгиланган. Шундан 3 кун офисда бўлсам, 2 кун онлайн ишлайман. Нафақат компанияда, балки Германияда ҳам янги таассуротлар оляпман. Балки бу ушбу диёрга илк бор келганим билан боғлиқдир. Ҳар ҳолда, эътиборимни тортаётган жиҳатлар талайгина. Масалан, Германияда дарахтлар кўплиги ва уларнинг ҳаммасига рақам ёпиштирилганини олайлик. Бу ерда ўсимликларга эътибор катталиги шундоқ сезилади. Дарахтларга рақам ёпиштиришдан мақсад ҳам уларни ўз вақтида назорат қилиш, ҳар бирини текшириб, парваришлашдан иборат. Кесилган дарахт ўрнига, албатта, янгиси экилади.
Шаҳар ичида яшил парклар кўп. У ерда одамларнинг дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Уйингиз ёнидаги боққа чиқиб, таом пиширишингиз, турли спорт ўйинлари ўйнашингиз, майсалар устида тамадди қилишингиз мумкин. Фақат табиатга зарар етказмаслик шарти билан, бу немисларнинг шахсий қоидасига айланиб улгурган. Мен ҳам ушбу қоидага амал қилган ҳолда оилам билан тез-тез яшил паркларда сайр қилишни хуш кўраман.
Метрога кираверишда тўсиқлар ва чиптани текширадиган назоратчилар йўқ. Чиптани метро бекатларидаги автомат машина ёки илова орқали сотиб олиш мумкин. Камдан-кам ҳолларда эса назоратчи ходим чипта текшириб юради. Агар чиптангиз йўқ бўлса, жарима тўлайсиз.
Германияда велосипедлар учун ҳам светофорлар ўрнатилган. Чунки бу ерда кўпчилик оддий ва электрон велосипедлардан транспорт воситаси сифатида фойдаланади. Шаҳарда чанг кам экани ҳам эътиборимни тортди. Бу ерда пойабзал тез чанг бўлмайди.
Умуман, ана шундай керакли тажрибаларни ўрганиш учун ҳам хорижда ишлаш фойдали, деб биламан. Мендан кўпинча маошим ҳақида сўрашади. Очиғи, буни айтиш бироз ноқулай, аммо яхшигина ҳақ тўланиши рост. Лекин бу ердан олинадиган тажриба жуда муҳим.
Ана шундай катта компанияларда ўзбекистонлик ёшлар кўп бўлишини истардим. Чунки бизда бу борадаги салоҳият ошиб боряпти. Юртимизда рақамлаштириш жараёнлари жадаллашиб бориши билан шу соҳа кадрларига талаб ортиб бораётганини кузатяпмиз. Замонавий касбларда яхши мутахассис бўлиш учун эса, юқорида айтганимдек, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, билимларни бойитиб бориш ва, албатта, тажриба ошириш зарур.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири