Янги Ўзбекистоннинг «2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси»нинг лойиҳаси бугунги кунда умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Жаҳон майдонида муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, обод ва фаровон мамлакатга айлантиришни мақсад қилган мазкур тарихий ҳужжат лойиҳаси бўйича фикр билдириш барчамиз учун шарафлидир.
Етти йўналишдан иборат этиб белгиланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланган. Тараққиёт стратегияси «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида ишлаб чиқилган.
Ушбу ҳужжатларни диққат билан ўқиб, Ҳаракатлар стратегияси билан солиштириб, режалаштирилаётган ислоҳотлар учун мутлақо янги ёндашув қўлланилганлигига амин бўламиз. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадга эришиш назарда тутилган.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасидаги – тўртинчи устувор йўналишда назарда тутилган қатор режалар бугунги кунда олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни давом эттиради. Лойиҳанинг 46-51-мақсадларини ўз ичига олган олий таълимга қамров даражасини амалдаги 28 фоиздан 50 фоизга етказиш ҳамда, давлат-хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш, 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва THE халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш, 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага, жами олий таълим муассасалари сонини 200 тага етказиш, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш, иқтисодиётга инновацияларни кенг жорий қилиш, саноат корхоналари ва илм-фан муассасаларининг кооперация алоқаларини ривожлантириш борасидаги мақсадлар олий таълимни янада юқори чўққиларга кўтаради. Айнан шу мақсадлар рўёби сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни-кеча қабул қилинган «Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида»ги 60-сонли ва «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 61-сонли қарорлари асосида республикадаги 35 та олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий бошқарув ҳамда молиявий мустақиллик берилди.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, — «инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз».
Бундай улуғвор мақсадларни амалга оширишда барчамиздан куч ва имкониятларни бирлаштириш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш талаб қилади. Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси» - инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Ш.Й.Пулатов,
ТДТУ Қўқон филиали директори.