Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда “Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги” ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Анжуманда стратегиянинг мазмун-моҳияти, жамоатчилик муҳокамаси натижалари, киритилган ўзгартишлар, самарадорлик кўрсаткичлари (KPI), молиялаштириш манбалари ва назорат механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбир якунида журналистлар саволларига жавоб берилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси 2025 йил 30 декабрдан 2026 йил 28 январгача www.uzbekistan2030.uz ва www.regulation.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Бир ой мобайнида жами 3 564 та таклиф ва фикр келиб тушди. Шундан:
- 2 153 таси — асосли таклифлар;
- 751 таси — такроран юборилган;
- 340 таси — қўллаб-қувватлаш мазмунидаги фикрлар;
- 320 таси — танқид ва эътирозлар.
Таклифлар устувор йўналишлар кесимида қуйидагича тақсимланди:
I. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароит яратиш — 1 427 та
II. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш — 444 та
III. Сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш — 159 та
IV. Қонун устуворлигини таъминлаш ва халқчил давлат бошқарувини ташкил этиш — 384 та
V. Хавфсиз ва тинчликсевар давлат тамойили — 176 та
Жамоатчилик фикрини чуқур ўрганиш мақсадида:
- Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигида 138 та муҳокама йиғилиши ўтказилди;
- таклиф йўллаган фуқаролар билан 3 та очиқ мулоқот ташкил этилди;
- 70 нафардан ортиқ халқаро эксперт иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди ва халқаро маслаҳатчилар ҳам иштирок этди.
Стратегия лойиҳасининг тарғиботи кенг ахборот майдонида олиб борилди.
МТРК тизимида:
- 122 та кўрсатув,
- 521 та репортаж ва хабар,
- бир ой давомида 1 098 марта видеоролик эфирга узатилди.
Интернет ва ижтимоий тармоқларда:
- 312 та сайтда 970 та материал,
- 11 600 дан ортиқ пост,
- 2 841 та изоҳ,
- 3 093 та канал ва блогларда муҳокамалар эълон қилинди.
Жами кўришлар сони — 20 миллион марта.
Чет элларда 20 та ҳамкор мамлакатдаги 105 та веб-сайтда 172 та материал чоп этилди.
Тақдимотида “Тараққиёт стратегияси” раҳбари янгиланган ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталди.
— Янгиланган стратегия декларатив ҳужжат эмас. Унда 100 та аниқ мақсад ва 437 та ўлчанадиган KPI белгиланган. Ҳар бир кўрсаткич бўйича масъул давлат органи, ижро муддати ва молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган.
Унинг сўзларига кўра, аввалги таҳрирда мавжуд 444 та KPI қайта кўриб чиқилди. Самара бермаган ёки такрорий кўрсаткичлар чиқариб ташланди, янги шароитдан келиб чиққан ҳолда 241 та янги кўрсаткич киритилди.
— Энди ҳар бир мақсад фоиз, улуш, ҳажм, индекс ёки аниқ рақам орқали ифодаланади. Бу ижрони баҳолаш ва мониторинг қилиш имконини беради, — деди агентлик раҳбари.
У, шунингдек, стратегия ижросини таъминлаш учун кучайтирилган назорат механизми жорий этилганини таъкидлади.
— Республика комиссияси тузилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳар ой ижрони кўриб чиқади. Ҳар чоракда Ҳукумат мажлисида танқидий муҳокама ўтказилади. Ярим йиллик ҳисобот Президентга киритилади, — деди у.
2026 йил 16 февраль куни Шавкат Мирзиёев томонидан стратегияни тасдиқловчи фармон имзолангани алоҳида қайд этилди.
Фармонга мувофиқ:
- Республика комиссияси тузилди;
- Вазирлар Маҳкамаси ҳар ой назорат олиб боради;
- ҳар чоракда Ҳукумат мажлисида муҳокама қилинади;
- Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси норматив назоратни амалга оширади;
- ярим йиллик ҳисобот Президент ва парламентга киритилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси жамоатчилик иштирокида шакллантирилди. 3 564 та таклиф асосида такомиллаштирилди, 437 та аниқ KPI билан мустаҳкамланди, 54 та давлат органи масъул этиб белгиланди.
Ҳар бир кўрсаткич фоиз, улуш, даража, ҳажм, нисбат, балл ва индекслар орқали ифодаланади.
Самарадорлик кўрсаткичларига масъул этиб 54 та давлат органи белгиланди. Ҳар бир KPI бўйича молиялаштириш манбалари — давлат бюджети, ижрочилар маблағлари, халқаро молиявий институтлар, хусусий сектор, грант ва ҳомийлик маблағлари — аниқ кўрсатилган.
Анжуманда Адлия вазири Акбар Тошқулов стратегя доирасидаги бир қанча муҳим масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди.
— 2017 йилда мамлакатимизда “ягона дарча” тамойили асосида атиги 37 та давлат хизмати кўрсатилар эди. Бугунги кунда уларнинг сони 540 тага етди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эса 700 дан ортиқ хизматлар тақдим этилмоқда. Бу — давлат бошқарувида мутлақо янги босқич.
Вазирнинг қайд этишича, ўтган давр мобайнида аҳоли ва тадбиркорларга жами 55 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган. Уларнинг 80 фоизи онлайн шаклда амалга оширилган.
— Илгари айрим хизматлар учун фуқаролар бир нечта идораларга боришига тўғри келарди. Ҳужжат йиғиш, маълумотнома олиш, тасдиқлаш жараёнлари ҳафталаб вақт оларди. Бугун эса кўплаб хизматлар бир неча дақиқада амалга оширилмоқда. Айрим хизматларнинг кўрсатиш муддати 4 дақиқагача қисқарди, — деди Адлия вазири.
Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга қадар давлат хизматларининг камида 90 фоизи тўлиқ рақамли форматга ўтказилади. 400 дан ортиқ хизмат проактив шаклда — фуқаронинг мурожаатисиз автоматик тарзда тақдим этилади.
— Масалан, бола туғилганда 15 га яқин давлат хизмати автоматик равишда расмийлаштирилмоқда. Йил якунига қадар туғилишни инсон омилисисиз, тўлиқ рақамли қайд этиш тизими жорий этилади. Бу орқали ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия бартараф этилади, — деди вазир.
Адлия вазири, шунингдек, стратегия доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни соддалаштириш, ортиқча талаб ва чекловларни қисқартириш, тадбиркорлик фаолиятига маъмурий аралашувни камайтириш асосий устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаёров ўз чиқишида соҳадаги стратегик мақсадларга алоҳида тўхталди.
— “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 9 та стратегик мақсад ва 33 та аниқ самарадорлик кўрсаткичи белгиланган. Энди эътибор фақат даволашга эмас, балки касалликларнинг олдини олишга қаратилади, — деди вазир.
Унинг таъкидлашича, бирламчи тиббий ёрдам тизими тубдан қайта ташкил этилмоқда.
— Бугун 15 та пилот туманда оилавий шифокор тизими жорий этилди. Бу тизимда шифокор аҳоли билан доимий ишлайди, профилактик кўрикларни мунтазам ўтказади, касалликларни эрта босқичда аниқлайди. 2026 йил якунига қадар Самарқанд вилояти тўлиқ ушбу тизимга ўтказилади, 2027 йилдан бошлаб республика бўйича жорий этилади, — деди вазир.
Вазирнинг айтишича, қандли диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг дастурлари кенгайтирилади.
— Тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш даражаси 100 фоизга етказилади. 2026 йил якунига қадар ягона рақамли тиббий платформа ишга туширилади. Бу орқали беморнинг тиббий тарихи, ташхис ва даволаш жараёни электрон шаклда юритилади, — деди соғлиқни сақлаш вазири.
Шунингдек, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тез тиббий ёрдам хизматининг тезкорлигини ошириш, замонавий диагностика ускуналари билан таъминлаш каби вазифалар стратегиянинг муҳим йўналишлари экани қайд этилди.
Олий таълим соҳасида:
- қамров даражаси 50 фоизга етказилади (ҳозир 43%);
- 2 та топ-100 университет филиали очилади;
- 10 та ОТМ халқаро рейтингларда топ-1000 таликка киритилади;
- 200 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилади;
- илм-фанга ажратиладиган маблағ ЯИМга нисбатан 1 фоизга етказилади.
Янгиланган стратегияда айрим кўрсаткичлар сезиларли оширилди:
- саноатда қўшилган қиймат — 60 млрд доллар;
- қайта тикланувчи энергия улуши — 54 фоиз (аввал 40%);
- авиапаркдаги ҳаво кемалари — 180 та (аввал 100 та);
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш — 27 фоиз;
- хорижий туристлар — 20 млн нафар;
- туризм хизматлари экспорти — 6 млрд доллар.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари стратегия ижроси, назорат механизми ва айрим соҳалардаги муаммолар юзасидан саволлар берди.
Ҳукумат даражасида махсус комиссия тузилган, вазирлик ва идоралар ўз йўналиши бўйича парламент олдида ҳисобот беради.
Ҳудудларда стратегия ижроси муҳокамаси доимий равишда ташкил этилади.
Матбуот анжумани якунида журналистлар томонидан стратегия ижроси, назорат механизми ва айрим соҳалардаги муаммолар юзасидан саволлар берди.
Эндиликда электрон платформалар орқали барча ижро жараёнлари мониторинг қилинади ва тегишли маълумотлар таҳлил қилинади.
Асосий тамойил — очиқлик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш.Шу жиҳатдан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини халқ иштирокида қабул қилинган, натижага йўналтирилган ва қатъий назорат механизмига эга миллий тараққиёт дастури, деб аташ мумкин.
Зулхумор Акбарова